Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Amudaryotex»да ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

20.08.2018. Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси тармоғи томонидан масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Amudaryotex» хорижий корхонасида меҳнат қилаётган ёш ходим ва мутахассислар билан очиқ мулоқот тарзидаги Давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатидан кўзланган мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган Ёшларга оид Давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этишда касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида олиб борилаётган тизимли ишлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари орқали ёш ходимларга яратилаётган имтиёз ва қулайликлар тўғрисида корхона ёшларининг хабардорлигини ошириш ва тушунтиришлар бериш ҳамда ёшларнинг меҳнат қонунчилигига доир ҳуқуқий саводхонлигини оширишдир.

Очиқ мулоқот давомида тадбир иштирокчиларига бугунги кунда касаба уюшмалари томоиндан ёшлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди. Мазкур йўналишлардаги ишларни амалга оширишда бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг ўрни, улар фаолиятини янада кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– «Amudaryotex» корхонасида ҳар бир ходимнинг, шу жумладан ёш мутахассис ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг  Қорақалпоғистон Республикаси бӯйича масъул ташкилотчиси Қалжон Бекманова. – Биз ходимларнинг нафақат ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, балки тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оила аъзоларига имтиёзли кредитлар олиш бўйича тушунтиришлар бериш ва кўмаклашиш, янги ишга жойлашган ёшлар учун меҳнат дафтарчаларининг юритилиши борасида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўналишларида ҳам иш олиб бормоқдамиз. Шунингдек, тармоқ корхона ва ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш мақсадида спорт-соғломлаштириш ишлари, маънавиятини бойитиш мақсадида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида ҳам тизимли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Тармоқ корхоналарида айниқса, ишга янги қабул қилинаётган ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишга киришишдан аввал албатта меҳнат мухофазаси бӯйича йўриқдан ӯтказилишлари, ходимларнинг тегишли тартибда махсус кийим-бош, якка тартибдаги ҳимоя воситалари, даволаш профилактика озиқ-овқатлари билан  таминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш ходимларга иш ҳакининг ўз вақтида бериб борилиши масаласи ҳам доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.

Давра суҳбати давомида ёш ходимларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида  2017-2019 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий  масалаларга оид Бош келишув, унинг асосида қабул қилинган тармоқ ва ҳудудий келишувлар, улар асосида ходимлар манфаатини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ва уларнинг натижалари хусусида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ходимларга хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлариини яратиш,  тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари ижроси, корхоналарни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш ишларига эътиборни кучайтириш хусусида ҳам фикр ва мулоҳазалар алмашинилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!