Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Бўстон” санаторийсига бепул йўлланма

09.10.2018. Ўқитувчилик. Бу касб эгалари келажакни яратувчи ниҳолларни тарбияловчи буюк кучдир. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўқитувчиларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан уларнинг 50 нафарига саломатлигини тиклаши учун “Бўстон” санаторийсига бепул йўлланмалар ажратилди.

Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган шарафли касб эгалари айни пайтда санаторийда мазмунли ҳордиқ чиқармоқда. Турли маданий-маърифий тадбирлар уларнинг ҳар бир кунни мазмунли ўтказишида қўл келмоқда. Пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириляпти. Таниқли театр актёрлари, санъаткорлар билан учрашувлар уюштирилмоқда Куни кеча ўтказилган “Таъзим, Сизга, устозлар!” тадбири ҳам ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди. Уни санаторий директори Фарида Акбарова кириш сўзи билан очди. Сўзга чиққанлар устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган эътибор, бунинг келажакдаги аҳамияти ҳақида тўлқинланиб гапиришди.

– Кириб келган кунимиз санаторий ходимлари гулдасталар билан кутиб олишди. Бу кўнглимизни тоғдек кўтарди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Жангил Эсенмурадова. – Барчамизни қайта тиббий кўрикдан ўтказиб, натижалар асосида тегишли муолажаларни белгилашди. Айни пайтдаги қувончимизни таърифлашга тил ожиз.

– Юртимизда мактабгача таълим муассасаларига катта эътибор қаратилмоқда. Муассасамизда ҳам қурилиш ишлари олиб борилаётир. Қўшимча гуруҳлар ташкил қилиниб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу йил замонавий жиҳозлар олиб келинди, – дейди Чиноз тумани 1-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Турсуной Баҳромова. – Айниқса, бепул йўлланма берилиши кутилмаган ҳол бўлди. Тиббий кўрик натижасига кўра, менда гинекологик ҳамда юрак-қон томир тизимида касаллик аниқланди. Муолажалар натижасида ўзимни яхши ҳис қиляпман. Ўз касбининг фидойилари акушер-гинеколог Саида Қувватова, неврапатолог Мадина Тошева ва ҳамширалар Лия Норбоева, Лайло Абдуҳамидовага ўз миннатдорлигимни билдираман.

– Санаторий ходимларининг ширин сўзлиги, ўз вазифасига масъулиятлилиги эътиборга лойиқ. Дам олувчиларга BTL лазер, магнит, УФО, ультратовоуш терапия, парафин, дарсенваль, массаж, балчиқ билан даволаш, шифобахш ванналар, бел тракцияси каби муолажалар ўтказилмоқда, – дейди Жиззах вилояти Дўстлик тумани 4-умумтаълим мактаб ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Каромат Холиқова. – Сув билан даволаш бўлимида сауна, бассейн, шифобахш ўтлар, кислород кўпиги билан даволовчи фитобар мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, бошқа сиҳатгоҳларда кўрмаганим, санаторийнинг ЛФК бўлимида кун давомида 5 маҳал жисмоний даволовчи машқлар ўтказилар экан. Бу биз ақлий меҳнат кишилари учун кони фойда ҳисобланади.

Тадбир кўтаринки руҳда ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди. Дам олувчиларга совғалар топширилди. “Бўстон” бадиий ҳаваскорлик дастаси ҳамда “Ўзбегим” дастаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларни хушнуд этди.

Маҳмуда МУРЗАЕВА,

Санатор-курортлар бошқармаси ўқув-услубий марказининг маданий-маърифий ишлар бўйича мутахассиси

Click to listen highlighted text!