Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ижтимоий шериклик – муносиб меҳнат гарови

01.08.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳамкорлигида “Ижтимоий шериклик – муносиб меҳнат гарови” мавзуида видеоконференция шаклидаги Давра суҳбати ўтказилди.

Республикамизнинг барча ҳудудларидаги тегишли мутасаддилар иштирокида видеоконференция шаклида ўтказилган мазкур Давра суҳбатини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Унда (республика студиясида) Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси,  Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Бош прокуратура,  Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг раҳбар ва мутасаддилари, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, тегишли вазирлик, идора ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Ҳудудий студиялардан эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, бошқармалар, идоралар, касаба уюшмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбар ва ходимлари қатнашдилар.

Вдеоконференция давомида мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган тизимли тадбирлар холисона таҳлил қилиниб, ушбу йўналишда ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида жойлардаги масъул мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди. Шунингдек, пахта йиғим-терими мавсуми даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, айниқса, ижтимоий соҳа ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинишининг олдини олиш чоралари муҳокама этилди.

– Ўзбекистонда ҳар бир соҳада, шу жумладан меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам бутунлай янгича тизим асосида катта кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни халқаро ҳамжамият ҳам холисона тан олиб, эътироф этмоқда, – дея таъкидлади Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков. – Янги давр қўяётган талабларга барчамиз бирдек тайёр туришимиз, эскича ишлаш тартибларидан воз кечишимиз зарур.

Тадбирда таъкидланганидек, охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилоти ва хорижий экспертлар иштирокида пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича ўтказилган тизимли мониторинглар натижаларига кўра мамлакатимизда болалар меҳнати мавжуд эмаслиги ҳамда мажбурий меҳнатга қарши жиддий чоралар кўрилаётгани дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниб, эътироф этилди. Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг қалтисликларини тўлиқ бартараф этиш борасида туб ўзгаришларга эришилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган      Миллатлар Ташкилоти      Бош       Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий маърузаси ушбу янгиланишларнинг бош тарихий нуқтасига айланди ва мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилишига астойдил киришилди.

Жумладан, 2017 йилнинг 4 октябрида Фуқароларнинг кафолатган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига аниқ топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан айни шу масалада ўтказилган видеоселекторда Ҳукумат раҳбари томонидан бюджет идоралари раҳбарларининг бу борадаги лоқайдлиги ўта жиддий танқид қилинди. Шунингдек, ушбу масала юзасидан 2018 йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва ҳўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғликни сақлаш муассасалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари ва бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш вазифалари юклатилди.

2018  йилнинг 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам муҳтарам Президентимиз бу йўналишда ҳали ҳам иккиланиб турган баъзи мутасаддиларга нисбатан қатъий равишда охирги нуқтани қўйиб, мамлакатимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини таъкидладилар. Навбатдаги муҳим қадам сифатида       2018 йил 5 июнь куни қабул қилинган “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарорини келтириш жоиздир. Унга кўра олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш қатъий тақиқланди.

Жорий йилнинг 4 июль куни муҳтарам Президентимиз ҳузурида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор мажлисида эса 2018 йил пахта ҳосили йиғим-терими билан боғлиқ бир қатор масалалар ўта жиддий тарзда кўриб чиқилиб, тегишли идора ва ташкилотлар олдига муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ва, ниҳоят, 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам бу масалага узил-кесил барҳам бериш борасида қатъий позиция намоён этилиб, унда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Вдеоконференция тарзида ўтказилган Давра суҳбатида мамлакатимизда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муҳтарам Президентимиз, шунингдек, парламент, ҳукуматимиз ва бошқа марказий органлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинаётгани, топшириқ ва вазифалар белгилаб берилгани алоҳида қайд этилди. Шу мақсадда қўшимча равишда учта ташкилий тузилма, яъни Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг конвенцияларини амалга ошириш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилгани, бу тузилмалар томонидан ҳам мазкур йўналишда тегишли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган катта кўламдаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам ижтимоий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда жорий йилнинг апрель-май ойларида қатор вазирлик ва идоралар мутахассислари учун болалар меҳнатининг оғир шаклларидан ва мажбурий меҳнатдан огоҳлантириш ҳамда унга йўл қўймаслик мавзусида туркум семинарлар ўтказилди. Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ва фермерларнинг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари соҳасидаги салоҳиятини ошириш мақсадида касаба уюшмалари ўқитувчи-тренерлари ва халқаро экспертлар иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда ҳудудлардаги барча шаҳар ва туманларда              324 та семинар-тренинглар ташкил этилди. Шунингдек, Республикамиз ҳудудларининг барча туман ва шаҳарларида халқаро меҳнат стандартларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўқув-семинарлари, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари ҳамда аноним сўровлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйилган ҳолатларга дуч келинса қаерга ва кимга мурожаат қилиш тўғрисида маълумотлар берилиши билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қисқа рақамли “ишонч телефонлари”, электрон ва телеграм манзиллари акс этган плакатлар қарийб 27,5 минг нусхада чоп этилиб аҳоли гавжум жойлар, меҳнат жамоалари, фермер хўжаликларида тарқатилди.

Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қароридан келиб чиқадиган вазифаларни кенг оммага тушунтириш ва тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган тизимли тадбирларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республика оммавий ахборот воситалари ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг веб Порталида касаба уюшма мутасаддиларининг чиқишлари ва интервьюлари ташкил этилди.

Юқорида таъкидланган ҳуқуқий ўзгаришлар, Давлат раҳбари ва Ҳукумат томонидан мазкур йўналишда белгилаб берилган аниқ позиция ва вазифалар ҳамда саъй-ҳаракатлар, бу борада уч томонлама ижтимоий шериклар томонидан амалга оширилаётган тадбирлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар кўламини яққол намоён этиб турибди.

Лекин бу борада мутасаддилар, хусусан, фермерлар, бюджет ташкилотлари раҳбарларининг масъулиятини ва ҳуқуқий маданиятини, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш борасидаги салоҳиятини ошириш галдаги асосий вазифалардан бири эканлиги видеконференцияда алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси раиси Светлана Артикова “Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда Парламент комиссиясининг роли” мавзусида маъруза қилиб, бугунги кунда комиссия аъзолари томонидан республикамиз ҳудудларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган парламент назорати хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси Танзила Нарбаева “Ўзбекистонда муносиб меҳнатни таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотларининг вазифалари тўғрисида”ги сўзга чиқиб, муносиб меҳнатни таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар ва бу борада улар олдида турган вазифалар ҳақида батафсил тушунтиришлар берди.

Тадбирда шунингдек, “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши устидан давлат назорати”, “Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури доирасида болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тадбирларга кўмаклашиш борасида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар”, “Халқ таълими соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар”, “Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар”, “2018 йил пахта йиғим-терими ишларига теримчиларни эркин ёллаш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида” мавзуларидаги маърузалар ҳам эшитилди. Мазкур чиқишларда мамлакатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши устидан давлат назоратининг янада кучайтирилаётгани, айниқса, давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияларининг ваколатлари кенгайтирилиши бу борадаги ишларни янада тизимли йўлга қўйишга хизмат қилиши, Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури доирасида болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, таълим, соғлиқни сақлаш ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ўз вазифаларидан ташқари ишларга мажбурий жалб қилинмаслиги юзасидан тегишли чоралар кўрилаётгани, бу йилги пахта йиғим-терими ишларига теримчиларни эркин ёллаш ва уларга ҳақ тўлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан бир қатор ижобий ўзгаришларни амалга ошириш борасида катта кўламдаги ишлар олиб борилаётгани тўғрисида алоҳида тўхталиниб, фикр-мулоҳазалар алмашинилди. Шунингдек, мазкур йўналишларда қилиниши лозим бўлган галдаги муҳим вазифалар муҳокама этилди. Муҳокамаларда республика студиясида иштирок этаётган мутасаддилар билан бир қаторда вилоятлар студияларидан қатнашаётган иштирокчилар ҳамда фермерлар ҳам фаол иштирок этиб, ўз фикр ва мулоҳазалари ҳамда таклифларини ўртага ташладилар.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан “2018 йилги пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш бўйича фаолиятни ташкил этишга доир вақтинчалик тартиб” тақдимоти ўтказилди. Мазкур тартибда бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб этишнинг қатъиян таъқиқланганлиги, пахта йиғим-теримида вақтинча иш билан банд бўлмаган кўнгиллилар ўз ҳохишларига биноан иштирок этишлари мумкинлиги, теримчиларга яратилиши лозим бўлган муносиб меҳнат шароитлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олишда касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиниб, мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган тақдирда улар тўғрисида прокуратура органларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига зудлик билан маълум қилиниши зарурлиги, бу масалада лоқайдликка йўл қўймаслик зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Видеоконференция иштирокчилари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бархам бериш борасида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, жорий пахта йиғим-терими мавсумида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича қайта алоқа механизмининг узлуксиз ва таъсирчан ишлашини таъминлаш зарурлиги, бунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси билан бир қаторда барча вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ишонч телефонларининг мунтазам ишлашини таъминлашлари зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мактаблар, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг давоматини назорат қилиш, спорт секциялари, тўгараклар ва қўшимча машғулотлар ташкил этиш орқали уларнинг ўқишдан ташқари бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлашга доир махсус чора-тадбирларни такомиллаштириш талаб этилиши қайд этилди. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенцияларини ўрганишга қаратилган махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мактабларда (юқори синф ўқувчилари учун), академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида, малака ошириш институтларида жорий этиш вазифаси ҳам иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Шундан сўнг видеоконференция иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча-чора-тадбирлар ижросини таъминлаш тўғрисида”ги 407-сонли қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенцияларига мувофиқ миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенцияларини бажариш, ХМТ, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, шу мақсадда ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ХМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги ижтимоий ҳамкорлари салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялар масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича тегишли таклифлар билдирилиб, тавсиялар берилди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!