Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Хавфсиз меҳнатнинг муҳим кафолатлари

12.12.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида «Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш» мавзусида икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги «2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекис­тон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Тадбирлар мажмуининг 12-банди ижроси юзасидан Касаба уюшмалари Федерациясининг «Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2018-2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури» тасдиқланган. Семинар-тренинг мазкур дастур ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалигида меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда мутахассис ва ишчи-ходимлар саломатлигига хавф солувчи унсурларнинг олдини олиш ва иш жараёнида соғлом муҳитни яратишдан иборатдир.
Тадбирнинг биринчи кунидаги машғулотлар Тошкент шаҳридаги «Миран интернейшнл» меҳмонхонасининг конференциялар залида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари, Халқаро меҳнат ташкилотининг экспертлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Агросаноат мажмуи таркибидаги вазирлик ва идораларнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги мутахассислари иштирокида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев семинарни кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар, касаба уюшмалари томонидан бу борада олиб борилаётган муҳим ­чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталди.
Шундан сўнг Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раи­­си вазифасини бажарувчи Тўхта Бозоров юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида бўй кўрсатаётган ижобий ўзгаришлар, шу билан биргаликда, тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўлга қўйилган ишлар, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари меҳнаткашларининг фаолияти бўйича бош мутахассиси Гоча Александ­рия ХМТ фаолиятидаги меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ устувор йўналишлар, ташкилотнинг Ўзбекистон билан меҳнат соҳасидаги мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлиги тўғрисида батафсил гапириб ўтдилар.

– Ўзбекистонда кейинги йилларда меҳнатга оид жиддий қадамлар ташланаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз, – деди, жумладан, Гоча Александрия. – Давлат раҳбарининг ушбу масалага қатъий муносабати бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти. ХМТ билан яқин ҳамкорлик муносиб меҳнатни таъминлаш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, хавфсиз иш шароити яратишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида бу яққол ўз исботини топди.
Семинар-тренингда касаба уюшмалари тизими мутахассислари ҳамда соҳа тизимидаги вазирлик ва ташкилотлар масъул ходимлари меҳнат муҳофазаси соҳасида эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлар, қишлоқ хўжалиги ишларида муносиб меҳнат ­шароитини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти юритишлари учун унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова «Муносиб меҳнат – инсон фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг асоси» мавзусида маъруза қилиб, ишловчиларни муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласи экани, мазкур йўналишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар сифатида касаба уюшмалари томонидан белгилаб олинган вазифаларга тўхталиб, меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ юзага келадиган вазиятлар ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини слайдлар орқали шарҳлади.
«Саноатгеоконтехназорат» давлат инс­пекцияси Газ хўжалигидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш тармоқ инспекцияси бошлиғи Ҳикматилла Юсупов ҳам ўз маърузасида кўпчилик учун муҳим бўлган фикрларни ўртага ташлади.
– Газдан тўғри фойдаланиш масаласи барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам муҳим аҳамият касб этади, – деди Ҳ.Юсупов. – Ҳозирги кунда табиий газ саноат, қишлоқ хўжалиги ва кундалик ҳаётимизда кенг ишлатиляпти. Бу ундан фойдаланишга жиддий эътибор қаратишни талаб этади. Оддий масалада ҳам эҳтиёткорлик қилиниши зарур. Чунки, хавфсизлик масаласида майда нарсанинг ўзи бўлмайди. Нотўғри фойдаланиш ва ишлаб турган газ асбобларини қаровсиз қолдириш, носоз ҳолатда ишлатиш оқибатида турли нохуш, энг ёмони, фожиали ҳолатлар юз бераётгани ҳақида ҳаммамиз эшитиб турибмиз. Соҳа мисолида фикр юритадиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхоналарда газ истеъмоли мавжуд ва газдан хавфсиз фойдаланиш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
АСМ ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Хуршид Умаров эса «Агросаноат мажмуи тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича олиб борилаётган ишлар ва унда касаба уюшмаларининг ўрни» мавзусидаги маърузасида тармоқ вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлиги бўйича амалга ошириб келинаётган ишлар хусусида батафсил сўз юритди.
– Корхона-ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилиши лозим, – деди у. – Бу иш берувчининг мажбуриятига кириши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Унга кўра, ҳар бир ишлаб чиқариш фао­лиятини амалга оширувчи, ходимларнинг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талаб­ларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий қилинади. Агросаноат мажмуидаги корхоналар орасида ушбу қоидага амал қилаётганлар кўп, шу билан бирга, соҳага алоқадор бўлмаган ходимларга меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ вазифани юклаб қўйиш ҳоллари ҳам учрайди. Бугунги кунда бундай камчиликка йўл қўяётган иш берувчилар билан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилиб, ижобий натижаларга эришилаётир.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош­қарма бошлиғи ўринбосари Акмал Мирзаевнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва саноатга инвестицияларни жалб қилиш учун қиш­лоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболларига бағишланган маърузаси ҳам семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон фермерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаев «Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги» мавзусидаги маърузасида кенгашга аъзо фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга сани­­­та­­р­ия­-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларни яратиш, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқлар бериш, ишларни бажаришнинг хавфсиз услуб ва усулларини ўргатиш, белгиланган муддатларда даврий тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни белгиланган меъёрлар бўйича махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминлаш ва бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларидан суғурта қилиш масалаларига кенг тўхталиб ўтди.
«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича бош мутахассиси Туроншоҳ Қиличев донни қайта ишлаш корхоналари ҳамда қабул қилиш шохобчаларида бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг олдини олиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ҳақида муфассал маълумот берди.
Ўз навбатида, маърузалар юзасидан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Куннинг иккинчи ярмида тренинг машғулотлари ўтказилиб, иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда қатор мавзулар бўйича ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқиб, кўргазмали тарзда йиғилганлар эътиборига ҳавола этишди. Хусусан, ташкилотларнинг иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг тажрибалари ўрганилиб, муҳим хулосалар ўртага ташланди. Билдирилган таклифларга ХМТ вакиллари ва бошқа гуруҳ аъзолари томонидан баҳо берилди.
Семинар-тренингнинг иккинчи кунида амалий машғулотлар доирасида Тошкент давлат аграр университети фаолияти билан танишиш кўзда тутилган. Жумладан, Энтомология ва ўсимликлар карантини, Агробиотехнология, Зоотехния ҳамда ипакчилик ва тутчилик йўналишларидаги фаолият, ўтказилаётган тажрибаларни ўрганиш, университет қошидаги «Биолаборатория»да ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари билан танишиш, амалий тажрибалар билан ўртоқлашиш ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Click to listen highlighted text!