Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ходим ишига қайтди

28.11.2018. Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига йил бошидан буён ҳозиргача 152 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг барчаси ўз вақтида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, шу давр­­да касаба уюшмалари аралашуви билан 55 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди.
Масалан, Маҳлиё Зоирова вилоят суд тиббий экспертиза бюросида ҳамшира бўлиб ишлаган. Шу йилнинг 30 июль куни иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бироқ иш берувчи Меҳнат кодексининг 101-моддаси 2-3 қисмлари талабига кўра бюро бошланғич касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома киритмаган. Табиийки, касаба уюшмаси қўмитаси ҳам меҳнат шартномасининг бекор қилинишига розилик ёки қаршилик билдирмаган.
Қолаверса, Меҳнат кодексининг 102-моддаси 4-қисми талабига кўра ходим уч кун олдин огоҳлантирилмаган ва ушбу муддат пуллик компенсация билан алмаштирилмаган.
Бундан ташқари, буйруқни расмийлаштиришда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари тўлиқ кўрсатилмаган. Устига-устак, буйруқнинг «асос» қисмига Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 4-банди, 1-қисми» деган нотўғри жумла ёзилган.
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси номидан иш берувчига ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилиш ва ходимнинг мажбурий прогул вақтлари учун пуллик компенсация тўлаш ҳамда унинг меҳнат дафтарчасига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида тақдимнома киритилди. Бироқ иш берувчи тақдимнома ижросини таъминламади. Шундан сўнг иш берувчи томонидан қонунга зид равишда чиқарилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда етказилган зарарларни ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйи­­ча туманлараро судга даъво аризаси киритилди.
Жорий йил 3 октябрь куни суд қарори асосида ходим ўз ишига тикланди ва тегишли маблағ ундириб берилди.

Санжар ТОҒАЕВ,
Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими етакчи юристконсульти

Click to listen highlighted text!