13.03.2018. Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси ҳамкорлигида “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини олиб боришда бошланғич касаба уюшма қўмиталари ҳамда вакиллар ишини самарали ташкил этиш” мавзуига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.
Унда вилоят Бандлик бош бошқармаси, “Саноатгеоконтехназорат” минтақавий инспекцияси вакиллари, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасига аъзо корхона, ташкилот ва муассасаларнинг иш берувчилари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар, меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислар иштирок этдилар.
Ўқув-семинар дастурига асосан маърузачилар Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил тушунтиришлар беридилар. Шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, меҳнатда жароҳатланиш ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда олдини олиш борисидаги долзарб вазифалар тўғрисида алоҳида тўхталинди.
Мутахассислар семинар иштирокчиларига меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида бошланғич касаба уюшма қўмиталари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакилларнинг ваколатлари, вазифалари, маъмурий жамоатчилик назоратини олиб боришда (уч босқичли) назоратни ўтказиш тартиблари тўғрисида, шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича намунавий Низом”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича ходимларни ўқитиш ва билим савияларини текшириб кўриш тўғрисидаги Низом”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш бўйича намунавий Низом” бўйича тегишли тушунчалар бердилар.
Ўқув-семинар якунида корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси соҳасида мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўришда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилларнинг маъмурий-жамоатчилик назоратини кучайтириши юзасидан тавсиялар берилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати