Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Хавфсизлик камарини тақинг у сизни даволайди

25.06.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови турли соҳаларда меҳнат қилаётган иқтидор соҳибларини аниқлашга кўмаклашмоқда.

Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида ўтказилган «Йилнинг энг фаол ёш шифокори» номинацияси бўйича вилоят босқичида танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 35 ёшгача бўлган шифокорлар иштирок этди.
— Ушбу танлов ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, танлаган касбига нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантиришга хизмат қилади, — дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Шоҳидахон Каримова. — Гувоҳи бўлганингиздек, қатнашчилар тиббиёт соҳасидаги инновацион ғоя ва ишланмаларини намойиш этишди. Шифокорлар орасида ҳатто ихтирога патент олганлари ҳам борлиги эътиборга молик.
Натижаларга кўра, «Автомобиллардаги хавфсизлик камари учун махсус физиодаволовчи қурилма»ни ҳаётга татбиқ этаётган Қува тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника умумий амалиёт шифокори Жавоҳир Солиев ҳакамлар томонидан бир овоздан биринчи ўринга муносиб топилиб, «Ёш мутахассислар» V республика форумида қатнашиш имконига эга бўлди. Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси умумий амалиёт шифокори Шоҳрух Аҳмадалиев иккинчи, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиохирурги Жавлонбек Мўйдинов учинчи ўринни қўлга киритди.
— Ғолиблик мени янада улкан марраларни забт этишга ундайди, — дейди Жавоҳир Солиев. — Маълумки, автомобиль хавфсизлик камари — ҳаракатланиш чоғида ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминловчи муҳим восита. Мен таклиф қилаётган махсус физиодаволовчи ғилофнинг мақсади фуқароларимизни хавфсизлик камарига оддий бир буюм сифатида эмас, балки турли хил касалликларнинг олдини олувчи ва даволовчи қурилма сифатида қарашга ўргатиш, шунингдек, ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш фоизини ошириш ҳамда автоҳалокатлардан жабрланиш даражасини пасайтиришдир. Мазкур физиодаволовчи қурилма ошқозон-ичак, ўт-тош касалликлари ва ортиқча вазндан холи бўлишга ёрдам беради. У рес­публикамизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг хавфсизлик камари учун мослаштирилган.
Ғолиб ва иштирокчиларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Click to listen highlighted text!