[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.03.2018. Дунёдаги моддий ва маънавий бойликлар инсоннинг ақл-заковати билан яратилган. Шу боис, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ўзаги ҳисобланган меҳнат жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш жамият тараққиёти ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш мақсадида ҳар йил учун манзилли иш режалари қабул қилинаётир. Ўтган йил Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа қатор ташкилотлар билан ижтимоий шериклик самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма тадбирлар режаси тасдиқланди ва ижроси таъминланаяпти. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридан келиб чиқиб, ижтимоий соҳани ривож­лантириш бўйича тармоқ касаба уюшмаси томонидан иш берувчилар билан биргаликда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, амалдаги жамоа шартномаларига асосан кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларни қўллаб-қувватлаш, иш берувчи ва касаба уюшмаси томонидан ходимлар фарзандларини оромгоҳларда дам олдириш, олий ўқув юртларида ўқиётган талабалар учун шартнома пулларининг бир қисмини қоп­лаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланадиган товарлар харид қилиш, ёш ходимларнинг сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар ажратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Замонавий технология ва инновацион ғояларни жорий этиш орқали барқарор иш ўринлари ташкил этиш, соҳага тааллуқли олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларнинг иш жойида қўнимлилиги мониторинг қилинди, шунингдек, квоталанган иш жойларига қабул қилинган ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги ўрганиб борилди.
Сурхондарё, Жиззах, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги алоқа корхоналарида Республика кенгаши масъулларининг сайёр қабуллари ташкил этилди. Соғлом ижтимоий муҳитни яратиш, турли меҳнат низоларининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик қилиш, аёллар ва ёшлар меҳнатига оид қонун ҳужжатлари билан таништиришни кўзлаб малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда қатор корхоналарда очиқ мулоқот, давра суҳбати, видеоконференция ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилди.
Ҳисобот даврида 20 дан зиёд корхоналарда жамоа шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам берилди ҳамда улар сифатли экспертизадан ўтказилди. Шунинг­дек, жорий йилда янги муддатга қабул қилинган 15 та жамоа шартномаси меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни сайлаш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш ва самарали ишлаши учун шароит яратиш, фаолларни рағбатлантириш каби бандлар билан ­бойитилди.
Бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам тариқасида Республика кенгаши томонидан «Иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби» ҳамда «Якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича» ҳуқуқий қўлланмалар тайёрланди.
Шунингдек, ўтган йилда Республика кенгашига 146 та ёзма, электрон ва оғзаки мурожаат келиб тушди ва белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Ягона интерактив давлат хизматлари ва Федерация Кенгаши порталлари орқали Респуб­лика кенгашига тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларда меҳнат шартномасини бекор қилиш, иш жойлари қисқариши, бандлик ва меҳнат дафтарчаларини юритиш, ходимларга жамоа шартномаларида кўзда тутилган иш ҳақи тўлови ва нафақалар бўйича қўшимча имтиёзлар, меҳнат таътили ва моддий ёрдам бериш, соғлиққа етказилган зарар учун тўловларни ундириш, интизомий чораларни қўллаш каби масалалар акс этган.
Амалга оширилган ишлар қатори, фаолиятда камчиликлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, соҳада фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари ва нодавлат корхоналар ходимларини касаба уюшмасига жалб этишда Рес­публика кенгаши ва унинг ҳудудий вакиллари фаолияти талаб даражасида эмас.
Ходимларга муносиб иш ҳақи тўлаш ва замонавий шароитлар яратиш, шунинг­дек, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш ­бўйича қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чораларнинг тўлиқ амалга оширилишига кўмаклашиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимларнинг жамоа шартнома ва келишувлари орқали қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш борасида жамоатчилик назорати етарли даражада эмаслигини қайд этишга мажбурмиз.
Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғоянинг собитқадамлик билан амалга оширилаётгани юртдошларимиз ишончини тобора мус­таҳкамламоқда. Виртуал ва Халқ қабулхоналари фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос халқчил ва демократик кўриниши сифатида амалда ўзини оқлаяпти. Бу эса мавжуд муаммоларни бартараф этишда яхши имкониятдир.
Хулоса қилиб айтганда, касаба уюшма ташкилотлари ходимлар манфаатларини давлат идоралари ва иш берувчилар билан ижтимоий шерик­лик асосида, умуммиллий даражадаги мулоқотлар орқали ҳимоя қилиб келмоқда.

Абдувоҳид АҲМЕДОВ,
Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юристконсульти