24.09.2018. Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш – меҳнат унумдорлиги гаровидир” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги йирик компаниялар, Акциядорлик жамиятлари ва корхоналар соҳа мутахассислари, касаба уюшмалари фаоллари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллариштирокида ташкил этилди.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг “Дунёни ўзгартириш: 2030 йилгача барқарор ривожлантириш соҳаси кун тартибида” дастурининг 8-сонли мақсади кун тартибининг асосий масалаларидан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига асосан ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Меҳнат қилиш учун эркин касб танлаш ва малакага эга бўлиб ишлаш, келажакда таржрибали мутахассис бўлиб етишиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу мақсадларда Республикамизда барча шарт-шароитлар, замонавий билим олиш ва тажриба орттириш муҳити шакллантирилган.
Семинарда халқаро тажрибага таяниб, БМТнинг маълумотларига кўра сайёрамизнинг 45% аҳолиси, 7 млрд.дан зиёд аҳолининг деярли 3 млрди жамиятни моддий ва иқтисодий қўллаб-қувватловчи дунёдаги иш кучини ташкил этиши қайд этилди.
Шунингдек, дунё бўйича меҳнатга қобилиятли аҳоли рейтинги бўйича биринчи ўринда Хитой (795 млн.дан ортиқ), иккинчи ўринда Ҳиндистон (500 млн.га яқин), учинчи ўринда Европа Иттифоқи (230 млн), Ўзбекистон эса 35 ўринда (18 млн.га яқин) эканлиги қайд этилган. Республикамизда иқтисодий фаол аҳоли 14,8 млн.ни ташкил этиб, улардан, саноатда–13,6%, қишлоқ хўжалигида–29,1 %, савдо соҳасида–10,6% ва қолганлари бошқа соҳаларни ташкил этиши таъкидланди.
Аҳолининг бандлигининг таъминланиши, уларга меҳнат шароитлари яратилиши, соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш давлат аҳамиятига молик бўлган муҳим вазифадир.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар аҳолига янги, экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланиб, муносиб меҳнат шароитлари яратган ҳолда экологик инқирозни бартараф этишга қаратилган “яшил иш ўринлари” барпо этиш ҳақида,иш жойида ходимлар руҳиятига таъсир этувчи омиллар, уни бошқариш усуллари, хавфни бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Офислар ва қабул соатлари қачонлардир муҳим маъно касб этиб, интернет ва шахсий компьютерлар пайдо бўлгунига қадар, қайсидир маълумотни олиш учун офисга бориш зарурати борлиги ҳамда бугунги кундаги иш ўрнидан узоқлаштирилган ҳолда меҳнат вазифаларини бажариш концепциясига асосан фаолият олиб бораётганривожланган давлатлар тажрибаси билан ўртоқлашилиб, йилига 80 миллион доллар тоза иқтисод (соф фойда) қилаётгани, АҚШдаги ташкилотлар 20 % ишчиларни иш жойларини узоқлаштирилган шаклга ўтказиш бизнес-режасига кўра, 75 минг квадрат мерт офис майдонларини қисқартиришга ва йилига 110 миллион доллар иқтисод қилишга эришишгани айтиб ўтилди.
Яшил иш ўринларинингиш билан боғлиқ жиҳатлари, офисни самарали режалаштириш, хонадаги табиий ёруғлик меҳнат унумдорлигини ошириши ва фаолиятдан қониқиш хиссини бериши, транспорт билан боғлиқ холатларни ишга боришда транспортнинг альтернативидан фойдаланганларга йўл хақини компенсация қилишдан бошлаб, текин велосипедлар ва пул мукофотлари беришни режалаштириш каби дунё тажрибаси кўрсатиб ўтилди.
“Яшил иқтисод” бўйича янгидан ҳосил бўладиган энергия, “яшил” иқтисодда иш ўринларининг ўсиши 3 маротаба тезроқ кетиши, 155 000 000 000 доллар инвестицияни дунё бўйича “яшил”энергетика (тоза технологиялар, қайта ҳосил қилинадиган энергетика, энергия самарадорлиги) қўлга киритаётгани таъкидланди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимлар руҳиятининг турли кўринишларини,уларнинг саломатлигига хавф солувчи унсурларни олдини олиш ва иш жараёнида соғлом муҳитни яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан меҳнат органлари ҳамда касаба уюшмалари иштирокида ишлаб чиқилаётган меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари, уларни такомиллаштиришга оид масалалар,Давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартишлар, пенсия тизимига оид концепциянинг мазмун-моҳияти, ногиронларга яратилаётган иш ўринлари, болалар ва аёллар меҳнатидан зарарли ва хавфли омиллар таъсиридаги шароитда фойдаланиш таъқиқланганлиги бўйича алоҳида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг долзарблиги касаба уюшмалари кўтарган мавзулардан бири бўлди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида касаба уюшмаларининг амалга ошираётган ишлари алоҳида қайд этилди.
Ижтимоийсоҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш каби масалаларда касаба уюшмалари тизимида мингдан зиёд ходимларнинг иш ўринларининг хавфсизлиги, коллеж битирувчиларига яратилган хавфсиз меҳнат шароитлари ўрганилгани ва иш берувчилар тегишли таклифлар киритилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар йили Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови ўтказилиши ва танлов ғолибларини тақдирлаш анъанага айлангани ходимларни рағбатлантириш йўлида қўйилган яна бир амалий қадамлардан бири ҳисобланади.
Семинарда сохани тартибга солувчи корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини ташкил этиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш, давлат экспертизаси ўтказиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш аудити тартиблари бўйича янги қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳақида тушунчалар берилди.
Шунингдек, корхоналарнинг иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг тажрибалари ўрганилиб, долзарб таклифлар билдирилди.
Баҳс-мунозараларга бой тарзда ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, иш ўринларнинг хавфсизлиги масалаларини таҳлил килиниб, мулоҳаза юритилиб, иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар намунали ташкил этилаётгани эътироф этилди.
Тадбир доирасида Республикамизнинг турли жабҳаларида фаолият юритиб келаётган давлат корхона ва ташкилотлари ўзларининг кўргазмали материаллари билан қатнашиб, мутахассисларнинг эътиборига сазовор бўлдилар.
Тадбирнинг назарий қисми амалий машғулотлар билан давом этиб, мутахассислар ижтимоий ҳамкорлик, ходимларга яратилган меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти билан танишиш мақсадида вилоятдаги “Урганчтрансгаз” шўъба корхонасига ташриф буюрдилар ҳамда Ўқув маркази билан ҳам тажриба алмашдилар.
Семинар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.