Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Болалар ва келажакдаги муносиб меҳнат

14.06.2019. Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига асосан ҳар йили 12 июнь санасида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” кенг нишонланади.

Минимал ёшга етмаган (миллий қонунчилик ва қабул қилинган халқаро меъёрлар асосида) боланинг меҳнат қилиши унинг ҳар томонлама ривожланишига ва ўқишига халақит бериши мумкин. Бундан ташқари, хавфли ва зарарли меҳнат шароитлари боланинг физик, ақлий, аҳлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Республикамизда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини яратишга асос бўладиган жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 138, 182-конвенциялари Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган бўлиб, унинг меъёрлари миллий қонунчиликка имплементация қилинган.

«Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида»ги 138-сонли Конвенцияга биноан, ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш мажбурий мактаб таълимини тугаллаш учун зарур бўлган ёшдан кам бўлмаслиги керак ва ҳар қандай ҳолда ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги зарур.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддасида белгиланишича, ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.

«Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида»ги 182-сонли Конвенция мақсадлари учун «болалар меҳнатининг оғир шакллари» атамаси қуйидагиларни қамраб олади:

болалардан қуролли можароларда фойдаланиш учун уларни зўрлаб ёки мажбурлаб жалб қилиш;

фоҳишабозлик билан шуғулланиш, порнография маҳсулотлари тайёрлаш ёки порнографик томошаларда иштирок этиш учун боладан фойдаланиш;

наркотиклар тайёрлаш ва сотиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;

бажариш хусусиятлари ёки шароитига кўра болалар соғлиги, хавфсизлиги ва маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар.

(Ўзбекистон Республикаси  Адлия вазирлигида  2009 йил 29 июлда 1990-сон  билан рўйхатга олинган  Ўзбекистон Республикаси  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий   муҳофаза қилиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26  июндаги 33Қ/Б, 13-сонли қарори билан “Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхати” тасдиқланган  бўлиб, унга биноан  ғўзани қўлда суғориш ва пахтани қўлда теришда 18  ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш мумкин эмас).

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида асосий ижтимоий устувор вазифалардан:

жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш деб белгиланиши ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан мазкур масалада тегишли таълим вазирликлари билан тузилган тармоқ келишувлари доирасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик ишлар олиб борилмоқда. Халқаро ва миллий меҳнат стандартларига риоя қилиш бўйича таълим муассасаларида семинар-тренинглар, ҳуқуқий кўмак, ОАВ орқали мутахасис маслаҳатлари йўлга қўйилган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклиф бериш ёки ишлаб чиқиш, меҳнат қонунчилигига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ҳам мониторинг олиб борилади.

Шунингдек, болалар меҳнатига қарши курашишнинг яна бир муҳим профилактик чораларидан бири касаба уюшма ташкилотлари томонидан ёзги соғломлаштириш мавсумини самарали ташкил қилишда фаоллик кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети хузуридаги академик лицей билан ҳамкорликда “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишлаб семинар-тренинг ташкил қилди.

Тадбирда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раҳбарияти ва ходимлари, Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси раҳбарияти ва вакиллари, Тошкент давлат юридик университети хузуридаги академик лицей раҳбарияти ва педагоглари ҳамда ўқувчилари, шунингдек бир қатор ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Тадбирни Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Бедилов Равшан очиб берди ва бугунги кунда таълим тизимидаги касаба уюшма ташкилот вакиллари томонидан болалар меҳнатини олдини олиш, меҳнат маданиятини янада кучайтириш ва ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

ХМТ вакили Йонас Аструп болалар меҳнатига батамом барҳам беришда халқаро тажриба ва Ўзбекистон тажрибаси ҳамда ижобий натижалар ҳақида ўқувчиларга гапириб берди.

Касаба уюшмаси тренерлари томонидан интерфаол усулда болалар меҳнатини олдини олишнинг ҳуқуқий асослари тушунтирилди ва мавзуга оид қизиқарли машғулотлар ташкил қилинди. Ўқувчилар 2 гуруҳга бўлиниб, “Ходимлар” ва “Иш берувчилар” гуруҳини ташкил қилишди. Гуруҳлар бугунги кунда меҳнат қилаётган ходимлар ва иш берувчилар муаммоларини таҳлил қилишди ва ўз фикрларини баён қилишди. Шунингдек келажакдаги муносиб меҳнат қандай бўлиши ҳақида ўз орзу-мақсадлари ва стратегияларини шакллантиришди. Бу ҳолатга Бедилов Равшан ва Йонас Аструп билан фикр алмашишди, кўплаб саволларига жавоб олишди.

Ушбу тадбир бўлажак ҳуқуқшуносларда катта қизиқиш уйғотди ва тадбир якунида ёшлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Click to listen highlighted text!