Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Халқаро семинар ҳар томонлама фойдали бўлди

12.04.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқанд шаҳрида “Халқаро меҳнат ташкилотининг “Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисидаги учтомонлама декларацияси”: касаба уюшмалари учун ҳаракатлар воситаси” мавзусидаги Халқаро семинар ўтказилди.

Халқаро семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) вакиллари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари мутасаддилари, Ўзбекистондаги қўшма корхоналарнинг касаба уюшма қўмиталари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон дунёга очиқлигини ҳамда халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорликка тайёр эканлигини тўла намоён этмоқда. Буни бугунги кунда Ўзбекистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда олиб бораётган ўзаро манфаатли ҳамкрлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Гай Райдернинг 2018 йилнинг 13-15 декабрида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи фикримизнинг ёрқин далилидир. Мазкур ташриф чоғида ХМТ Бош директори Гай Райдер бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти рахбарлигида барча соҳаларда, хусусан, меҳнат муносабатлари соҳасида кўплаб ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказилаётгани, уларнинг ижобий натижалари аҳолининг ҳаёти сифати ва  турмуши даражасини юксалтиришга хизмат қилаётгани, мазкур жараён жаҳон ҳамжамияти ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ижобий баҳоланаётганини  таъкидлади.

Охирги 3 йил давомида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти муносабатларида эришилган ривожланиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегияси, унинг асосида амалга оширилаётган конструктив мулоқот ва интенсив ҳамкорлик натижаси эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига содиқлиги ва қатъий позициясидан далолатдир. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон томонидан ХМТнинг Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенциясининг ратификация қилингани ҳам фикримизнинг яна бир ёрқин далилидир.

Бугун Ўзбекистон халқи бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини кўтаринки руҳ билан ҳаётга татбиқ этишда иштирок этмоқда. Мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимидаги ислоҳотлар бўлиб, бугунги кунда ушбу йўналишга Ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизга яқини йўналтирилмоқда.

Ўзбекистонда Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар иштирокида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Биргина Жаҳон банки тизими бўйича бугунги кунда мамлакатимизда умумий қиймати 3,3 миллиард доллар бўлган 18 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Халқаро семинарда Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилаётганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 2018 йил давомида республикада 372 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани қайд этилди.

Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Энг аввало, Касаба уюшмалари Федерацияси ўз фаолиятини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш асносида касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари  ҳимоясининг янги шакллари ҳамда самарали усулларини амалга жорий этмоқдалар. Шу мақсадда касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини такомиллаштириш, аҳоли билан қайта алоқа механизмларини янада ривожлантириш, касаба уюшма аъзолари муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг нафақат касаба уюшма аъзолари, балки аҳолининг барча қатламлари мурожаат қилиши учун имконият яратиб берган Юридик клиникаси муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Биргина 2018 йилда касаба уюшма ташкилотларига жисмоний ва юридик шахслардан 8,5 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 2 минг 33 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, етказилган зарар учун ходимлар фойдасига 1 млрд. 70 млн. сўм маблағ ундириб берилишига эришилди.

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида “Бошланғич ташкилотлар куни”нинг жорий этилиши бугун ўз самарасини бермоқда. Ушбу кунда Касаба уюшмалари Федерацияси масъул ходимларидан тортиб тармоқ касаба уюшмалари туман кенгашлари мутахассисларигача корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган бошланғич касаба уюшма ташкилотларига ташриф буюриб, касаба уюшма аъзолари билан учрашувлар ўтказадилар ҳамда уларни қизиқтираётган масалалар, мавжуд муаммоларни аниқлайдилар, энг муҳими, муаммоларни бартараф этиш бўйича жойида амалий ёрдам кўрсатадилар. Хусусан, жорий йил март ойининг ўзида касаба уюшма мутасаддилари 595 та бошланғич касаба уюшма ташкилотида бўлиб, аниқланган муаммоларнинг 80 фоизини жойида ҳал этишга муваффақ бўлдилар.

Халқаро анжуманда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ) директори ўринбосари Анна Бионди Халқаро меҳнат ташкилотининг “Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисида”ги учтомонлама декларация”си: мазмуни ва амалга ошириш механизми” мавзуида маъруза қилди. Таъкидланганидек, ушбу мавзу бугунги кунда долзарб бўлиб, дунё миқёсида трансмиллий корпорациялар сони ортиб бормоқда. Сўзсиз бу жараёнда меҳнаткашларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш масаласи муҳим аҳамият касб этади ва албатта, касаба уюшмалари масъулияти ҳам ортади.

Халқаро семинарда таъкидланганидек, охирги 2 йил давомида Ўзбекистон бозорига бир неча ўнлаб жаҳон компаниялари кириб келди. Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида трансмиллий компанияларда касаба уюшмалари фаолиятини ташкил этиш бўйича ўзига хос тажриба мавжуд. Хусусан,  бугунги кунда «GM Powertrain Uzbekistan» АЖ, «Nestle Uzbekistan» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси, Юселл, «JV MAN Auto Uzbekistan» қўшма корхонаси каби кўплаб ҳорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда касаба уюшма ташкилотлари тузилган бўлиб, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Анжуманда бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар билан бирга ҳали олдинда турган вазифалар ҳам талайгина эканлиги таъкидланди. Шу боис бугунги кунда  касаба уюшмаларига аъзолик афзалликларини тарғиб қилиш, бу орқали трансмиллий компаниялар ва қўшма корхоналарда бошланғич касаба уюшма ташкилотларини ва жамоа шартномаларини тузиш, уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамоа шартномаларига киритилган имтиёз ва кафолатлардан фойдаланишларини таъминлаш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ХМТнинг “Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисидаги учтомонлама декларация”си универсал ҳужжат эканлиги боис уни трансмилий компанияларга бўлгани каби миллий компаниялар ва қўшма корхоналарга нисбатан ҳам қўллаш ўз самарасини беради. Халқаро семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари бу борада ўз тавсияларини бердилар. Хусусан, касаба уюшмалари ва трансмиллий ҳамда миллий компаниялар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш,  ҳамкорликдаги ҳаракатларни амалга ошириш механизмлари ва воситалари тўғрисида муҳим тавсиялар берилди. Шунингдек, анжуман иштирокчиларига Ўзбекистоннинг бу борадаги  тажрибаси тўғрисида тегишли маълумотлар тақдим этилиши билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон касаба уюшма марказлари тажрибалари билан ҳам танишилди.

Семинар давомида қизғин кечган баҳс ва мунозаралар жараёнида касаба уюшма фаоллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!