Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Эҳтиром» нишони совриндорлари тантанали тақдирланди

10.12.2016. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги кенг нишонланаётган шукуҳли кунларда иқтисодётнинг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги тизимли ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган касаба уюшма ходимлари ва фаолларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

972Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Танзила Нарбаева куни кеча мамлакатимизда кўтаринки кайфият ва халқ иродаси билан юқори савияда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, унинг натижалари, фуқаролар танловининг нақадар тўғри ва муносиб танлов бўлганлигини алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти томонидан илгари сурилаётган тамойилларнинг барчаси инсон омили ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини таъкидлади.

Тадбирда шунингдек, бугунги кунда давр талабидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолияти кўлами кенгайиб бораётгани, ижтимоий шериклик асосида аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар даромадларини янада ошириш, иқтидорли ёшлар, меҳнат фахрийлари, илғор тажрибага эга бўлган ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ижтимоий ҳимоясини амалга ошириш, меҳнат жамоаларида кўтаринки ва шукроналик кайфияти барқарорлигини таъминлаш масалалари устувор вазифалар қаторидан ўрин олгани қайд этилди. “Эҳтиром” нишони билан тақдирлаш жараёнида ҳам номзодлар томонидан мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар салмоғига алоҳида эътибор қаратилди.

974Жорий йилда “EHTIROM” нишони билан тақдирлаш учун тавсия этилган номзодлар сони 50 нафардан ортиқни ташкил этди. Номзодлар фаолияти махсус комиссия томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганиб чиқилди. Мазкур жараёнда асосий эътибор тақдирлашга тавсия этилган номзоднинг ўз фаолияти давомида ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси, уларга Мустақиллик йилларида юртимизда эришилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш,  меҳнат жамоасини ўз олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга сафарбар этиш йўналишларида олиб бораётган амалий ишлари самарасига қаратилди.

Мазкур мезонлар асосида саралаб олинган 22 нафар энг фаол ва ташаббускор турли соҳа ходимлари, ижтимоий ҳамкорлар, иш берувчилар ва фаоллар Касаба уюшмалари Федерациясининг “EHTIROM” нишони билан тақдирланди.

– Бугун энг йирик жамоат ташкилотларидан бири бўлган касаба уюшмаларининг фаолияти тубдан ислоҳ этилиб, инсонга наф келтириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз, – деди тадбирда сўз олган  Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими кенгаши раиси,  “Эҳтиром” нишони билан тақдирланган Хасан Нормурадов. – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб ном олган 2017 йилда касаба уюшмаларининг бу борадаги ишларига янада ривож тилаймиз.

973–  Касаба уюшмалари бугунги кунда нафақат ходимларни дам олдириш ва соғломлаштириш, балки уларни иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий масалаларини ҳал этиш, мавжуд муаммоларига ечим топиш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқдалар, – деди  Акциядорлик тижорат «Алоқабанк» маркетинг бўлими бошлиғи, касаба уюшмаси қўмитаси раиси, “Эҳтиром” нишони соҳибаси Рамиля Сахапова. – Қувонарлиси шуки, иш берувчилар ҳам корхона ёки меҳнат жамоаси фаолиятига оид муҳим масалаларни ҳал этишда ижтимоий шериклик асосида касаба уюшмалари билан ҳамжиҳат ва ҳаммаслаҳат иш кўрмоқдалар. Бу албатта ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари уйғунлигини таъминламоқда. Мазкур тадбирда турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз камтарона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида юқори натижаларга эришаётган инсонлар ва касаба уюшма фаолларининг рағбатлантирилаётгани бизни янги-янги ташаббус ва ютуқлар сари ундайди.

971Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда узоқни кўзлаган ҳолда одилона танланган тараққиёт йўли эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларимизнинг муҳим омили бўлаётгани ҳамда йилдан йилга халқимиз турмуши фаровонлигини ошириб, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасини янада такомиллаштириш имконини бераётганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, сўнгги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, бу орқали ижтимоий масалаларни ҳал этишда ижобий натижаларга эришиш, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий-иқтисодий хаётида тутган ўрнини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида “EHTIROM” нишонига сазовор бўлаётганлар орасида иш берувчилар, ижтимоий шериклар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакилларининг салмоғи ортиб бораётгани қайд этилди.

Тадбир якунида меҳнаткашлар манфаатлари ҳимояси йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш, айниқса, жамоа шартномаларининг ижтимоий таркибини кучайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида касаба уюшмалари олдида турган галдаги вазифаларга ҳам алоҳида тўхталинди. Айниқса, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишларидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлардан нодавлат секторидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳам тўлақонли фойдаланишларини таъминлашга эътиборни кучайтириш  лозимлиги қайд этилди.

 Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!