Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Фарзандларимиз энг яхшиларига муносиб ёхуд болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш тизимини такомиллаштириш зарурати хусусида

26.11.2018. Болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланиб, мазкур соҳага мунтазам равишда эътибор қаратилади, тегишли вазирликлар ва идоралар жалб этилади. Бироқ айрим масалаларни камайтириш ва уларни юмшатиш аксарият ҳолларда кўп йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларнинг қатламланишига олиб келади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ билан суҳбатимиз ёзги соғломлаштириш мавсумининг якунлари ва мазкур йўналишдаги муҳим масалалар хусусида бўлди.

ЮКСАК ТАШКИЛИЙ ДАРАЖАДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук шахс этиб тарбиялаш, билим олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг салмоқли натижаларини бермоқда.
Мамлакатимизда болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ишлари ёзги мавсумдагина эмас, бутун йил давомида олиб борилишини таъкид­лаш лозим. Бунинг натижасида турли ҳудудларда, хусусан, чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи ўғил-қизлар, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари, кўп болали ҳамда эҳтиёж­манд оилаларнинг фарзандлари имтиёзли асосда Ўзбекистоннинг гўзал табиат гўшаларидаги сўлим оромгоҳларда ҳордиқ чиқарадилар.
Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи, шунингдек, ишчи гуруҳлар ёзги мавсумни ҳар бир ҳудудда намунали ҳамда уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминладилар.
2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиш­лари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ёзги мавсумни ташкил этиш мазкур йўналишдаги ишлар сифатини оширишга ҳамда оромгоҳлар фаолиятини яхшилашга кўмак­лашди. Мавжуд оромгоҳларда капитал таъмирлаш ва янги оромгоҳларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада ёзги мавсумда болаларни дам олдириш кўлами кенгайди.
Шу билан бирга, соҳада такомиллаштиришга эҳтиёж сезилаётган қатор масалалар ҳам мавжуд.

– Шуҳрат Холбўтаевич, жорий йилда нечта оромгоҳ фаолият кўрсатди ва ёзги мавсумда қанча болалар дам олдирилди?

– Ёзги мавсумда 1346 та оромгоҳнинг фао­лияти ташкил этилиб, уларда 328 минг нафар бола дам олдирилди, белгиланган режа 108,7 фоизни ташкил этди. Шулардан 222 та стацио­нар оромгоҳда 171,3 минг нафар бола, 991 та кундузги оромгоҳда 156,9 минг бола, 133 та «Меҳнат ва дам» олиш оромгоҳида 5,3 минг нафар ўсмир соғломлаштирилди. Соғломлаштириш тадбирлари асосан 3-5 навбатда ташкил этилиб, болалар 12 кундан 18 кунгача бўлган муддатда дам олдирилди.

Бепул ва имтиёзли асосда кўп болали ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандларидан иборат 60 минг нафар бола, «Меҳрибонлик» уйларининг 3,6 минг нафар тарбияланувчиси, шунингдек, Оролбўйи ҳудудидан 4,6 минг нафар бола Жиззах, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги оромгоҳларда дам олдирилди. Бундан ташқари, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2,6 минг нафар оналар ва болалар имтиёз асосида соғломлаштирилди.
220 та турли ихтисослашган оромгоҳлар ташкил этилди.
Барча соғломлаштириш оромгоҳлари сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий воситалар билан таъминланди, санитария меъёрларини таъминлаш ҳамда тажрибали педагоглар ва тиббиёт ходимларини жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

– Бизга кундузги оромгоҳлар керакми? 108,7 фоиз – бу яхшими ёки ёмонми?

– Барчаси таққослаш асносида аниқланади. Рақамларга мурожаат этамиз: Ўзбекистон аҳолиси 33 миллион кишини ташкил этади. 7 дан 14 ёшгача бўлган болалар сони 4 миллиондан зиёд бўлиб, болаларнинг 4 фоизигина қамраб олинди, кундузги оромгоҳларга болаларни қабул қилиш билан эса бу рақам 7,5 фоизга ўсди.
Бундай ўсиш бизни мутлақо қониқтирмайди. Нима учунлигини бошқа мамлакатлардаги статис­тик маълумотлар асосида тушунтириб бераман.
Ёзги соғломлаштириш жараёнига Россия Федерациясида 6 дан 18 ёшгача бўлган болалар, ўсмирларни қамраб олиш 37 фоизни, Беларусда эса 57,2 фоизни ташкил этади. Биз 7,5 фоиз билан мазкур рўйхатда оқсаяпмиз.
Бизга қўшни бўлган Қозоғистон ва Қирғизис­тонда кундузги оромгоҳлардан воз кечилган. Болалар мактаб қошидаги оромгоҳларда дам олмайдилар, улар йил мобайнида мактаб муҳитидан чарчайдилар. Худди ўша мактаб биноси, дам олиш учун тўлақонли шароит йўқлиги ва ўқув йили мобайнидаги яна ўша ўқитувчиларнинг ёзги мавсумда ҳам улар билан ишлаши уларга қизиқарли эмас.
Аммо бизда шаҳар ташқарисидаги стационар оромгоҳлар етишмайди. Мавжудлари эса тўлиқ қувват билан ишламайди. Кундузги оромгоҳлар кўпайиб кетишининг сабаби шунда.
Улар ташкил этилаётган даврда ташкилий, молиявий фаолият юритиш масалалари бўйича барча масъулият маҳаллий ҳокимият ва биринчи навбатда халқ таълими бўлимларига юклатилган эди.
Кундузги оромгоҳларда инвентарлар етишмайди. «Дам олиш соати» ўтказиш учун жой йўқ. Ҳамма жойда бир хил мактаб буфети кўринишидаги таомнома. Ваҳоланки, мазкур оромгоҳларда ҳам уч маҳал иссиқ таом – нонушта, тушлик ва куннинг иккинчи қисмидаги кечки таом ташкил этилиши керак. Болалар оромгоҳда 8:30 дан 17:00 гача бўлмоғи лозим. Амалда эса уларни 14:00 да уйларига жўнатиб юборишади. Фақат тушликда овқатлантиришади. Лекин ҳамма вақт ҳам эмас.
Соғломлаштириш оромгоҳлари курорт зоналари, ўрмон массивлари, сув ҳавзалари (дарё, кўл, ҳовуз, денгиз), сув таъминоти ва электр таъминоти яқинида бўлмоғи керак.

– Умуман олганда, болаларни кундузги оромгоҳларда дам олдиришдан воз кечиш мумкинми?

– Фикримча, аллақачон бунинг фурсати етди. Бу борада бизга нафақат кўплаб мамлакатлар тажрибаси намуна бўлибгина қолмай, балки бу борада ўзимизнинг ҳам тажрибамиз бор.
Масалан, Қашқадарё вилоятида етти йилдан бери кундузги оромгоҳларсиз иш олиб борилмоқда. Натижа эса эътиборга лойиқ. Агарда 2018 йилда Қашқадарё вилоятида 24 минг нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлса, ҳозирги кунда аниқ амалдаги кўрсаткич – 27 минг бола соғломлаштирилиб, режа 111 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, иккита стационар оромгоҳ таъмирда бўлиб, реконструкция ишлари олиб борилганди.
Бу йил мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлардан Хоразм вилояти воз кечди ва Фарғона ҳамда Навоий вилоятлари ҳам мактаб­лар қошидаги кундузги оромгоҳлар фаолиятидан батамом воз кечиш арафасида турибди.
Антирекордчилар ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлар Сурхондарё вилоятида 168 тани, Тошкент вилоятида 160 тани, Бухоро вилоятида 115 тани, Наманган вилоятида 102 тани, Фарғона вилоятида 144 тани, Тошкент шаҳрида эса 65 тани ташкил этди. Ваҳоланки, мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлар жами оромгоҳларнинг 50 фоиздан ортиқроғини ташкил этади.
Ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари мазкур йўл хато эканлигини яхши билиш­ларини таъкидлаш лозим. Бизнинг назаримизда, ҳозирча мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлар фаолиятидан бутунлай воз кечиш мумкин эмас. Ёзги мавсумда болаларни дам олишга қамраб олишда кундузги оромгоҳларни 15-20 фоизга келтириш мақсадга мувофиқдир. Қолган барча болалар шаҳар ташқарисидаги стационар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олишлари даркор.

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан «Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарорига асосан «Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепция­си» тасдиқланди. Болаларнинг ёзги соғломлаштириш ва дам олишини ташкил этиш тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни назорат қилиш ва амалга ошириш бўйича мониторингини олиб бориш ҳамда амалга татбиқ этиш юзасидан Республика Мувофиқлаштириш гуруҳи тузилди. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири мазкур гуруҳнинг раиси ҳисобланади. Ҳудудларда эса ушбу мажбурият ҳокимларнинг зиммасига юкланган.

– Ҳозирги кунда бўш турган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳудудларидан қандай фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида фикрингиз?

– Ёзги оромгоҳлар шаҳар ташқарисидаги махсус ажратилган ҳудудлар, аҳоли турар жойлари, курорт зоналари, ўрмон массивлари, сув ҳавзалари (дарё, кўл, ҳовуз, денгиз), сув таъминоти ва электр таъминоти яқинида жойлаштирилишини яна бир бор такрорлашни истардим.
Ёзги оромгоҳлар учун жой танлашда қулай темир йўл, автомобиль йўллари, канализация ва тозалаш иншооти қурилмалари мавжудлигини ҳисобга олиш даркор.
Биз республика бўйича мониторинг ўтказдик ва умумлаштирдик. Ҳозирги кунда республикада шаҳар ташқарисидаги 32 та соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти тўхтаган. Агарда улар яна фаолият ­бошласа, болаларни дам олдириш кўлами сезиларли даражада ошади.
Қолаверса, ҳар йили ташлаб қўйилган оромгоҳлардан биттаси ишга туширилса ёки янгиси қурилса айни муддао бўларди.
Биласизми, болаларни оромгоҳларга қамраб олишни кўпайтиришнинг яна бир йўли, бу – ишлаётган шаҳар ташқарисидаги соғломлаштириш оромгоҳларини йириклаштириш ва реконструкция қилишдир. 100-200 ўринли оромгоҳлар ўзининг муддатини ўтади. Шаҳар ташқарисида 500-1000 ўринли болалар соғломлаштириш оромгоҳлари зарур. Ўтган давр амалиёти буни кўрсатмоқда.
Кўпгина корхоналар ўз тасарруфида бўлган шаҳар ташқарисидаги соғломлаштириш оромгоҳларини таъминлай олмайди. Уларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси балансига ўтказиш ҳамда беш йил мобайнида молиялаштириш мумкин.

– Сиз баён этган муаммо таассуф ҳамда ҳадик уйғотади. Ҳозирги кунда мазкур оромгоҳларнинг аксарияти фаолиятини тўхтатган. Бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак?

– Биринчидан, ҳар бир ҳудудда ишни фаоллаштириш ва қисқа муддатда болалар дам олиш оромгоҳларининг моддий-техника базасини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш керак. Нима учун ўтган йиллар мобайнида шаҳар ташқарисидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тугатилган ва уларнинг фаолиятини қайта тиклаш йўлларини чуқур таҳлил қилиш даркор. Биз бу йўналиш бўйича таклифларни қабул қилишга тайёрмиз.
Шу ўринда янги оромгоҳларни қуриш эмас, балки мавжудларини кенгайтириш кераклигини таъкидлаб ўтишни истардим.
Эндиликда эса «Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси»дан келиб чиқиб, болалар ва ўсмирлар соғломлаштириш оромгоҳларини қуйидаги тартибда ташкил этишимиз мумкин:
– интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари олимпиада ва танловлар ғолиблари — иқтидорли болалар учун ташкил этилиб, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда мулоқот қилишни такомиллаштирувчи;
– санатор-соғломлаштириш оромгоҳлари юрак қон-томир касалликлари, нафас олиш йўллари органлари ва овқат ҳазм қилиш ҳамда таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари билан оғриган 8-18 ёшдаги болалар ҳамда ўсмирлар учун;
– меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари 15-18 ёшдаги мактаб, лицей, коллежлар ўқувчиларининг дам олиши ҳамда ижтимоий-фойдали меҳнат билан шуғулланишини биргаликда қўшиб олиб боришни кўзда тутган ҳолда ташкил этилади;
– бугунги кунда биз ўлкашунослик, экологик туризм оромгоҳлари ва ёш сайёҳлар учун чодирли оромгоҳлар барпо этишга урғу беришимиз лозим.

БИЗ НИМАДАН ЧЎЧИЯПМИЗ ВА НИМАНИ КУТАЯПМИЗ?

– Нима учун биз доим нималардандир ҳадиксираб турамиз, аввалдан муҳофаза чораларини кўрамиз? Ваҳоланки, шаҳар ташқарисидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида сайёҳлик гулхани ёнида чўғда пишган картошка билан эрта тонгни кутиб олишлар авваллари ҳам бўлган-ку? Икки-уч кунлик сафарлар уюштирилиб, чодирларда дам олишлар ва касб маҳорати даражасида таомлар тайёрланиб, доривор ўсимликлар тўплашлар ташкил этилмаганми ахир!?

– Фикрингизга тўла қўшиламан. Қўшимча муҳофаза чоралари, тақиқлар бирор кор-ҳол рўй бермаслиги учун. Қандайдир кичик жароҳат ёки, худо асрасин, бирор жойнинг шикастланишими…
Нима, бола ўз уйида ҳеч қачон йиқилмайдими? Қаранг, Чимён дарасида, Оқтошдаги Қорақия дарёсида қандай гўзал жойлар, Хўжакентда ибтидоий одамнинг манзилгоҳи бор. Болаларни сафарларга олиб боринг, сайёҳлик қўшиқлари танловларини уюштиринг, ёш рассомларга беринг, она диёримизнинг гўзаллигини қоғозга кўчирсинлар. Барчаси мумкин!
Лекин сайёҳлик йўналишлари сайёҳлик фирмалари раҳбарлари ва ФВВ раҳбарлари билан келишган, схема ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш эслатмаси, йўл аптечкаларига эга бўлган ҳолда тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида уюштирилади. Жисмоний тарбия, сузиш бўйича раҳбар ходимлар тегишли маълумотга эга мутахассис бўлиши даркор.

– Тарбиячи сифатида ишга катта ёшдаги кишилар қабул қилинаётгани, етакчиларни эса кўп ҳолларда педагогика олий ўқув юртлари талабалари бўлмаган ёшлар ташкил этаётган бир пайт­­да қанақасига сафарлар уюштириш ҳақида сўз юритиш мумкин. Бу муаммони қандай ҳал этиш даркор?

– Бу ҳақда менинг фикрим шундай: тарбиячи-педагогларнинг хизматидан умуман воз кечиш керак, оромгоҳларда волонтёрлар ишлаши даркор.
Волонтёрлар жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида – йирик давлат тадбирлари ва, албатта, болаларни соғломлаштириш оромгоҳларидаги тадбирларни ташкил этишда фаолият кўрсатадилар.
Волонтёрни ишга таклиф этганда, унутмаслик керакки, у албатта балоғат ёшига етган – йигирма ёшдан кам бўлмаслиги шарт. Педагогика олий ўқув юртлари талабалари ҳам волонтёр бўлиши мумкин, бу улар учун амалиёт вазифасини ўтайди. Волонтёрлар оромгоҳнинг ички тартибига қатъий риоя этиш­лари, тиббиёт дафтарчасига эга бўлишлари лозим. Волонтёрлар одатда сафарлар, спорт ўйинларининг яхши ташкилотчилари бўлиб, моделлаштириш, конс­трукторлик, техник ижодкорлик тўгаракларининг раҳбарлари бўлишлари ҳам мумкин. Улар болалар билан биргаликда спорт мусобақаларида, шунингдек, кўриклар ва бадиий ҳаваскорлик фестивалларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишлари даркор.

– Дарвоқе, спорт ҳақида… Авваллари оромгоҳлараро спорт мусобақалари кўп ва хўб ўтказилар эди. Бугунги кунда эса асосан «Ёшлик» ва «Қуёшли» оромгоҳларида оромгоҳлараро спартакиадалар кўнгилдагидек ташкил этилишини айтиш мумкин.

– Кўпгина оромгоҳларда футбол майдонлари, баскетбол майдончалари мавжуд эмас. Соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болалар шаҳарлардаги мавзелар ичида жойлашган майдончаларга ҳавас билан қарашлари ҳам, аслида, шундан.
Ҳозирги кунда болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Оромгоҳларда спорт барча тарбиявий ишларнинг асоси бўлиши керак. Спорт олий ўқув юртлари талабаларини волонтёрлар сифатида ишга таклиф этиш мумкин.

ИШНИ ҚАНДАЙ  ЯХШИЛАШ МУМКИН?

– Энди ёзги соғломлаштириш мавсумини ташкил этиш ва унинг тизими тўғрисида гап­лашсак. Ёзги дам олдириш навбатини ташкил этишда бошбошдоқлик ҳукм сурмоқда.

– Дарҳақиқат, жуда ҳам муҳим ва долзарб мавзуни кўтардингиз. Ҳа, чиндан ҳам баъзилар мавсумни ёзнинг биринчи кунидан, бошқалар эса катта кечикиш билан очмоқда ва маълум қисмигина оромгоҳларнинг 5-6 навбатида тўлиқ қувват билан ишламоқда. Менимча, барча соғломлаштириш оромгоҳларига бориш бир кунда амалга оширилиши лозим бўлиб, ўшандагина тўлиқ тартиб ўрнатилади. Нима учун кўп­лаб болалар соғломлаштириш оромгоҳлари болаларни олиб бориш ва олиб келишдаги харажатларни иқтисод қилган ҳолда ­навбатларни алмаштирмасдан ишламоқда?
Ёзнинг қоқ ўртасида – 15 июлда кўпчилик оромгоҳларда ёзги соғломлаштириш мавсуми тугайди. Нима учун дам олиш оромгоҳлари ёзнинг қайноқ даврида бўшаб қолади?
Нима учун болалар айни саратонда диққинафас шаҳарда қолишлари керак? Нима учун ота-оналар ўз фарзандлари учун қайғуришлари лозим?
Ўйлайманки, барча оромгоҳларда дам олиш давомийлиги 10-12 кундан кам бўлмаган ҳолда олтита навбатда ташкил этилиши даркор. Биринчидан, ёзги мавсумда болаларни қамраб олиш кўпаяди. Ота-­оналар битта оромгоҳга йўлланмани бир неча ­навбатга харид қилишлари мумкин бўлади.
Навбат алмашишларнинг йўқлиги эса бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Биринчидан, оромгоҳдаги яшаш бинолари ва барча инвентарлар етарли даражада санитария ишловидан ўтиши лозим. Бундан ташқари, навбат алмашиш, бу – бутун ёзги мавсумда оромгоҳда ишлаш учун келган ходим учун руҳий зўриқишдан халос бўлиш демакдир.
Бинобарин, сув ҳавзалари ҳам профилактикага муҳтождир. Тоғларда жойлашган оромгоҳлардаги сув ҳавзалари меъёр бўйича иситилиши даркор.
Июнь одатда салқин ой бўлиб, кўплаб оромгоҳларда болалар биринчи навбатда ва август ойи охирида сув ҳавзаларида чўмилтирилмайди.

– Ҳозир санитар хавфсизлиги ҳақида сўз очдингиз. Шаҳар ташқарисида жойлашган болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги санитария нормалари ва хизмати, умуман, тиббий хизматдан мамнунмисиз?

– Умуман олганда, ҳа. Санитария-эпидемио­логия станциялари ўзларининг ишларини юксак касб маҳорати даражасида бажармоқдалар. Аммо айрим ҳолатларда баъзи бир камчиликлар учраб турибди.
Санитария-эпидемиология станциялари болалар истеъмол қиладиган таомларнинг тўйимлилигини текширадилар, таомнома билан, озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган омборхоналар ҳамда ёрдамчи хўжалик биноларининг тозалиги билан танишадилар. Бироқ озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган омборхоналар ходимларининг бир қисми тиббиёт дафтарчаларига эга эмаслигига етарлича эътибор қаратмайдилар. Ёзги соғломлаштириш мавсумининг бир навбатида оромгоҳдан ишдан бўшатилган ходимларнинг тиббиёт дафтарчаларини иккинчи навбатда ишга келган ходимларнинг ҳужжатлари орасига жойлаб қўйилганлиги ҳақида мисоллар мавжуд.
Тиббиёт дафтарчалари ходимлардан бирма-бир эмас, ходимларнинг умумий сонига қараб қабул қилинади.
Ҳамма жойда ҳам идиш-товоқларни ювиш бўйича эслатма мавжуд эмас. Идиш-товоқ ювувчи ходимлар, асосан, оромгоҳ жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳоли орасидан тиббиёт дафтарчаларисиз ёлланади. Нима учундир баъзи оромгоҳлардаги овқат тайёрланадиган жойларда бегона шахсларни, баъзан ошпазларни бош кийим ва рўмолсиз учратдик.
Шундай бир қоида бор: ошхонада ҳеч ким, шу жумладан, текширувчилар ҳам халатсиз юриши мумкин эмас. Доим захирада тоза халатлар бўлиши керак.
Мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Фақат шуни айтмоқчиманки, СЭС ходимлари озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган омборхонани астойдил текширадилар, лекин кўпчилик фойдаланадиган жойлар – ҳожатхона, ювиниш хоналарининг санитария ҳолатига аҳамият бермаслик­лари кишини ҳайратга солади.
Оромгоҳга келган комиссияга тоза ва тартибли бўлган хизмат ҳожатхоналари кўрсатилади, умумий фойдаланадиганлари эса четлаб ўтилади. Кир ювиш ва душхоналар ҳар доим ҳам тоза сақланмайди, сантехника носоз.
СЭС ходимлари шуларга эътибор қаратиш­лари керак!

– Шаҳар ташқарисидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги тиббиёт ходимларининг штат бирлиги – лавозимлари тўғрисида гаплашсак. Ҳозирги кунда врач-­терапевт, педиатр тақчил. Жарроҳ ҳамда стоматолог барча оромгоҳларда ҳам мавжуд эмас.

– Оромгоҳларда бўлиши зарур дори воситалари, шунингдек, илон ва заҳарли ҳашаротларнинг чақишига қарши препаратлар рўйхати мавжуд. Баъзи препаратлар умуман болалардан узоқда, алоҳида қоидаларга риоя қилган ҳолда сақланиши лозим. Сиз нима дейсиз – бугунги кунда тиббий хизмат ана шу талабларга жавоб бера оладими?
соғлиқни сақлаш органлари билан оромгоҳда дам олувчи болаларнинг сонига мувофиқ тиббиёт ходимлари штат бирлигини келишиб олиш зарур. Бироқ, ҳамма вақт ҳам бунга амал қилинавермайди. Барча оромгоҳларда ҳам навбатчи тез тиббий ёрдам машиналари йўқ, туман шифохоналари олисда жойлашган ва бемор болани шифохонага олиб бориш анчайин мушкул. Кўплаб болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бир-бирига яқин жойлашган. Нима учун 6-8 та оромгоҳ яқинида мутахассис педиатрлар, терапеват, жарроҳ, стоматологлар, тез тиббий ёрдам кўрсатиш мутахассислари жам бўлган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказлари барпо этиш мумкин эмас?!
Яна бир муҳим масалага соғлиқни сақлаш органлари диққат-эътиборини қаратмоқчиман. Бу оромгоҳга кетаётган носоғлом болага соғлом деган маълумотнома берилишидир. Бундай маълумотнома бераётган одамларни жавобгарликка тортишнинг фурсати етди.

СОҲАГА НИМА УЧУН ИСЛОҲОТЛАР ЗАРУР?

– Ёзги мавсумда болалар дам олишини ташкил этувчиларга мўлжалланган тадбирлар тўғрисида сўз юритсак…

– Бир вақтлар мавсум очилиши олдидан бир ярим-икки ой илгари икки-уч кунлик семинарлар ташкил қилинарди. Уларга касаба уюшма қўмиталари раислари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг бошлиқлари, катта етакчилар таклиф этилиб, ўтказилган аттестациядан сўнг уларга оромгоҳда ишлаш учун ҳужжат топшириларди. Ҳозирда эса буларнинг барчаси мавсум очилишидан бир ҳафта ёки икки ҳафта олдин, май ­ойининг охирида ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси учун бир ярим-икки соат вақт кетади. Бу ишларни аввалги ҳолатига қайтаришнинг фурсати келмадимикан?
Мен ана шундай семинарнинг амалий вариантини Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўқув марказида 2019 йилнинг март-апрель ойларида ўтказишни таклиф қиламан. Бинобарин, пухта тайёргарлик кўриш учун вақт етарли. Шу аснода шаҳар ташқарисидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг катта етакчилари ҳамда ­бошлиқларини аттестациядан ўтказиш мумкин.

– Юқорида баён этилган муаммоларга қандай ечим топиш мумкин?

– Ўйлайманки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида «Болалар ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш бошқармаси» ҳамда «болалар ёзги дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил қилиш жамғармаси»ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак. Ишончим комилки, мазкур йўналиш кенг миқёсда қўллаб-қувватланади ва ушбу йўналишдаги ишларнинг такомиллаштирилишига сезиларли даражада ёрдам беради.
Жамғарма мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ҳамда муассасаларнинг улуш ажратиши, шунингдек, давлатнинг қўллаб-қувватлаши ҳисобига шаклланиши мумкин. Ахир, барчанинг фарзанди бор. Энг яхши нарсаларни болаларга бериш керак!

Click to listen highlighted text!