Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) вакиллари Ўзбекистонда

13.10.2014. Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари касаба уюшмалари фаоллари учун “Меҳнат соҳасида асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар” мавзуида минтақавий семинар ўтказилди. Мазкур минтақавий семинар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳамда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси катта маслаҳатчиси Антон Леппик, Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари Сергеюс Гловацкас, Харри Таллига иштирок этдилар.

 

Тадбирда Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатига оид Конвенциялари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, бунда касаба уюшмаларининг ўрни тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди. Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакили ҳамда ХМТ экспертлари томонидан “Касаба уюшмаларининг халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқлари”, “Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасида асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги Декларацияси ва уни амалга ошириш механизми”, “Ижтимоий мулоқот” мавзуларида маърузалар қилинди. Семинар дастурига биноан Халқаро Меҳнат Ташкилоти эксперти Сергеюс Гловацкас модераторлигида мавзу бўйича фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланиб, бахс-мунозаралар ўтказилди.

 

– Семинар иштирокчиларининг бахс-мунозаралардаги фаоллиги уларнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ Конвенциялари бўйича етарли билим ва тушунчага ҳамда батафсил маълумотга эга эканлигидан далолатдир, – деди Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси катта маслаҳатчиси Антон Леппик. – Бу борада ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг натижаларини алоҳида эътироф этиш лозим.

 

Семинар доирасида Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакиллари Самарқанд шаҳридаги “Самавто” корхонасида ҳам бўлдилар. Ташриф давомида меҳмонлар ўзбекистонлик ёш мутахассислар томонидан замонавий ҳорижий технологиялар асосида жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи автобуслар ишлаб чиқараётганлигига юқори баҳо бердилар. Корхонада меҳнат муҳофазаси бўйича барча зарур шарт-шароитларнинг яратилгани, ишчи-ходимларнинг махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланганлиги, касаба уюшма қўмитаси ҳамда корхона маъмурияти ўртасида имзоланган жамоа шартномасида ишчи-ходимлар манфаатларини таъминлаш мақсадида ўз ифодасини топган қўшимча имтиёз ва кафолотлар алоҳида эътироф этилди.

 

Халқаро Касаба уюшмалари Конфедерацияси катта маслаҳатчиси Антон Леппик Сирдарё вилоятида пахтачиликда болалар меҳнат бўйича ўтказилаётган Миллий мониторинг жараёни билан ҳам танишди. Хусусан, у вилоят пахта далаларида, Ховос Транспорт коллежи ва Янгиер шаҳридаги Академик лицейда бўлди.

 

Ташрифлар давомида Халқаро Касаба уюшмалари Конфедерацияси вакили мазкур ўқув муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг тўлақонли билим олишлари учун зарур барча шарт-шароитларнинг яратилгани, хусусан, уларнинг энг сўнгги замонавий технологиялар асосида билим олаётгани, мутахассислик йўналишидаги фанлар ва ҳорижий тилларни билиш даражасининг юқорилиги, талаба ва ўқувчиларнинг пахта йиғим-теримига жалб этилмаганлиги, давомат тўлиқ таъминланаётганлигининг гувоҳи бўлди.