[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.10.2018. Касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятига ҳамоҳанг равишда ташкил қилиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни таъминлаш ва янада кучайтириш давр талабига айланиб бормоқда.

Зеро, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш, бозор иқтисодиётига хос ижтимоий меҳнат муносабатларини шакллантириш жараёнининг ҳозирги босқичида мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш услубидан қатъи назар ҳар бир корхонанинг тараққиёти ва ходимлар фаровонлиги иш берувчи билан ходимларнинг вакиллик органи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик қай даражада йўлга қўйилганлигига боғлиқ.
Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 80 фоиздан ортиғини таъминлаб бераётган нодав­лат сектордаги корхона ва ташкилотларда, айниқса, хорижий инвестициялар киритилган корхоналарда ходимларнинг вакиллик органларини тузиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни таъминлаш ва кучайтириш касаба уюшмаларининг долзарб вазифалари сирасига киради. Табиийки, шериксиз ижтимоий шериклик ҳам бўлмайди. Бунинг учун, энг аввало, корхонада иш берувчига ижтимоий шерик бўладиган ва амалдаги меҳнат қонунчилиги негизида меҳнат муносабатларининг субъектларидан бири сифатида эътироф этилган ходимлар вакиллик органи шакллантирилиши лозим.
Шу боисдан, ходимларнинг вакиллик органи тузилмаган корхоналарда, айниқса, хорижий инвестициялар киритилган қўшма корхоналарда шундай органларни, яъни ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ифода этувчи ҳамда ҳимоя қилувчи касаба уюшма ташкилотини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил қилиш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.
Ходимларнинг вакиллик органи тузилмаган корхоналарда касаба уюшма ташкилоти тузилишига эришиш борасида касаба уюшмаларининг туман, шаҳар, вилоят ва Республика миқёсидаги органлари томонидан қуйидаги босқичларнинг изчиллик билан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ:
– дастлабки босқич – иш берувчиларга мурожаатномалар киритиш;
– иккинчи босқич – иш берувчилар билан музокара ва мулоқотлар олиб бориш;
– учинчи босқич – корхона меҳнат жамоаси билан учрашувлар ўтказиш.
Дастлабки босқичда – корхона маъмуриятига касаба уюшма ташкилотини тузиш таклифи билан киритилаётган мурожаатлар, аввало, ҳар томонлама асосланган бўлиб, уларда корхонанинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси, ўрни ва ижтимоий масъуллиги эътироф этилган ҳолда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши ва таъкидлаб ўтилиши мақсадга мувофиқ. Жумладан:
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 3-моддасига мувофиқ кодекс Респуб­ликанинг бутун ҳудудида амал қилиши ва 12-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Республика ҳудудида жойлашган қисман ёки тўлиқ чет эллик юридик ва жисмоний шахс­ларга тегишли бўлган корхоналарда ҳам қўлланиши;
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 15- ва 20-моддаларига мувофиқ иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари сифатида эътироф этилгани;
– корхона фаолияти (ишлаб чиқариш ва молиявий-иқтисодий) тегишли меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинадиган режимда амалга оширилиши билан бир қаторда, айни пайтда корхона раҳбари меҳнатга оид муносабатларнинг субъекти сифатида иштирок этувчи юридик шахс мақомига эга бўлган иш берувчи эканлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 21- ва 28-моддаларига мувофиқ иш берувчи, мулкдор ҳамда ходимлар манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш юқорида қайд этилган субъектлар иштирокида ижтимоий шериклик асосида амалга оширилиши;
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 26-моддасига мувофиқ ходимлар вакиллик органларининг фаолиятига ҳар қандай тарзда тўсқинлик қилиш тақиқланиши ва 28-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимлар вакиллик органлари олдидаги мажбуриятларини бажариши шартлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан мулкчилик шакли, мақоми, хўжалик юритиш услуби, ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) ва технологик хусусиятларидан қатъи назар корхоналардаги меҳнатга ва касбга оид муносабатларни тартибга солиш ва ҳал қилиш (меҳнат шартномаси ва бандлик, иш вақти ва таътиллар, меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқариш ва меҳнат интизоми ва ҳ.к.) ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган локал ҳужжатлар (жамоа шартномаси, низомлар, тартиблар, йўриқномалар ва ҳ.к.) орқали амалга оширилиши лозимлиги;
– шу боисдан, корхона тараққиёти ва ходимлар фаровонлигини таъминлаш мақсадида меҳнат муносабатларига оид масалаларни халқаро нормалар ва миллий қонунчилик асосида ҳал қилиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида корхонада ижтимоий шерик­ликни таъминлаш ва кучайтириш мақсадга мувофиқлиги, бунинг учун эса иш берувчига ижтимоий шерик бўладиган ходимларнинг вакиллик органи шакллантирилиши лозимлиги;
– ва ниҳоят мурожаатномадаги масалалар юзасидан музокаралар олиб бориш таклифини киритиш.
Иккинчи босқичда – касаба уюшмасини тузиш таклифи киритилган мурожаатномалар юзасидан иш берувчилар билан музокаралар олиб боришда ўзаро ҳурмат, ишонч, тарафлар фикрлари ва таклифларини тўлиқ тинглаш ҳамда таҳлил қилиш, ўз фикрларини далиллар орқали асослаш масаланинг ижобий ечимини таъминловчи омиллардандир. Музокаралар жараёнида қуйидаги асосларга таяниш энг мақбул йўлдир:
– касаба уюшма ташкилотларининг амалдаги қонунчилик ва ўз Уставлари доирасида белгилаб қўйилган мақоми, мақсади, вазифалари, ҳуқуқлари, ваколатлари, фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва хусусиятлари;
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 21-моддасига мувофиқ меҳнатга оид муносабатларда ходимларнинг манфаатларини ифода этишда вакил бўлиш ва бу манфаатларни ҳимоя қилишни корхонадаги касаба уюшмалари ва уларнинг сайлаб қўйиладиган органлари амалга ошириши мумкинлиги, мазкур органларни сайлаш тартиби, уларнинг ваколатлари муддати ва миқдор таркиби меҳнат жамоасининг йиғилиши (конференцияси) томонидан белгиланиши;
– ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг «Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида» (87-сонли), «Касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи принципларининг қўлланиши тўғрисида» (98-сонли), «Корхонада меҳнаткашлар вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга бериладиган имкониятлар тўғрисида» (135-сонли) ҳамда «Жамоа музокараларига кўмаклашиш тўғрисида»ги (154-сонли) Конвенцияларининг қисқача мазмуни;
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнат муносабатларига оид масалаларни (бандлик, меҳнат шартлари, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътиллари ва ҳ.к.) ҳал қилиш ва тартибга солиш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнат муносабатлари субъектлари томонидан қабул қилинадиган корхонанинг локал ҳужжатлари (жамоа шартномалари, келишувлар, низомлар, меҳнат шартномалари ва ҳ.к.) орқали амалга оширилиши лозимлиги;
– жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилиши уни қабул қилган субъектлар (тарафлар) томонидан белгиланиши, жамоа шартномасини ишлаб чиқиш, тузиш ва қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 30-моддасидан 46-моддасигача белгилаб қўйилганлиги;
– ходимлар вакиллик органларининг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 23-моддасида ва иш берувчининг ходимлар вакиллик органлари олдидаги мажбуриятлари Меҳнат кодексининг 24-моддасида белгилаб қўйилганлиги;
– музокаралар натижаси тўғрисида меҳнат жамоасини хабардор қилиш ва улар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказишга келишиб олиш.
Учинчи босқичда – яъни, корхона меҳнат жамоаси билан ўтказиладиган учрашув ва мулоқотларда маъмурият билан бўлиб ўтган музокаралар натижалари тўғрисида ва қуйидаги масалалар юзасидан жамоага тўлиқ ахборот ва тушунтиришлар бериш, жумладан:
– касаба уюшмалари қандай ташкилот, улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, вазифалари, ваколатлари ва мажбуриятлари;
– касаба уюшмалари фаолиятида ижтимоий ҳимоянинг асосий йўналишлари (жумладан, меҳнат шартномаси ва бандликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти ва дам олиш вақти, ижтимоий мулоқот ҳамда ижтимоий ҳимоя ва ҳ.к.);
– касаба уюшмалари фаолиятида ҳуқуқий ҳимоя, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш, маънавий-маърифий ва спорт ишлари;
– корхонадаги меҳнат муносабатларини тартибга солиб бориш ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига оид масалалар юзасидан жамоа шартномаси ва бошқа ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тузиш ва қабул қилиш тартиби, уларнинг ижроси ва назорати;
– юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмасига аъзоликнинг афзалликларини асос­лаш ва тушунтириш, ходимлардан тушган барча саволларга аниқ ва асосланган жавоблар бериш.
Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, ушбу саъй­-ҳаракатларнинг тўла амалга оширилиши корхонада касаба уюшма ташкилоти тузилишига эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ғафуржон ҲАМИДОВ,

Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ўринбосари