Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ғолиблик завқи

10.10.2014. «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар компаниясида «Ипак йўлидаги туризм» ХХ Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўтказилди. «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳамда «Буюк ипак йўли» реклама агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган форум таассуротларга бой бўлди.

 

— Мамлакатимизда туризм­ни ривожлантириш имкониятлари жуда катта, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги «Касаба сайр» шўъба корхонаси раҳбари Тўлқин Хидиров. —  Шу боисдан республика касаба уюшмалари тизимида ҳам туризмни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугун биз ўз концепциямизга эгамиз. Ундан кўзланган асосий мақсад меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини мамлакатимизнинг тарихий қадамжоларига саёҳатларини уюштириш, бу соҳада тўпланган ­халқаро тажрибадан самарали фойдаланишдир. Мана уч йилдирки, Тошкентда ўтказил­аёт­ган халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этмоқдамиз. Шўъба корхонамиз «Ипак йўлидаги туризм» йигирманчи Тошкент халқаро ярмаркасида «Мавзу бўйича энг яхши бўлим» номинацияси бўйича ғолиб деб топилгани бизни ниҳоятда руҳлантириб юборганини алоҳида таъкидлашни истардим.

 

«Касаба сайр» шўъба корхонаси ярмаркада 7 та давлатдан ташриф буюрган 20 га яқин халқаро туристик фирма ва корхоналар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олди. Шунингдек, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 25 га яқин меҳмонхоналар, музейлар ҳамда тарихий обидалар вакиллари билан музокара олиб борилиб, шартномалар имзоланди.

 

Танзила Халилова — «Чилонзор Дента сервис» поликлиникаси кадрлар бўлими бошлиғи:

 

— Бундай кўргазмаларга мунтазам ташриф этиб тураман. Бу йил касаба уюшмаларига тегишли павильон анчагина кенгайганлигини кўрдим. «Касаба сайр» билан ҳамкорликдан хурсандман. Поликлиника касаба уюшма ташкилоти билан бирга жорий йилда 40 нафар ходимларимиз Самар­қанд шаҳрида бўлиб қайтишди. Шу ўринда бир таклиф киритмоқчи эдим. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидаларининг кўплиги жиҳатдан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарлари билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Лекин биз билмаган бошқа тарихий обидалар ҳам анчагина. Ниятим, «Касаба сайр» ташкилоти ёрдамида ўша жойларга ҳам саёҳат уюштирилса, айни муддао бўларди.

 

Эрик Синная — Малайзия­даги «Morahols» туристик компанияси директори:

 

— Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганлигига гувоҳ бўлдим. Ўйлайманки, юртингизда ҳукм сураётган тинчлик ҳамда иқтисодий бар­қарорлик, ўзбекларга хос меҳмондўстлик туризмни ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Мен республика касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган павильонни ҳам қизиқиш билан кўздан кечирдим. Ва бу ташкилот билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсак, шубҳасиз, яхши натижаларга эришамиз, деган фикрга келдим.

 

Мирослав Горский — Венгрияда «Тысяча дорог» туристик фирмаси раҳбари муовини:

 

— Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд деб ўйлайман. Янги-янги инфратузилмалар, замонавий меҳмонхоналарнинг қурилаётгани шундан далолат бериб турибди.

 

Мен «Касаба сайр» фаолияти билан ҳам яқиндан танишдим. Айни вақтда бу ташкилот меҳнаткашларни мамлакатингиздаги кўҳна шаҳарлар билан таништираётган экан, имоним комилки, тез орада унинг фаолият доираси кенгайиб, турли давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.