Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми — 2021: Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати

04.06.2021. Бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида баркамол авлодни тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин тутиб келмоқда. Ушбу масалага давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти билан боғлиқ барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларга ҳамоҳанг равишда Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам йил сайин такомил топиб бормоқда.

Кези келганда бугунги кунда ҳар томонлама баркамол ривожланган авлодни тарбиялаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси нафақат мамлакатимизда, балки халқаро экспертлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда имкониятларини ёзги таътил даврида болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида йўналтириш амалиёти бошқа мамлакатларда учрамайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнги 5 йил ичида республикамизда стационар турдаги 7 та замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳар йили ёз мавсумида 220 дан ортиқ стационар турдаги соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти мунтазам равишда йўлга қўйилиб, уларда 200 мингга яқин бола дам олдирилади.

 

Ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришларини ҳамда бўш вақтларини самарали ўтказишларини таъминлаш мақсадида бугунги кундаги пандемия шароитида ҳам барча хавфсизлик чоралари кўрилгани ҳолда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Албатта, бу жараён карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳамда “Болалар ёзги оромгоҳларининг карантин даврида фаолиятини ташкил этиш бўйича талаблар”га қатъий риоя этилган ҳолда ташкил қилинмоқда.

Таъкидлаш зарурки, жорий йилнинг 19 май куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи раиси Абдулла Арипов раҳбарлигида “Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ мажлиси ўтказилиб, 2021 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Мажлис давомида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мавсумни юқори савияда ва сифатли ўтказиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш йўналишидаги ишлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштирилгани ҳолда ҳудудларда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва сифатли соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясида Республика штаби, Федерациянинг ҳудудий Кенгашларида ҳудудий штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркибидаги Ишчи гуруҳлар ҳамда ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар томонидан мавсумнинг бориши доимий монгиторинг қилиб борилади.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёз мавсуми давомида республика оромгоҳларида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оромгоҳларда ишловчи ходимлар учун онлайн ўқув-услубий семинарлар ўтказилди. Мазкур семинарларда асосий эътибор болалар оромгоҳларида фаолият юритувчи ходимлар ва мутахассисларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш масаласига қаратилди. Уларга соҳага оид янгиликлар етказилди.

Касаба уюшмалари Федерациясида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан ҳар бир ҳудудда мавсумга тайёргарлик ишлари чуқур ўрганилиб, мавсум билан боғлиқ масалалар жойида муҳокама этилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Натижада долзарб масалалар ижобий ечим топиб, маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик органлари ҳамкорлигида тизимли тадбирлар амалга оширилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи ва унинг таркибидаги Ишчи гуруҳлари томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, оромгоҳларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг доимий эътибор ва назоратидадир. Шу мақсадда ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ўрнатилган. Болаларни оромгоҳга олиб бориш ва олиб келиш ишлари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатуви остида амалга оширилади. Шунингдек, барча оромгоҳларда ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилиб, ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилди.

Болаларнинг овқатланиш рационини бойитиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам жорий йилда бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, таомномаларда дармондориларга бой таомлар, дамлама ва салатлар турларини кўпайтириш кўзда тутилган. Оромгоҳларда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига эътибор кучайтирилиб, уларнинг саломатлиги доимий равишда малакали шифокор ва ҳамширалар назоратида бўлади. Шу мақсадда соғломлаштириш масканларидаги тиббиёт хоналари барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланмоқда.

Карантин даврида оромгоҳларда болалар саломатлигини муҳофаза этиш ва хавфсизлигини  таъминлаш  мақсадида болалар ёзги оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш бўйича махсус талаблар ишлаб чиқилиб, оромгоҳлар фаолиятига татбиқ этилиши йўлга қўйилди. Хусусан, фаолияти йўлга қўйилган оромгоҳлар ҳудудларида ободонлаштириш, барча бино ва иншоотларни, технологик ускуналарни таъмирлаш, жумладан, сув таъминоти ва канализация тизимларини таъмирлаш, модернизация қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Биноларда профилактик дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ўтказилиб, оромгоҳларнинг кириш қисмида дез тўшамалар ташкил этилди. Оромгоҳлар ҳудудига оромгоҳ фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бегона шахслар ва автомашиналарнинг кириши қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, мавсум бошлангунга қадар оромгоҳларни малакали тиббиёт ходимлари, яъни,  камида 1 нафар шифокор ва 1 нафар ҳамшира билан таъминлаш, озиқ-овқат таъминоти, хавфсизлик, шошилинч тиббий ёрдам чақириш схемасини ишлаб чиқиш чоралари кўрилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, оромгоҳларда барча карантин чоралари ташкил этилганидан кейин болаларни қабул қилиш учун ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг ўрганиш хулосасига асосан, вилоят махсус комиссиясининг рухсати билангина оромгоҳлар фаолият юритишига рухсат берилади. Шу ўринда оромгоҳларда дам олувчи  ўғил-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳлардан ташқаридаги барча тадбирлар, қариндошлар, ота-оналарнинг оромгоҳларга ташрифи ва кириши таъқиқланганини ёддан чиқармаслик зарур.

Оромгоҳлар фаолият кўрсатаётган даврда бир қатор махсус талабларга риоя этилиши зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтиш жоиз. Хусусан, сменалар давомида ходимлар ва болалар саломатлиги бўйича тиббий мониторинг кучайтирилди. Оромгоҳларда етарли миқдорда гитери антисептиклари ва дезинфекция воситалари бўлиши таъминланади. Болалар ва ходимлар ҳар куни 2 маротаба тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий кўрик натижаси ҳақидаги маълумотлар тиббий кузатув дафтарига киритиб борилади. Шунингдек, гуруҳлаш принципига мувофиқ гуруҳларнинг максимал изоляцияси таъминланади, яъни, барча ҳаракатлар қатъий равишда бир гуруҳда амалга оширилади.

Бундан ташқари оромгоҳларда рангларга ажратиш белгиларини қўйиш ҳамда гуруҳларнинг номи (рақами) билан йўналтирилган стрелкалар қўйиш орқали гуруҳлар орасидаги чегаралар тартибга солинган. Ётоқхоналарда, шу жумладан, очиқ айвончаларда, болалар ёшидан қатъий назар, ижтимоий масофага қараб (камида 1,5 метр) жойлаштирилмоқда. Яшаш хоналарини ҳар куни камида 2 марта тез-тез шамоллатиш, кўрпа-тўшаклар, мебел жиҳозлари, гиламлар, полларни чангдан тозалаш, пол ва санитария қурилмаларини дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда тозалаш ишлари  мунтазам равишда ташкил этиб борилади. Радиаторлар, дераза токчалари, кийим шкафларини ҳар куни 2 маротаба таркибида спирти бўлган дезинфекциялаш воситаси билан артиб тозалаш ҳамда ҳафтасига бир марта ювиш воситаларидан фойдаланиб ювиш, дераза ойналарининг ички юзасини ҳар ҳафтада таркибида спирт тутувчи дезинфекциялаш воситаси билан тозалаш ва ойига бир марта ювиш воситалари билан ювиш, ички ҳожатхоналарни кунига бир марта ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиб тозалаш, тўшак ва чойшабларни тез-тез алмаштириш ишлари йўлга қўйилган.

Умумий фойдаланиш жойларидаги полларни кунига икки марта ювиш, умумий ҳожатхоналарни кунига икки марта ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланган ҳолда тозалаш ҳамда сенсорли сезгир дозаторлар ва педал механизмли суюқ совун тарқатиш мосламалари, электр сочиқлар ёки бир марта ишлатиладиган қоғоз сочиқ билан жиҳозланган бўлишини таъминлаш, ҳар куни тозалаш ишларида ишлатиладиган дезинфекцияли эритмани янгилаш ишлари амалга оширилиши зарур.

Оромгоҳда ҳар бир болага кунига камида 1,5 литр қадоқланган сув берилиши, оромгоҳ ҳудудидаги ичимлик фонтанчаларидан фойдаланишни қатъиян ман этиш белгиланган.

Чеклов чоралари давомида сузиш ҳавзаларида чўмилишга ҳам рухсат этилмайди. Жисмоний соғломлаштириш ва оммавий спорт тадбирлари ижтимоий масофани (камида 2 метр) қатъий сақлаган ҳолда ўтказилади. Эрталабки машқлар ҳар куни 10-15 минут давомида очиқ ҳавода, ёмғирли вақтда эса ҳаво яхши айланадиган хонада ўтказилади. Қуёшли ванналар эрталаб ёки кечқурун, овқатланишдан ярим соат олдин, шамолдан ҳимояланган махсус жойларда ташкил қилинмоқда.

Болалар учун овқатланиш қатъий жадвал асосида, ижтимоий масофа камида 2,0 метр бўлган ўриндиқларни шахмат тарзида жойлаштирган ҳолда ташкил этилмоқда. Барча овқатланиш хоналарини иш кунининг охирида дезинфекциялаш воситалари билан тозалалаш йўлга қўйилган. Ўйин ва спорт машқларида ҳар бир машғулотдан кейин қўлларни ювиш қоидаларига риоя этилгани ҳолда, ҳар бир қўл ювиш жиҳози устида қўлларни ювиш қоидалари акс этган плакатлар жойлаштирилган.

Ҳар бир болалар гуруҳи терини антисептиклар ёрдамида тозалаш ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, улардан фойдаланиш ўқитувчи (тарбиячи) назорати остида амалга оширилади.

2021 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми жорий йилнинг 1 июнидан бошланди.

Жорий йилда республика бўйича жами 1 минг 545  та стационар турдаги оромгоҳ ва соғломлаштириш майдончалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда жами 261 минг 608  нафар болани дам олдириш режалаштирилган. Шу жумладан, 202 та стационар турдаги оромгоҳда 132 минг 337 нафар, 1 минг 343 та соғломлаштириш майдончасида 129 минг 271 нафар бола соғломлаштирилади. Жорий йилги мавсум давомида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари учун жами 80 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Бугунгача ўз фаолиятини бошлаган болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, карантин  талаблари асосида оромгоҳларга болаларни қабул қилиш масалаларига эътиборни кучайтирилиб, алоҳида назоратга олинган. Оромгоҳларга жалб этиладиган ҳодимлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ҳамда тестдан ўтказиш, барча ишловчи ходимлар вакцина олган бўлишларини таъминлаш масаласи доимий диққат марказида бўлмоқда.

Мавсум давомида ҳудудларда Интеллектуал ривожлантириш, Экологик-биологик, ва ўлкашунослик, Техник ижодкорлик, Ижтимоий мослашув, Тарбия ва спорт-соғломлаштириш, Бадиий ижодиёт йўналишларига ихтисослаштирилган оромгоҳларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Жорий йилги мавсумда ҳам ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари имтиёзли равишда дам олдирилиб, соғломлаштирилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бўлган 4500 нафар ўғил-қиз ўз ҳудудларидаги сўлим ва баҳаво орогоҳларда бепул дам олдирилади.

Болажонларни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш мақсадида Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2 минг 360 нафар она-боланинг биргаликда соғломлаштирилиши режалаштирилган.

Сирасини айтганда, мамлакатимизда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилди. Бу юртимизнинг эртанги куни бўлган ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, пировардида таътилни мазмунли ўтказишларига замин яратади. Зеро, шу азиз Ватан ардоғида камолга етган ёш авлод ғамхўрликдан руҳланиб, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада оширишга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини бундан-да юксалтиришга интилиши, шубҳасиз.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

 

 

 

Click to listen highlighted text!