Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди

01.06.2023. Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Конституциясида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизда шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлаш ҳам белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Меҳнат кодексида эса меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тушунчаси ва асосий принциплари, уни амалга ошириш шакллари ҳамда бошланғич, ҳудудий, тармоқ ва республика даражасида тузиладиган ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялардан иборат ижтимоий шериклик органлари тизими белгилаб берилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясига кўра, мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланди. Шунингдек, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ваколатларининг сезиларли даражада кенгайтирилгани – мамлакат ривожланишида  уч  томонлама, яъни давлат органлари, иш берувчилар ва ходимлар ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий мулоқот бундан буён ҳал қилувчи аҳамият касб этишининг ёрқин намунаси бўлди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга киргач, меҳнат соҳасига алоқадор 25 дан ортиқ нормада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар лойиҳалари Республика уч томонлама комиссияси иштирокида кўриб чиқилиб, комиссия фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниши лозимлиги белгилаб қўйилгани ушбу соҳада ходимлар ва иш берувчиларнинг манфаатлари инобатга олинишини кафолатлайди. Хусусан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, меҳнат шартномаларининг намунавий шакллари, табиий-иқлим ва турмуш шароити ноқулай бўлган ҳудудлар рўйхати, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, касбий стандартларни ишлаб чиқиш тартиби, ходимларнинг алоҳида тоифалари меҳнатини тартибга солиш борасидаги ва яна қатор бошқа меъёрларга алоқадор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эндиликда мазкур комиссия фикрини эътиборга олган ҳолда қабул қилинади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш зарурки, Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 144-сонли Конвенцияси ратификация қилингач 2019 йилда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ташкил этилган бўлиб, самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. 2023 йилдан бошлаб мазкур комиссияга раислик қилиш ваколати Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўтди.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳам ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама этилди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Севарсой” санаторийсида ташкил этилган мазкур мажлисда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси аъзолари, комиссия котибияти ва доимий ишчи гуруҳлари таркиби, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг регламенти лойиҳаси, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Норасмий банликдан расмий бандликка ўтиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган таҳлиллар натижалари, Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш борасидаги тушунтириш ишлари тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Даставвал Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси аъзолари, комиссия котибияти ва доимий ишчи гуруҳлари таркиби кўриб чиқилди. Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан Ҳукуматга бўйсунувчи мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари сони қисқартирилиши муносабати билан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси аъзолари, комиссия котибияти ва доимий ишчи гуруҳлари таркибида ўзгаришлар юзага келганлиги қайд этилиб, мазкур ўзгаришлар тасдиқлаб олинди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан иштирокчилар эътиборига Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси регламенти лойиҳаси ҳавола этилиб, муҳокамалардан сўнг тасдиқланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўртасида имзоланган «Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури»ни амалиётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида сўз борди.

Мажлисда таъкидланганидек, мазкур Мамлакат дастурига мувофиқ:

меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро меҳнат нормалари қўлланишини таъминлаш;
меҳнатни тартибга солиш, меҳнат инспекцияси ва меҳнат муҳофазаси;
ёшлар, аёллар ва аҳолининг заиф гуруҳлари учун инклюзив ва адолатли иқтисодий ўсиш натижасида яратиладиган бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш;
аҳолининг энг заиф қатламлари учун сифатли ва инклюзив кўникмаларни ривожлантириш ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;
ижтимоий мулоқотни ҳамда ижтимоий шерикларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга илғор халқаро тажриба асосида меҳнатни меъёрлаштириш услубиётини такомиллаштириш, аҳолининг энг заиф қатламлари учун иш ўринлари яратишни рағбатлантириш бўйича таклифлар ҳамда ижтимоий суғурта тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси йиғилиши давомида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Норасмий банликдан расмий бандликка ўтиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган таҳлиллар натижалари тўғрисида халқаро эксперт Анашуя Сенгупта тақдим этган маълумотлар билан танишилди. Қизғин муҳокамалар жараёнида таҳлил натижалари хусусида иштирокчилар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш бўйича олиб борилаётган тушунтириш ишлари ва уларнинг натижалари тўғрисида томонларнинг ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нормаларини тарғиб этиш борасида ижтимоий шериклар ҳамкорлигида республикамизнинг барча ҳудудларида туркум учрашувлар, семинарлар, тарғибот ва тушунтириш тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексидаакс этган кўплаб янги нормалар ва ўзгаришларни қўллаш бўйича тавсиялар берилиб, ушбу тавсиялар барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда уларда меҳнат қилаётган ходимлар эътиборига етказилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Комиссия аъзолари янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириш борасидаги ишларни яна давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Комиссия мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситаларини бошқариш ёки транспорт воситаларининг ҳаракатланишини бошқариш билан бевосита боғлиқ ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси билан тасдиқланадиган рўйхат ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ишлаб чиқилган ва Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясига келишиш учун киритилган “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари тизими ходимлари учун йиллик узайтирилган меҳнат таътиллари муддатлари” кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан комиссия аъзолари томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифларни инобатга олган ҳолда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Уч томонлама комиссия баённомаси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари