Касаба уюшмалари 4 нафар ходимга 309 млн. сўмдан ортиқ қўшимча тўлов ва маънавий зарарни ундириб берди
17.05.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши томонидан 2022 йилнинг сентябрь ойида жамоатчилик асосида “Асакабанк” АЖ Фарғона филиалида фаолият юритиб келаётган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларга иш жараёнида яратиб берилаётган шароитлар ўрганилган эди.
Ўрганиш жараёнида мазкур банкда ишлаётган хотин-қизлар ва бошқа ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари қўпол равишда бузиб келинаётгани аниқланган эди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши бош юрисконсульти А.Тураходжаев. – Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида тенг меҳнат учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг иш ҳақи (мукофот) ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар ишининг сифатини баҳолашга доир тенг ёндашув белгиланган бўлса-да, ушбу талаблар бузилиб, банкда ишлаётган бир гуруҳ аёл ходимлар, хусусан, Н.Шокирова, Б.Фозилова, Ф.Исаметдинова ва Н.Норбоеваларга нисбатан иш ҳақига қўшимча равишда тўланиши лозим бўлган устама ва иш стажи учун қўшимча тўловлар асоссиз равишда тўланмаганлиги аниқланди.
Шу сабабли ўрганишда аниқланган меҳнатга оид қонунбузиш ҳолатини баратараф этиш ҳақида иш берувчи бўлган “Асакабанк” АЖ Фарғона филиалига тақдимнома киритилди.
Лекин тақдимнома бўйича тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан ушбу фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат қилинди.
Касаба уюшмалари номидан ходилар манфаатларини ҳимоялаб судга киритилган даъво аризаси салкам 7 ой давомида суднинг турли инстанцияларида кўриб чиқилди. Узоқ давом этган тортишувлар натижасида юқорида келтирилган аёлларнинг ҳуқуқлари тикланиб, уларга жами 309 млн. 109 минг 920 сўм миқдорида иш ҳақига қўшимча тўлов ва маънавий зарар тўловлари тўлиқ ундириб берилишига эришилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати