Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Диққат марказида инсон омили ва хотин-қизлар манфаатлари

29.12.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган тарздаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бош прокуротура, вазирлик ва идораларнинг раҳбар ўринбосарлари,  Тошкент шаҳар молия, бандлик, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари бошқармалари бошлиқлари, туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари раҳбарлари иштирок этдилар. Шунингдек, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари онлайн тарзда қатнашдилар.

Видеоселектор йиғилишини Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Йиғилиш кун тартибидан 2 та масала – “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 3-босқичида амалга ошириладиган ишлар ва Кооперация усулида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда оммалаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 6 ноябрда бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастурни қабул қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар, – дея таъкидлади Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков. – Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу устувор масаланинг туб замирида хотин-қизлар учун барча соҳалдарда бирдек муносиб шароитларни яратиб бериш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни рози қилиш каби эзгу мақсадлар мужассамдир.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуслари билан амалиётга татбиқ этилган ва дунёда аналоги бўлмаган “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими орқали кўплаб хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, жорий йил давомида “Аёллар дафтари”нинг 1- ва 2-босқичи доирасида 900 мингга яқин хотин-қизга амалий ёрдамлар кщрсатилиб, турмуши сифати ва даражасини ошириш ишлари олиб борилди. Олдинда эса “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичини амалга оширишдек муҳим вазифа турибди.

Қайд этиш зарурки, 1 йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда “Аёллар дафтари” орқали хотин-қизларга амалий ёрдам бериш тартибини такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг тоифаларига ўзгартириш киритилди. Натижада эндиликда эҳтиёжманд хотин-қизлар 6 та тоифа йўналишида аниқланади. Булар: Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар, Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар, Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлардир.

Шунингдек, эндиликда ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдам дафтарга киритилган барча хотин-қизларга кўрсатилади.

Яна бир ўзгариш: “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларини мониторинг қилиб бориш мақсадида “Индивидуал анкеталари”ни юритиш тартиби кучайтирилади. Хусусан, Индивидуал анкеталарда ҳар бир хотин-қизнинг барча маълумотлари ва қайси тоифага киритилганлиги ҳамда унга ким?, қачон? ва қандай? ёрдам бериши аниқ ёзилади. Индивидуал анкеталар туман (шаҳар) маҳалла бўлимлари томонидан юритилади.

Видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг
3-босқичини ўз вақтида ва юқори савияда ўтказиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Хусусан, энг аввало, барча туман ва шаҳарлардаги маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, анкета-сўровномаларни ўтказиш орқали хотин-қизлар муаммолари ўрганилади. Бунинг учун, 1- ва 2-босқичда бўлгани каби 9 277 та маҳалланинг ҳар бирида биттадан ишчи гуруҳи иш олиб боради. Энг муҳими ўрганишлар жараёнида бирорта ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз эътибордан четда қолмаслиги зарур эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу ўринда, ўринли савол туғилади. Яъни, “Аёллар дафтари”нинг 1- ва 2-босқичида рўйхатга киритилган хотин-қизлар янги рўйхатга киритиладими? Бунга жавобан таъкидландики, фақат илгари 1-тоифада бўлган ҳамда доимий иш ўрни билан таъминланган ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизларгина киритилмайди. Эътибор қаратилиши зарур бўлган яна бир жиҳат: Ишчи гуруҳлари ўрганиш ишларини олиб бораётганда аҳоли орасида боқимандалик ҳолати вужудга келмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозимлиги қайд этилди. Бунинг учун оилаларга кирилганда, боқимандаликнинг фарзандлар тарбиясига, оила даромадига қанчалик салбий таъсир кўрсатиши, ижтимоий фаоллик эса оила фаровонлиги даражасининг ошишига хизмат қилиши ҳақида таъсирчан тавсиялар билдириши мақсадга мувофиқ эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, дастлабки таҳлилларга кўра 30 ёшдан юқори жами хотин-қизларнинг тахминан 9,1 фоизи, яъни 630 минг нафардан зиёди ёрдамга муҳтождир. Видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида ана шундай хотин-қизларга биринчи навбатда эътибор қаратилиши зарур эканлиги алоҳида таъкидланди. Якуний рақамлар эса, албатта, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан тасдиқлангандан сўнг аниқ бўлиши айтиб ўтилди.

Тадбирда таъкидланганидек, эҳтиёжманд хъотин-қизларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартириш, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш орқали уларни камбағалликдан чиқариш масаласи Давлатимиз Раҳбарининг доимий эътибор марказидадир.

Шу боис хонадонма-хонадон юриш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ишларини олиб борилгач, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқич рўйхатлари шакллантирилиб, индивидуал анкеталарни тўлдирилади. Шундан сўнг рўйхатлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун киритилади. Пухта ўрганиш ва таҳлиллардан сўнг амалий ёрдам бериш ишларини бошлаш чоралари кўрилади.

Йиғилишда Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари “Аёллар дафтари” тизимини юритиш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, маълумотлар ва амалий ёрдамлар ҳаққонийлиги бўйича шахсан жавобгар эканликлари қайд этиб ўтилди.  Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари олдинда турган долзарб вазифалар, уларни тўлақонли ва изчиллик билан амалга ошириш бўйича олиб бориладиган бирнчи навбатдаги ишлар хусусида фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг, видеоселектор йиғилиши кун тартибидаги 2-масала – Кооперация усулида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда оммалаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуслари билан кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини оммалаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ҳар бир ҳудудда касаба уюшмалари, ҳудудий ҳокимликлар ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар бошқармалари вакилларидан иборат штаблар тузилиб, кооперация фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташаббускорларни аниқлаш ва бизнес лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилди. Натижада 73 та йўналишда жами 899 та, шундан 705 та янги ва 194 та мавжуд кооперацияларнинг фаолиятини кенгайтириш бўйича бизнес лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар ва уларни амалга ошириш бўйича “Йўл хариталари” туман (шаҳар) ҳокимлари қарорлари билан тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали 2 минг 429  та маҳалладаги 200 мингдан ортиқ хонадонлар кооперацияларга жалб этилиб, қўшимча 233 минг 701 нафар киши , жумладан 158 минг 71 нафар хотин-қизлар кооперация орқали бандлиги таъминланади. Шу билан бирга, кооперацияларга жалб этилган хонадонларга хизмат кўрсатувчи қўшимча 44 минг 777 нафар киши, шундан 28 минг 802 нафари хотин-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланади. Лойиҳаларга кўра, 2022 йил якунига қадар жами 278 минг 478 та янги иш ўрини яратилиши кўзда тутилган. Сирасини айтганда, ушбу кооперацияларни тўлиқ ишга тушириш орқали, мавжуд иш ўринлари билан қўшиб ҳисоблаганда, жами 310 минг 605 нафар киши, шундан 205 минг 943 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Олдинда эса кооперацияларни ташкил этиш бўйича бир қатор долзарб вазифалар турибди. Хусусан, ҳар бир вилоят ва туман (шаҳар)да аввалги сафарда бўлгани каби иқтисодий комплекс ташкилотларидан таркиб топган ишчи гуруҳ фаолияти қайта йўлга қўйилади ҳамда ҳокимлар билан биргаликда лойиҳа эгаси бўлган тадбиркорлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тасдиқланган “Йўл хариталари”даги ижрочи ташкилотларнинг ҳар бири билан бирма-бир мулоқотлар ўтказилади.

“Йўл харитаси”даги вазифалар ижроси бўйича аниқ чоралар кўрилиши билан бирга, ижросини таъминлаш бўйича бирор бир муаммолар мавжуд бўлса, зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, тижорат банклари ва меҳнат инспекциялари билан биргаликда тадбиркорларга ҳужжат ишларини юритишга, жумладан янги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит ва субсидия олиш ишларига кўмаклашади. Тадбиркор, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда кооперацияга жалб этиладиган хонадонлар ўрганилиб, уларнинг рўйхатлари шакллантирилади ва хонадонда маҳсулот етиштириш учун зарур барча шарт-шароитларни ташкил этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилади.

Бундан ташқари, тадбиркор, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, меҳнат, ўқув марказлари билан биргаликда кооперацияга жалб этиладиган аҳолининг маҳсулот етиштириш бўйича малакасини ошириш ишларини ташкил этилади. Таъкидланганидек, бунда, аҳоли малакасини ошириш пухта илмий асосланган ҳолда амалга оширилиши лозим. Шундай фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан амалий учрашувлар ташкил этиб, уларнинг тажрибасини ўргатиш, тарғиб қилиш тизимини йўлга қўйилиши зарур.

Йиғилишда янги ташаббускор тадбиркорлар ҳамда ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда аввалги ўрганиш ишлари давомида кооперацияни ташкил этиш назарда тутилмаган туман ва шаҳарларда, жумладан Тошкент шаҳрининг қолган туманларида ҳам янги лойиҳалар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши лозим эканлиги таъкидланди. Кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда ҳар бир маҳаллага манзилли ёндашиш, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш зарурлиги, Халқ банки, Агробанк ва Микрокредитбанк Кооперацияларни ташкил этиш бўйича тадбиркорларга кредит бериш ишларига масъул эканлиги, кредит ажратишда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва сансалорликларга йўл қўйилмаслиги зарурлиги қайд этилди.

Видеоселектор йиғилиши якунида кун тартибидаги иккала масаланинг ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга эканлиги, улар бўйича белгилаб олинган вазифаларни амалга ошириш барчадан бирдек маъулият ва ташаббус талаб этиши, ушбу вазифалар ўз вақтида сидқидилдан бажарилсагина эртага ижобий натижа бўлиши алоҳида таъкидланди. Бунинг учун эса барча масъуллар бор куч-ғайратини тўлиқ сафарбар қилиб, идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!