Энг намунали бошланғич касаба уюшма ташкилоти
17.12.2013. 2013 йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Энг намунали бошланғич ташкилот” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи ғолибларини тиқдирлаш маросими ўтказилди. Унда иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари вакиллари, қатор вазирликлар ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар ва ижтимоий шериклар иштирок этдилар.
Маълумки, касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш жараёнида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаоллигини янада ошириш, бу орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бошланғич касаба уюшмаси – энг муҳим бўғин ҳисобланиб, меҳнат кишисининг ҳақиқий ҳимоячиси ва таянчидир. Шу боис соҳани ислоҳ этиш асносида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, молиявий имкониятларини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан ҳар 2 йилда бир маротаба ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танловдан кўзланган мақсад ҳам бошланғич ташкилотлар етакчилари масъулиятини янада ошириш, уларнинг замон билан ҳамнафас қадам ташлашларига эришиш ва бу орқали ходимлар оғирини енгил қилиш, улар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликда қулай ва бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилишини таъминлашдир.
Бугун бошланғич ташкилотлар республика касаба уюшмалари ҳаракатида алоҳида ўрни тутади. Бунда касаба уюшмалари Федерациясининг V-Қурултойидан сўнг тизимда ходимлар манфаатларини самарали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, жамоа келишувлари ва шартномалари орқали меҳнат муносабатларига оид долзарб масалаларнинг ҳал этилиши, уларда белгиланган имтиёзлардан барча ходимларнинг бирдек фойдаланишига эришилмоқда. Айниқса, касаба уюшма органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш мақсадида касаба уюшма аъзолари олдида мунтазам ҳисобот бериб бориш тизимининг йўлга қўйилгани ўз ижобий самарасини бермоқда. Жумладан, барча жамоа шартномаларига аёллар ва ёшларнинг манфаатларини ҳимоялашга оид алоҳида бўлимлар киритилиб, улар учун қўшимча имтиёзлар белгиланди. Шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари бажарилишини таъминлашга оид иш берувчиларнинг мажбуриятлари киритилди.
Энг муҳими, ўз фаолиятини давр талаби асосида ташкил этаётган касба уюшмалари бугунги кунда нафақат ходимлар манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ходимлар даромадларини ошириш йўналишларида ҳам тизимли иш олиб бомоқдалар. Тошкент Иссиқлик электр станциясида бошланғич касаба уюшма ташкилоти ва иш берувчи ижтимоий ҳамкорлигида ташкил этилган ёрдамчи хўжаликлар, қорамол фермаси, асаларичилик хўжалиги, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖнинг Самарқанд филиали касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида яратилган 5 гектарлик боғ, уларда бир неча ўнлаб кишиларнинг бандлиги таъминланганлиги бошланғич касаба уюшмалари ташаббускорлиги намуналаридандир. Мазкур ёрдамчи хўжаликларда етиштирилаётган мева ва сабзавотлар, цитрус мевалари, асал ва сут маҳсулотлари меҳнаткашларга имтиёзли нархларда етказиб берилмоқда. Ижтимоий ҳимоянинг бу каби янги усуллари мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Рақамларга мурожаат этсак, кейинги 3 йил мобайнида касаба уюшмалари иштирокида имзоланган жамоа шартномалари ва келишувларида белгиланган имтиёзлардан 102 минг нафарга яқин фуқаро ва 260 мингдан ортиқ оила фойдаланди. Уларга 112,2 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Кам таъминланган оилалардан бўлган коллеж ўқувчилари ва битирувчиларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида охирги 2 йил давомида корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган ҳамда касб-ҳунар коллежларини имтиёзли диплом билан тугатган 59 минг 525 нафар коллеж ўқувчилари ҳамда битирувчиларига бошланғич ташкилотлар маблағлари ҳисобидан жами 1 млрд. 83 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Корхона, ташкилотларда ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш йўналишидаги ишларда ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликлари профилактикаси масаласининг амалиётга тобора кенг жорий этиб борилиши натижасида ижобий кўрсаткичлар йил сайин ортиб бормоқда. Бевосита бошланғич ташкилотлар иштирокида жами 6836 та ишлаб чиқариш корхоналарида уч босқичли маъмурий-жамоатчилик назорати ўрнатилган бўлиб, унинг бориши меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган вакиллар, корхона раҳбари ва касаба уюшма қўмитаси йиғилишларида муҳокама этиб келинмоқда.
Асосий эътиборнинг нодавлат секторидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг барчасини касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олишга қаратилиши натижасида уларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳам бугун жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ва кафолотлардан фойдаланмоқдалар.
Яна бир муҳим жараён, бу корхона ва ташкилотларда иш ўринларини аттестациядан ўтказиш ва меҳнат шароитларини паспортлаштириш масаласидир. Ушбу соҳага эътибор кучайтирилиши натижасида Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси, Алоқа ҳамда Агросаноат мажмуи тармоқлари тизимидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларида иш ўринлари аттестациядан ўтказилиб, меҳнат шароитларини паспортлаштириш ишлари йўлга қўйилди.
Аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда бошланғич ташкилотларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Хусусан, ҳар ойда 28 мингга яқин бошланғич ташкилотларда «Маънавият соатлари» ўтказилиб, уларда 3 млн. нафардан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этмоқда.
Фаолиятида ижобий натижаларга эришаётган бошланғич ташкилотларни аниқлаш ва тақдирлаш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида 2011 йилда илк маротаба “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловини ўтказиш йўлга қўйилган эди. Ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, мазкур танлов бугун бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг корхона, ташкилотлар ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ва иштирокини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йил август ойида «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилиб, уларда 1700 га яқин бошланғич ташкилот иштирок этган эди. Корхона, ташкилотларда ташкил этилган касаначилик иш ўринларида ишлаётган ходимларни касаба уюшмасига жалб этиш, жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёзлардан касаначиларнинг ҳам фойдаланишини таъминлаш ва доимий назоратга олиш, ходимларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, корхонага янги ишга келган коллеж ва олий ўқув юрти битирувчиларини иш жойида муқим ўрнашиб қолишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар мазкур танлов мезони вазифасини ўтади.
Инсонга наф келтириш йўлида намунали фаолият олиб бораётган касаба уюшма қўмиталари ишини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат кишиси манфаатлари йўлидаги фаолиятини янада кучайтириш, бошқа касаба уюшма қўмиталари ўртасида илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган мазкур кўрик-танловда иштирок этган бошланғич ташкилотлар фаолияти Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика комиссияси томонидан чуқур таҳлил этилди. Хусусан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, ташкилий масалалар, тарғибот-ташвиқот соҳалари бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бунда айниқса, бошланғич ташкилотнинг ходимлар муаммоларини ҳал этишда эришган аниқ натижалари, улар учун яратилган меҳнат шароитлари, касаба уюшма ташкилотининг янги иш ўринларини ташкил этишдаги иштироки, жамоа шартномасини тузиш қоидаларига риоя этилганлиги ва унинг мазмуни қонун ҳужжатларига мослиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларда ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини йўлга қўйишдаги иштироки, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўтказилган тадбирлар, меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга олинди.
Мазкур кўрик-танловнинг туман, шаҳар, вилоят, республика тармоқ босқичларида сараланган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Республика босқичида иштирок этдилар ва тармоқлар хусусиятларини инобатга олган ҳолда саноат ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий соҳа йўналишларида ғолиблар аниқланди.
Кўрик-танлов ғолиблари бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Фахрий ёрлиқ ҳамда махсус мукофотлар билан тақдирландилар. Шунингдек, танловнинг Республика босқичида иштирок этган 5 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти махсус номинация бўйича мукофотланган бўлса, 9 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлди.
Энг намунали деб топилган бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолиятларидаги янги лойиҳа ва амалиётлари тақдимотини намойиш этдилар. Танлов доирасида ташкил этилган кўргазмалар бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигининг йил сайин ортиб бораётганини яққол намоён этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати