Касаба уюшмалари – фахрийларга
04.05.2016. 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллари “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси доирасида вилоятдаги иккинчи жахон уруши қатнашчилари хонадонларига ташриф буюришди.
Улар эл-юртнинг тинчлиги, эрки ва озодлиги учун курашган иккинчи жаҳон уруши фахрийларини байрам билан қутлаш билан бирга ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар.
Вилоят касаба уюшма фаоллари Арнасой, Дўстлик, Зафаробод, Ғаллаорол ва Зомин туманларида истиқомат қилувчи 32 нафар икинчи жахон уруши қатнашчиларининг хонадонларида ҳам бўлдилар. Уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ажратилган манзилли моддий ёрдамлар топширилди.
– Президентимизнинг “Иккинчи жахон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ёшимизга ёш, кучимизга куч қўшди, – дея таъкидлади ҳаяжон ила “Мўғол” қишлоғида яшовчи 92 ёшли отахон Тошбек Акмуратов ва “Ём” қишлоғида истиқомат қилувчи 90 ёшли отахон Аҳмад Мирзаев. – Биз нуронийларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамҳўрликлар натижасида ҳаётимиз янада фаровон бўлиб бормоқда. Шу боис биз кексаларнинг эса руҳимиз доимо баланд, ҳамиша дуодамиз: Юртимиз доимо тинч ва фаровон, Юртбошимиз эса доимо соғ ва омон бўлсинлар!