07.09.2018. Эл-юрт осойишталигини таъминлаш учун бел боғлаб, эгнига ҳарбий либос кийган ҳар бир эр йигит осуда ҳаёт учун, керак бўлса, ширин жонидан ҳам кечади. Зеро, уларнинг хизмат вазифаси тақозо этган ҳар қандай вазиятга тайёр эканлигига шубҳа йўқ.
Балиқчи туманининг Гулистон қишлоғидаги кўчаларнинг бири майор Ғайратбек Мўминов номи билан аталади. Бу Мудофаа вазирлиги тизимида фаолият кўрсатиб, хизмат бурчини адо этиш чоғида осойишталик учун жонини фидо қилган мард ўғлонга ҳамқишлоқларининг чексиз ҳурмати белгисидир. Уни катта-кичик давраларда доимо фахр билан эсга олишади.
Шаҳрихон туманининг Дўлан қишлоғида улғайиб, ички ишлар тизимига ишга кирган сержант Илҳомжон Турғунов ҳам ўзидан яхши хотиралар қолдириб кетди. Ёш бўлса-да, масъулиятлилиги ва зийраклиги билан ҳамкасбларига намуна, қўни-қўшни-ю маҳалла-кўй хизматига камарбаста йигитга ҳавасмандлар кўп эди. Эндигина 26 баҳорни қарши олган фарзандини уйлантириш тараддудида юрган онаизорнинг «Меҳнат таътилига чиққанингда, никоҳ тўйингни ўтказамиз», деган ширин орзулари армонга айланди…
Албатта, ҳар қандай дардга вақт малҳам. Эл-юрт, жамоатчилик Илҳомжонни ёдга олиб, оила аъзоларини йўқлаб келган кезларда у жисман йўқ бўлса-да, юракларда яшаётганлигидан таскин топади.
Хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ички ишлар органлари ходимларининг оилалари ҳолидан хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш касаба уюшмалари учун устувор вазифалардан биридир. Байрам арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Андижон вилоятида ҳам 38 нафар ана шундай баҳодир йигитнинг хонадонларида бўлдилар. Суҳбатларда мард ўғлонларнинг бугунги тинч-осойишта ҳаётимизда катта ҳиссаси борлиги тилга олинди. Оила аъзоларига манзилли моддий ёрдам ва совға-саломлар берилди.
Жасорат ҳеч қачон унутилмайди. Йўқлов тадбирлари эса уларнинг фарзандлари қалбида ғурур, фахр туйғуларини юксалтириб, ҳаётга бўлган қарашларини ўзгартириши шубҳасиз.