30.11.2018. 2018 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан жорий йилнинг 25 сентябридан 1 ноябрига қадар Миллий мониторинг ўтказилди.
Мониторинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 407-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбирлар мажмуининг 5-банди ва Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2018 йилга мўлжалланган иш режасининг 3-бандига асосан ўтказилди.
Мониторингни ўтказиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси аъзолари, ҳудудий комиссиялари, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо-ташкилотлари вакилларидан иборат 13 та ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди. Мониторингда жами 104 нафар киши иштирок этди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси билан келишувга асосан Учинчи томон мониторинги ва Миллий мониторинг ўтказиладиган туман, шаҳарлар белгилаб олинди.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарлари этиб, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг малакали мутахассислари, шу жумладан катта иш тажрибасига ва ХМТнинг тренер-ўқитувчи сертификатига эга бўлган мутахассислар тайинланди.
Жорий йилнинг 21 сентябрь куни ишчи гуруҳлари раҳбарлари учун ўтказилган семинарда Миллий мониторингни ўтказиш юзасидан услубиётни қўллаш ҳамда берилган планшетлардан фойдаланиш тўғрисида тушунтиришлар берилиб, тарқатма материаллар, планшетлар ва бейджиклар тарқатилди.
Миллий мониторингни ўтказишда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати аломатларини аниқлаш учун 20 та саволдан иборат соддалаштирилган услубиёт ишлаб чиқилди.
Пахта йиғим-терими жараёнида теримчилар учун яратилган маиший ва меҳнат шароитларини ўрганиш бўйича меҳнат муҳофазаси, сантар-гигиеник шароитлар, ичимлик суви ва иссиқ овқат билан таъминланиши, иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ берилиши, терим отрядлари ва туман Фермерлар кенгашлари ўртасида хизмат кўрсатиш тўғрисида шартомаларнинг тузилганлиги масалаларини қамраб олган алоҳида баҳолаш услубиёти ишлаб чиқилди.
Унда 20 та кўрсаткичлар бўлиб, ҳар бир ижобий кўрсаткич 5 балл билан баҳоланди ва умумий ҳисобда 70 фоиздан кам кўрсатгич тўплаган фермер хўжаликлари хавф мавжуд бўлган ҳудуд деб ҳисобланиб, чора кўриш учун танлаб олинди.
Миллий мониторинг амалиётида 2017 йилда бўлгани каби, тасодифий GPS координатлар олиниб, ҳудудий гуруҳларни йўналтириш услуби қўлланди.
Шу мақсадда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳар бир ҳудудий гуруҳ раҳбарига биттадан интернет трафикли SIM-карталар билан таъминланган “Samsung” планшетлари берилди. Планшетларга мониторинг бошланишидан аввал “Imgroup” компанияси билан келишилган ҳолда уларнинг мониторинг дастурий таъминоти ўрнатилди. Дастур ёрдамида гуруҳ раҳбарлари ҳаракатланаётган манзилини онлайн тарзда кузатиб бориш ҳамда эхтиёж мавжуд бўлганида тўғри йўналишга йўналтириш, шунингдек, ташриф жойи фотосуратларининг узатилиши имкони яратиб берилди.
Шу билан бир қаторда гуруҳ чиқиб кетадиган манзил geomidpoint.com сайти орқали айнан бир ҳудуд ичидаги тасодифий 3 та координатлардан олиниб, улар ҳар куни эрталаб соат 6 билан 7 орасида telegram тармоғидан, мобил алоқа сигнали кучсиз бўлган ҳудудлар учун эса sms тарзида юбориб турилди.
25 сентябрдан 1 ноябрга қадар Миллий мониторинг гуруҳлари республиканинг туман ва шаҳарларига 411 маротаба ташрифлар амалга оширдилар. Ташрифлар давомида 532 та фермер хўжалиги, 9 та олий таълим муассасаси, 83 та касб-ҳунар коллежи, 4 та академик лицей, 317 та умумтаълим мактаби, 74 та мактабгача таълим муассасаси, 135 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 29 та тадбиркорлик субъекти, 96 та ҳокимлик, 17 та қишлоқ фуқаролар йиғини, 64 та маҳалла фуқаролар йиғини таҳлил қилинди.
Мониторинг жараёнларида 53 минг 727 км йўл босилиб, жами бўлиб 2 минг 327 нафар респондентлардан савол-жавоблар тариқасида интервьюлар олинди ва белгиланган шакллар тўлдирилди.
Шу жумладан, 1 минг 993 та интервью бевосита теримчилар ва ташриф буюрилган муассасалар ходимларидан, қолган 334 та интервью отряд раҳбарлари, фермер хўжаликлари раислари ҳамда ташриф буюрилган муассасалар раҳбарларидан олинган.
Миллий мониторинг гуруҳларининг тақдим этган маълумотларига кўра таълим муассасаларида ўртача давомат 97,8 фоизни ташкил этди.
Ташрифлар жараёнида ишчи гуруҳлар аъзолари томонидан раҳбар ва масъул ходимларга Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 29-, 105-, 138- ва 182-сонли конвенциялари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли ҳамда 2018 йил 31 майдаги 407-сонли қарорларининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ишлари ҳам амалга оширилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳлар Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан эълон қилинган “Республика аҳолисининг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича хабардорлигини ошириш юзасидан ахборот-тушунтириш кампанияси” доирасида ахборот-маълумот тарқатишни амалга оширишда кўргазмали материаллар (баннерлар, плакатлар, флайерлар)нинг жойлаштирилиши бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширди.
Пахта йиғим-теримига 18 ёшга тўлмаган болаларнинг жалб этилиши ҳолатлари ўрганилганда қуйидагилар аниқланди:
Мониторнинг давомида пахта далаларида жами 33 нафар (Андижон вилоятида 1 нафар, Бухоро вилоятида 2 нафар, Самарқанд вилоятида 16 нафар, Сурхондарё вилоятида 2 нафар, Тошкент вилоятида 8 нафар ва Хоразм вилоятида 4 нафар) 18 ёшга тўлмаган болалар учради. Шундан 21 нафари пахта тераётган ва 12 нафари бошқа сабабларга кўра пахта даласида юрган бўлган.
Давлат органлари, хўжалик субъектлари ва тиббиёт муассасалари ходимлари, талабаларнинг пахта йиғим-теримига жалб этилиши юзасидан 39 та ҳолатда умумий ҳисобда 3 минг 130 дан ортиқ ходимлар теримда иштирок этаётганлиги (309 нафари талабалар) аниқланди. Шундан, Андижон вилоятида 6 та, Бухоро вилоятида 3 та, Жиззах вилоятида 8 та, Қашқадарё вилоятида 2 та, Навоий вилоятида 8 та, Наманган вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 10 та ва Хоразм вилоятида 1 та ҳолат қайд этилди.
Пахта тeримига жалб этилган давлат органлари, хўжалик субъектлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг 256 нафари меҳнат таътилида, 634 нафари асосий иш жойидан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда, 80 нафари ўзларининг дам олиш кунлари давомида қатнашган бўлиб, қолган 1851 нафар ишчиларнинг пахта далаларида юрганлигини асословчи, тасдиқловчи ҳужжат (ХМТ конвeнциялари доирасида) тақдим этилмади. Ишчиларнинг ўзи пахта тeримига маъмурият томонидан мажбурий жалб қилинганлигини рад этдилар.
Шунингдек, 81 нафар тадбиркорлик субъектлари ишчиларининг пахта йиғим-теримига жалб этилиши ҳолатлари аниқланди (Бухорода 3 та ҳолат (“Шахбоз карпeт” МЧЖ 10 нафар, “Сайфулла плюс Саида” 10 нафар, “Омад кумушкент” хусусий корхонаси 10 нафар) ва Тошкeнт вилоятида 1 та ҳолат (“Бўстонлиқпласттекст” текстил корхонаси 51 нафар), шулардан 30 нафари асосий иш жойи бўйича дам олиш кунида бўлган.
Касаба уюшмалари Фeдeрацияси аралашувидан сўнг, Бўка туманидаги “Комилжон-Зeбо” фeрмeр хўжалигида пахта тeримида иштирок этаётган “Тошкeнт иссиқлик электр станцияси” унитар корхонасининг 96 нафар ходимлари иш жойларига қайтарилди.
Теримчиларни таълим муассасалари биносига вақтинчалик жойлаштирилиши юзасидан Бўка туманидаги 32-сонли умумтаълим мактаби, Юқоричирчиқ туман Агросаноат коллежи ва шу тумандаги 32-сонли умумтаълим мактабининг эски биносига жойлаштирилганлиги ҳолатлари аниқланди.
Теримчиларга терган пахтаси учун белгиланган пул маблағларининг ўз вақтида берилмаслиги, уларнинг иш ҳақидан турли ушлаб қолишлар юзасидан 22 та ҳолат аниқланди (бу барча ўрганилган фермер хўжаликларининг 4,1 фоизини ташкил этди): Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро вилоятларида 1 тадан, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 2 тадан, Навоий вилоятида 14 та. Аниқланган мазкур ҳолатлар юзасидан зудлик билан ишчи гуруҳлари томонидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиниб, теримчилар пули тўлаб берилиши таъминланди.
Мазкур ҳолатларнинг 16 тасида терилган пахта учун ўз вақтида пул тўланмаган бўлса, 6 тасида терим пулидан турли ушлаб қолишлар бўлган.
Пахта йиғим-терими мавсумида терим отрядлари ва буюртмачи (фермерлар кенгашлари) ўртасида меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмаганлиги, яъни отряд шартномаси ва отряд паспорти тузилмаганлиги юзасидан 92 та ҳолат учради (бу барча ўрганилган фермер хўжаликларининг 17,3 фоизини ташкил этди): Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Андижон вилоятида 4 та, Самарқанд вилоятида 14 та, Бухоро вилоятида 5 та, Жиззах вилоятида 21 та, Қашқадарё вилоятида 18 та, Навоий вилоятида 16 та, , Сирдарё вилоятида 10 та, Фарғона вилояти 1 та, Хоразм вилояти 2 та ҳолат.
Шунингдек 81 та фермер хўжалиги томонидан теримчиларга етарли даражада меҳнат ва дам олиш учун шарт-шароитлар (санитария-гигиена хоналарининг eтишмаслиги, иссиқ овқат ва ичимлик суви билан таъминлашдаги узилишлар) яратилмаганли ҳолатлари аниқланди (бу барча ўрганилган фермер хўжаликларининг 15,2 фоизини ташкил этди): Андижон вилоятида 2 та, Бухоро вилоятида 18 та, Жиззах вилоятида 35 та, Навоий вилоятида 7 та, Самарқанд вилоятида 7 та, Сурхондарё вилоятида 4 та, Хоразм вилоятида 6 та, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 1 тадан.
Аниқланган салбий ҳолатларнинг барчаси юзасидан муносабат билдирган ҳолда чора кўриш учун мeҳнат инспeкцияси ва ишонч тeлeфонларига мурожаатлар қилинди.
Барча аниқланган болалар далалардан чиқариб юборилди ва улар оилаларига ёки таълим муассасаларига қайтарилди.
Теримчиларни таълим муассасалари биноларидан бошқа биноларга кўчирилиши қатъий назоратга олиниб, бошқа биноларга жойлаштирилди.
Мeҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида озиқ-овқат сифатини ошириш, ичимлик суви билан таъминланиши ва санитария шароитларини яхшилаш бўйича чоралар кўрилди.
Шунингдeк, Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун мажбурий мeҳнат хавфи кузатилган 14 та вазирлик, идора ва хўжалик бошқаруви органлари рўйхати шакллантирилди.