26.09.2018. Жорий йилдаги пахта-йиғим терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, терим пулларини ўз вақтида тарқатилиши, терим отрядлари ташкил қилишда амалдаги қонунчиликка риоя этилиши ва бошқа масалаларни ўрганиб чиқиш мақсадида касаба уюшмаси мутахассислари жойларда жамоатчилик назоратини олиб боришмоқда.
22 сентябрь куни касаба уюшмалари мутахассислари жамоатчилик назоратини олиб бориш мақсадида Сирдарё вилоятидаги пахта далаларида бўлишди.
Ҳусусан, Гулистон тумани “Уч қаҳрамон” ҚФЙда жойлашган далаларда Гулистон давлат университети ва “Миллий тикланиш” партияси ходимлари пахта тераётганлигининг гувоҳи бўлдик.
Теримчилар, отряд раҳбари ва фермерлар билан мулоқот натижасида Гулистон давлат университети техник ходимлари биринчи кун пахта теримига қатнашаётганлигини, шанба улар учун дам олиш куни эканлигини, уларни ҳеч ким пахта теримига мажбурламаганлигини, ўз ихтиёри билан қўшимча даромад олиш мақсадида теримга чиқишгани, имкони бўлса ҳар куни (фақат дам олиш кунлари эмас) пахта теримида қатнашишни хоҳлашларини баён қилишди. Шунингдек, теримчилар учун яратилган шароитлар яхшилиги, етарли калориядаги иссиқ овқат билан таъминлангани маълум бўлди.
30 нафар теримчилар ўртасида аноним сўровномалар ўтказилди. Сўровномалар натижалари бўйича барча теримчилар қўшимча даромад олиш мақсадида ўз истаги билан теримга чиққани ва ҳеч ким мажбурламаганлигини маълум қилишди.
Жамоатчилик назорати жараёнида теримчилар ва фермер ўртасида шартнома тузилмаганлиги ва бу бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаганлиги аниқланиб, фермерга ҳамда университет раҳбариятига тегишли тавсиялар берилди. Ўз ўрнида теримнинг биринчи куни эканлигини инобатга олган ҳолда, 3 кун ичида барча ҳужжатларни расмийлаштиришни таъминлаш бўйича фермердан кафолат хати олинди.