05.09.2018. Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг навбатдаги раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни бирлашма кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов олиб борди.
Ўтган даврдаги ишлар таҳлили жамоат ташкилотининг меҳнат, меҳнат муносабатларида мутаносибликка эришиш борасида самарали фаолият олиб борганлигини кўрсатди. Тизимнинг барча бўғинларида замонавий ахборот технологиялари, электрон воситалар орқали аҳолига тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш имконияти яратилмоқда. Бу эса кундалик ҳаётий ёки меҳнатга доир муаммоларни ўз вақтида ва ҳеч бир сансоларликсиз ўз жойида ҳал этиш имконини бераётир.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш асосий вазифага айлангани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жамоат ташкилоти корхона ва ташкилотлар, барча ижтимоий шериклар эътиборини шу муҳим масалага қаратгани туфайли ўтган даврда дастур ижроси доирасида 602 та корхонада 770 нафар ишламайдиган пенсионер ва собиқ ходимларга 72.4 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, тармоқ корхоналарига алоқадор эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 178 нафар фарзанди учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатлари қоплаб берилди.
Томонлар манфаати ва улар ўртасидаги меҳнат муносабатларига тўла кафил бўлиб келаётган жамоа шартномалари бандларини бажариш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари, хусусий мулк ҳамда қўшма корхоналарда ана шу амалиётнинг кенг қўлланилишига эришилди. Натижада жамоа шартномалари орқали нодавлат мулк шаклидаги 52 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 59 нафар ёш болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши жорий этилди.
Шунингдек, 31 та корхонада 37 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 48,1 млн. сўмлик ҳамда 44 та корхонада 46 нафар ёш ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 66,1 млн. сўмлик фоизсиз ссудалар ажратилди.
Давлат дастурининг мақсад ва моҳияти тарғиботи ижобий ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётир. 4238 та меҳнат жамоасида 519091 нафар ишчи-ходим иштирокида ўтказилган «Маънавият соатлари», давра суҳбатлари ва махсус маърузаларда айни шу жиҳатга эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббус касаба уюшмалари томонидан қўллаб-қувватланаётир. Бирлашма кенгаши қошида ташкил этилган «Касаба сайр» шўъба корхонаси «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида меҳнаткашларга юртимизнинг обод гўшалари билан танишиш имконини яратиб бермоқда. Ўтган олти ойда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 16 мингдан зиёд ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзоларининг Хоразм, Бухоро, Тошкент, Фарғона водийси вилоятлари ҳамда Шаҳрисабз, Нурота шаҳарларига саёҳатлари уюштирилгани ҳам бунинг исботидир.
Ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини спорт тадбирларига жалб қилиш орқали соғломлаштириш анъанага айланган бўлиб, «Соғлом оила» шиори остидаги оилавий спорт мусобақаларининг туман (шаҳар)лар босқичида 320 та оилавий жамоа қатнашди.
2018 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида вилоят бўйича жами 21 минг 130 нафар ўғил-қиз, шундан 23 та шаҳардан ташқари (стационар) оромгоҳда 9 минг 630 нафар, 55 та кундузги оромгоҳда 11 минг 500 нафар бола дам олдирилди.
Фаолиятни изчиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракат иш кўлами ва сифатига ижобий таъсир этиши тайин. Шу боис ҳам касаба уюшма вакиллари қатор халқаро касаба уюшмалари тажрибасини ўрганиб, улардаги афзал жиҳатларни амалиётга татбиқ этишга интилмоқда.