[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.03.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий 2018 йилда ҳам тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, касаба уюшма мутасаддилари республикамизнинг барча ҳудудларида хонадонма-хонадон юриб, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганиш асносида мазкур Қарорда белгиланган уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни аниқладилар. Аҳоли билан юзма юз мулоқотлар ва оилалар холидан хабар олиш жараёнида эҳтиёжманд оилаларга ўтган 2017 йилда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида кўплаб эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитлари яхшиланиб, бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан ўзларини таклаб олганлари аён бўлди. Натижада, бир қатор ижтимоий ҳимояталаб оилалар кам таъминланганлик даражасидан чиқиб, кўрсатилган амалий ёрдамлар орқали оилавий тадбиркорлик, касаначилик, кредитлар эвазига ўз бизнесини йўлга қўйиш, шахсий томорқа хўжаликларини юритиш ва улардан самарали фойда кўриш орқали ижтимоий-иқтисодий аҳволлари яхшилангани барчани қувонтирди.

Касаба уюшма фаоллари жорий йил бошида оилаларга ташриф буюриб, улар билан ўтказилган суҳбатлар ҳамда ижтимоий-маиший шароитларни ўрганишлар давомида Президентимиз қарорлари асосида эҳтиёжманд оилаларга кўрсатиладиган амалий ёрдамларнинг манзилли бўлишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Яъни, мулоқотлар давомида ҳақиқатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз яшаётган  ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган оналар аниқланиб, бугунги кунда уларга хонадонларини таъмирлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, уй юмушларини енгиллатувчи маиший техника воситалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишлар Тошкент шаҳрида ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари уйма-уй юриб, пойтахтимиз туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олдилар ҳамда уларнинг турмуш шароити, иқтисодий-ижтимоий аҳволини ўрганиб чиқдилар. Натижада оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, турмуш фаровонлини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш зарурки, 2017 йил давомида Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли Қарори ижроси доирасида Тошкент шаҳридаги 1221 та кам таъминланган оила 630 млн. 637 минг сўмлик маиший-техника жиҳозлари билан таъминланган эди. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 66 нафар инсонга 264 млн. сўмлик дори-дармон воситалари олиб берилиб, тиббий амалиётлар учун харажатлар қопланди. Эҳтиёжманд оилаларнинг уйларини  таъмирлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. (Амалий ёрдам олган кам таъминланган оилалар хонадонларидан тасвирлар, яъни уй-жойи таъмирлангани,  маиший техника билан таъминлангани тўғрисидаги тасвирлар, мазкур оилалар вакилларидан интервюлар берилади).

Ана шундай беғараз ёрдамдан баҳраманд бўлган оилалардан бири пойтахтимизнинг Юнусобод тумани, Матонат МФЙ, Марказ-5, 80-уй, 29-хонадонда яшовчи Ўғилой Ғиёсова оиласидир. Иқтисодий ночорлик туфайли Ўғилой опанинг уйи бир неча йиллардан бери таъмирталаб аҳволда эди. Мазкур хонадонга касаба уюшма мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни ўргангач опанинг уйи, хусусан, ошхона, айвон, болалар хонаси мукаммал таъмирланди. Оила аъзолари хонадонлари обод бўлганидан кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирмоқдалар.

Яна бир оила – Учтепа туманидаги Журжоний маҳалласи, Замахшарий 3-тор кўчасида истиқомат қилувчи Ботир Аҳмедов оиласи аъзоларининг ҳам бугун қувончлари чексиз. Мазкур оила ҳам маҳаладаги кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Ишчи гуруҳи вакиллари хонадонда мавжуд муаммоларни ўрганар экан, ушбу оиланинг ижтимоий-маиший аҳволини яхшилаш борасида амалий ёрдамга муҳтож эканликларини аниқладилар. Айни кунда Ботир Аҳмедов хонадонида ҳам катта кўламдаги таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар, кўрсатилган ёрдамлар натижасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кам таъминланган оилалар рўйхатидаги бир қатор оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали кам таъминланганлар рўйхатидан чиқарилди. Бу кўрсатгич мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилиш, даромадларини кўпайтириш орқали турмуш фаровонлигини ошириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар кўламининг нақадар  кенглигидан далолатдир.

Бугунги кунда Касаба уюшмалари Федерацияси Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли Қарори ижросини таъминлаш йўналишидаги хайрли ишларни кенг кўламда давом эттирмоқда. (Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Учтепа туманлари мисолида касаба уюшмалари вакилларининг уйма-уй юриб, оилалар холидан хабар олаётгани, улар билан суҳбатлашиш асносида мавжуд муаммолар ва эҳтиёжманд оилаларни аниқлаётганлари, хонадонлардаги суҳбатлар тасвирлари берилади). Хусусан, жорий йилда қарорда кўзда тутилган тадбирлар учун Тошкент шаҳри бўйича 1166 та оилага 13 млрд. 299 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Ушбу моддий ва маънавий қўллаб қуватлашлар натижасида уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва жуда эски уйларда яшовчи 60 та оилага амалий ёрдам кўрсатиш, пойтахтимизнинг ҳар бир туманидан уй-жойлари таъмирга муҳтож оилалардан 25 та, жами 275 та оиланинг уйини таъмирлаш, ҳар бир тумандан 70 тагача оилани, жами 770 та оилани кир ювиш машиналари, газ плиталари, электр печлар, тикув машиналари каби замонавий маиший-техника жиҳозлари билан таъминлаш, оғир касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббий хизматлар ҳақини тўлаш ва ҳар бир тумандан ўрта ҳисобда               6 нафаргача, жами 66 нафар кам таъминланган инсонга беғараз ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилади.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Президентимиз ташаббуслари билан ҳудудларда аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ёркин намунасидир. Мақсад эса аён – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, одамларнинг эртага эмас бугун яхши яшашини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш.

Бундай хайрли ва эзгу ишлар натижасида мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш масаласи олий қадрият даражасига кўтарилиб, меҳр-мурувват ва оқибат каби инсоний фазилатлар одамлар кўнглига нур олиб кирмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати