[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.10.2018. «GM Ўзбекистон» АЖ Хоразм вилояти филиалида ўтказиладиган ҳар бир йиғилишда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш биринчи даражали масала сифатида кўриб чиқилади. Меҳнат муҳофазаси, ҳаракат хавфсизлиги ва экология бўлинмаси бошлиғи Дониёр Собиров «Корхонамизнинг муваффақиятга эришиши айнан ходимларнинг меҳнат муҳофазасига боғлиқ», дея таъкидлашдан чарчамайди.

Дониёр интилувчан ёшлардан бири. 2013 йилда «GM Ўзбекистон» АЖ Хоразм вилояти филиали «Хоразм Авто» заводи ташкил қилингач, унда шу жамоада ишлаш фикри туғилди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, меҳнат муҳофазаси муҳандиси лавозимида иш бошлади. Биринчи кунларданоқ қурилиш-монтаж ишларини олиб борган пудратчи ташкилотлар қурувчиларига хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уни хавфсизлик қоидаларига мувофиқлаштириш ва қурилиш бахтсиз ҳодиса ҳамда жароҳатларсиз амалга оширилишида жонбозлик кўрсатди. «GM Ўзбекистон» АЖ Хоразм вилоя­­ти филиалида ишлаб чиқариш цехлари тўлиқ ишга тушгандан кейин унга меҳнат муҳофазаси, ҳаракат хавфсизлиги ва экология бўлинмасига етакчилик қилишни ишониб топширишди. Ишчилар орасида хавфсизлик қоидаларини тарғиб этиш ва уларнинг амалда бажарилиши назорати асосий вазифага айланди.
Корхона фаолияти билан танишиш жараёнида ишчи-ходимлар учун меҳнат муҳофазаси бўйича турли ўқув машғулотлари ташкил этилиб, касб, иш турлари ва лавозим йўриқномалари, кириш ва иш жойи­даги йўриқнома журналлари ҳамда хавфсизлик техникаси бўйича ишларнинг намунали тарзда йўлга қўйилгани, бахт­­­сиз ҳодисаларнинг олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилиши таъминланаётганига гувоҳ бўлдик.
Хорижий тилларни яхши билганлиги боис Дониёр Собировга жаҳон тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш қийин эмас. Бир неча бор Жанубий Кореяда, Таиланд ва Ҳиндистонда малака ошириб қайтди. Унинг инновацион ғояси асосида филиалда белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши ва меҳнатни муҳофаза қилиш комиссиясининг, жамоатчилик вакиллирининг ишлаши, камчиликларнинг ўз вақтида таҳлил қилиниши ва бартараф этилишига хизмат қилувчи онлайн дастур яратилди.
– Бу дастур камчиликларни онлайн тарзда ягона базага киритиш, масъул ходимларни огоҳлантириш ва муаммони тўлиқ ёритиб бериш ҳамда бартараф қилиш, жараённи назорат қилиб боришга хизмат қилади, – дейди Дониёр Собиров. – «GM Ўзбекистон» АЖ қўшма корхона ҳисоблангани учун бу ерда Халқаро GM стандартлари билан маҳаллий талабларни уйғунлаштирган ҳолда иш олиб борамиз.
2017 йилдан филиалда янги «Халқаро хавфсиз иш жойлари тизими» дастури амалга татбиқ қилиняпти. Наинки, GM-GMS тизими People Involvment (яъни ходимларни жалб қилиш) принципи бўйи­­ча завод эксперти ҳисобланади. Бу тизим бутун жаҳон бўйича GM заводларида хавфсиз иш жойларини ташкил қилган ҳолда, сифатли автомобилларни ишлаб чиқариб, самарадорликка эришиш учун хизмат қиладиган восита ҳисобланади.
Маҳоратли мутахассиснинг изланишлари, самарали меҳнатлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си эътиборига тушди, албатта. Д.Собиров икки йил аввал «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш» юзасидан рес­публика кўрик-танловида биринчи ўринни, бу йил эса «Меҳнат муҳофазаси ­бўйича энг ёш мутахассис» респуб­лика кўрик-танловида иккинчи ўринни эгаллади.

Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири

Марат ЭШМЕТОВ