Халқ ва армия – бир тану бир жондир
08.01.2014. Истиқлол йилларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз Мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг муҳим таянчига айланди. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ, мамлакатимизда миллий армиямиз салоҳиятини ҳар томонлама юксалтириш, Қуролли кучларни мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши, соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида замонавий, ихчам, тезкор профессионал армиямиз шакллантирилди.
Профессионал армиямиз бугун энг замонавий ҳарбий техникага, аъло даражада тайёрланган ва таълим олган, Она Ватанимизга садоқатли, юртимиз шаънини ҳимоя қила оладиган ва юксак даражадаги жанговор тайёргарликка эга бўлган жангжангчиларга эга. Демакки, халқ ва армия бир тану бир жондир. Шукрлар бўлсинки, шу боис Она юртимизда мамлакатимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги тўла таъминланган, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини қўриқлаш ишончли қўлларда.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳарбий касб нуфузини ошириш, чақириққача бўлган ёшларда Ватанга садоқат, эл-юртга муҳаббат туйғуларини ривожлантириш, ҳарбийлик касбига муҳаббат уйғотиш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ушбу хайрли ва эзгу ишга барча даражадаги касаба уюшма ташкилотлари сафарбар этилиб, касаба уюшмалари ҳудудий ва тармоқ ташкилотларининг барчаси фаол иштирок этмоқда.
Ўтган давр мобайнида Жамоатчилик кенгашининг бошқа фаоллари қатори касаба уюшмалари томонидан ҳарбий хизматчилар ва ёшларимизнинг маънавий-аҳлоқий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига муносиб ҳисса қўшишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган аскарларга мамлакатимизда турли йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган ишлар олиб борилди. Ҳар бир тадбир давомида уларга бугунги мустақил замонамиз, доруломон кунларга осонликча эришилмагани, мамлакатимиздаги одилона сиёсат, турли соҳалардаги ривожланиш омиллари тўғрисидаги батафсил маълумотлар етказилди. Бундай суҳбат ва учрашувлардан мақсад улардаги Ватанга муҳаббат, унинг муваффақиятларидан ғурурланиш ва ифтихор туйғуларини янада юксалтиришдир.
Хусусан, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ Олий Танк Қўмондонлик-мухандислик билим юрти, Қорақалпоғистон Респубикаси, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларидаги бир қатор ҳарбий қисмларда, Хоразм вилоятидаги Сержантлар тайёрлаш мактабида касаба уюшмалари томонидан маданий-маърифий тадбирлар ва концерт дастурлари ташкил этилди. Тадбирларда 4800 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.
Ватан ҳимоячилари билан ташкил этилган давра суҳбатлари ва учрашувларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларидаги қатор ҳарбий қисмларга телевизор, кондиционер, компьютер жамланмалари ҳадя этилди. Сирдарё вилоятининг Ширин ҳарбий шаҳарчасида жойлашган 71355-сон ҳарбий қисмга спорт анжомлари, 9252-сонли ҳарбий қисм ходими, афғон уруши қатнашчисига “Ботаника” санаторийсига бепул йўлланма топширилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус тумани “Тақиркўл” фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Шимолий-Ғарбий ҳарбий округида хизмат қилаётган 10 нафар аскар рағбатлантирилиб, хизмат даврида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига манзилли ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларидаги бир қатор ҳарбий қисмларга, чегара қўшинлари ҳарбий қисм хизматчилари фарзандларига, ҳарбийлар оилаларига, таълим муассасаларида меҳнат қилаётган афғон уруши қатнашчилари, жангчи-фахрийлар ҳамда ҳарбийлар фарзандларига турли байрамлар муносабати билан совғалар топширилиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.