Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Аёлга эҳтиром — жамиятга эҳтиром

07.12.2017. Соғлом жамият, соғлом оила, баркамол авлод аслида аёл меҳнати, меҳридан яралади. Дарҳақиқат, аёл зоти ҳар бир ишга қалб зиёсини қўшиб бажаради. Шу фазилати билан у эзгуликка, яхшиликка доядир. Юртимиз хотин-қизлари бугун касаба уюшмасига аъзо бўлиб, меҳнат жамоаларининг ҳаётига фаол аралашар экан, ўзларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини рўёбга чиқаришга ҳам катта ҳисса қўшаётирлар. Бу эса уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш баробарида мамлакат ҳаётидаги роли ошишига ҳам имкон яратаяпти.

Федерация Кенгашининг Ўқув марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор  йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда Кўмаклашиш дастури» бажарилишида хотин-қизлар кенгашлари ҳамда комиссияларнинг ўрни” мавзуидаги семинарда бу борада амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди. Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши аъзолари, Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари Хотин-қизлар комиссиялари раислари қатнашди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев барчани Асосий Қонунимиз – мамлакатимиз Конституциясининг 25 йиллиги билан муборакбод этиб, мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланганлиги, бу борада тизимли ишлар олиб борилаётганини алоҳида эътироф этди. Муҳтарам Президентимиз томонидан аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтириш, юртимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётгани, айниқса, бу борада 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор  йўналиши муҳим омил бўлаётгани ҳамда касаба уюшмаларининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда Кўмаклашиш дастури юзасидан олиб борилаётган  хайрли тадбирлар қайд этиб ўтилди.

Федерациянинг Хотин-қизлар кенгаши раиси ўринбосари Эътиборхон Раҳмонова маърузасида Стратегиянинг ҳар бир йўналишини таҳлил қилиш жараёнида кенгаш фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаолият олиб борилаётгани, Кўмаклашиш дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, айниқса, соғлом турмуш тарзи, оила фаровонлиги, аёллар манфаатлари, коллежларни битирган қизларни касбга йўналтириш борасидаги кенг кўламли йўналишлар хотин-қизлар ҳаётига мазмун бағишлаётганлигига эътибор қаратди.  Шунингдек, хотин-кизлар кенгаши фаоллари ҳар бир хонадонга бориб аёллар билан юзма-юз мулоқот қилиш жараёнида уларнинг муаммоларини ўз ўрнида ҳал этиш чораларини кўрганлиги қайд этилди. Касаба уюшмалари фаолиятининг 2017 йилдаги устувор йўналишлари асосида тизимдаги Хотин-қизлар кенгаши ҳамда комиссиялари фаолиятининг асосий йўналишлари,  фаолиятни янада яхшилаш юзасидан  таклифлар берилди.

Семинарда Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Бобоқул Тошевнинг “Контитуция ва оила, хотин-қизларнинг Конституцион ҳуқуқлари” мавзуидаги маърузасида Асосий Қонунимиз халқчил ҳуқуқий ҳужжат сифатида ижтимоий-сиёсий соҳада кенг имкониятлар яратиб бераётгани тўғрисида таҳлилий маълумотлар берилди. ЎзКУФКнинг етакчи мутахассиси Клара Шоюсупованинг “Хотин-қизлар бандлиги ва ижтимоий ҳимоя” мавзуидаги маърузасида эса хотин-кизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш,  бандлигини таъминлаш, уларга қулай, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Айниқса, ЎзКУФК меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримованинг иш жойларида хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ҳар томонлама соғлом ва барқарор иш ўринлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда касаба уюшмаларининг ролига бағишланган интерфаол усулдаги тренинг машғулотлари ўзига хос ҳуқуқий саводхонлик сабоғи бўлди.

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистонда фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқи иш вақти давомийлигининг маълум чегараси ўрнатилганлиги, ҳафталик дам олиш кунлари ва йиллик ҳақ тўланадиган таътиллар берилиши орқали таъминланади. Фуқароларнинг хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берувчи муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари мазкур соҳада мақсадли йўналтирилган Давлат миллий сиёсатини юритиш орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг касбий тайёргарлиги, касбга қайта ўқитиш ва малака оширишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Семинарда Федерация томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида йўлга қўйилган тизимли чора-тадбирлар ҳам қайд этилди. Хусусан, Бош келишувга, ундан келиб чиққан ҳолда тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда жамоа шартномаларига аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатларга оид алоҳида бўлим киритилгани, улар ижросининг таъминланиши доимий диққат-эътиборда эканлиги таъкидланди.

Шу куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши  йиғилиши бўлиб ўтди. Унда семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар, киритилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда фаолиятни яхшилаш масаласи муҳокама қилинди. Ҳудудий комиссиялар фаолияти танқидий таҳлил этилди.

Йиғилишда Хотин-қизлар кенгаши раиси Мавжуда Халилова кенгаш ҳамда ҳудудий ва тармоқлар касаба уюшмаларининг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан 2017 йилнинг 11 ойи давомида ишловчи хотин-қизларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, иш жойларида муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган йўналишларида тизимли ишлар амалга ошираётганлигини, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида ушбу масалаларга эътибор кучайтирилганини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Хотин-қизлар кенгаши, ҳудудий бирлашмалар ва Республика кенгашларининг Хотин-қизлар комиссиялари томонидан 2 523 та жамоа шартнома ва келишувлари (шундан 30 таси Федерациянинг Хотин-қизлар кенгаши томонидан) экспертизадан ўтказилди. 246 та нодавлат сектордаги корхона ва ташкилотларда ишлаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун иш жойларида санитария-гигиена ҳолатларининг таъминланганлиги, жамоа шартномалари орқали уларга белгиланган имтиёзларнинг бажарилиш аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасига таклиф ва тақдимотлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Жамоа шартнома ва келишувларида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясига қаратилган имтиёзларнинг бажарилиши устидан мониторинг йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 11 ойи давомида 5 117 та корхонада икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 14 596 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилиб, 16 035 та корхонада кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 78 870 нафар фарзанди учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатлари қисман қопланди. 3 656 та корхонада ходимларнинг 8 464 нафар фарзандига чет тилларни ўрганишда  моддий кўмаклашилди ва 3 223 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 5 581 нафар аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтаси 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш жорий этилди. Касаба уюшмаларига аёллардан 3 584 та, шундан 1 597 та ёзма, 751 та оғзаки ва 422 та интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги мурожаатлар келиб тушган. “Ишонч телефонлари” орқали йўлланган 814 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра,  472 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 129 млн. 204 минг сўм зарар ундирилишига эришилган.

Шу билан бирга, йиғилишда Хотин-қизлар комиссиялари томонидан нодавлат секторда, қўшма корхоналарда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси, улар учун иш берувчилар томонидан муносиб меҳнат шароитлари  яратилганлиги аҳволини ўрганиш, кўрилган камчиликлар бўйича иш берувчига ва касаба  уюшма ташкилотларига таклифлар бериш масаласи эътибордан четда қолаётгани қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, Жиззах (Н.Гаирова) ва Бухоро (Р.Носирова) вилоятлари касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари Хотин-қизлар комиссиялари раисларининг  ҳудуддаги корхона, ташкилотларда меҳнат қилаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёлларнинг жамоа шартномалари орқали ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини юритиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлари тингланиб, танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири норасмий бандликда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясидир. Йиғилишда норасмий бандликни чеклаш юзасидан савдо-овқатланиш, қурилиш, маиший хизмат кўрсатиш жойларида ва устахоналарда меҳнат шартномасини тузмасдан ишлаётган фуқаролар, ҳусусан, аёллар билан амалий иш олиб бориш кераклиги, уларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш, яъни уларга меҳнат дафтарчалари очишга эришиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Хотин-қизлар комиссиялари олдида турган вазифалардан яна бири – хорижий давлатлар инвестициялари иштирокида ташкил этилаётган корхоналарда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши масаласидир. Чет эл капитали иштирокидаги қўшма корхоналарда касаба уюшма ташкилотини тузиш ва жамоа шартномаларини қабул қилиш оркалигина уларда ишлаётган хотин-қизларнинг меҳнат шароитларини назорат килиш, уларни ижтимоий химоя килишга эришилади, холос.

Шунингдек,  оилаларда  тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан  тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, ҳаётимизни янада соғлом ва обод қилиш, соғлом болани тарбиялашда аёллар масъулиятини, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини ошириш имкониятларини кенгайтириш ишларида фаол иштирок этиш, амалдаги қонунларда аёллар учун белгиланган имтиёзлар бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда кенгаш ва комиссиялар  фаолиятини янада яхшилаш юзасидан таклифлар берилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!