Касаба уюшмалари инспекторларининг аномал совуқда жамоатчилик назорати давом этмоқда
12.01.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят Кенгаши Меҳнат инспекторлари томонидан жорий йилнинг 11-12 январь кунлари вилоятда фаолиятини бошлаган мактабларда жамоатчилик назорати олиб борилди.
Жамоатчилик назорати жараёнида асосан мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларга синф хоналарида яратилган шароитларга эътибор қаратилди.
Жамоатчилик назорати асосидаги ўрганишлардан маълум бўлдики, Наманган шаҳридаги 31-умумтаълим мактаби, Янги Наманган туманидаги 86-, 59-, 55-, 87-умумтаълим мактаблари, Тўрақўрғон туманидаги 12-, 20-, 26-, 27-, 28-, 44-умумтаълим мактаблари, Уйчи туманидаги 3-, 4-, 27-, 33-, 38-умумтаълим мактабларида синф хоналарининг ҳарорати 8-10 даражани ташкил этиб, совуқлиги кўриниб турибди.
Янги Наманган туманидаги 60-умумтаълим мактабида 1837 нафар ўқувчи бўлиб, бошланғич (1-4-синф) ўқувчилари ўқишга келмаган. Синф хонасига кирилганда хонада иссиқлик 3 даражани кўрсатиб турибди. Иситиш қозонлари ишлашига қарамай, иссиқлик қуввати пастлигидан хоналар исимаяпти.
Бундай ҳолатлар аниқлангач зудлик билан касаба уюшмаларининг Меҳнат инспекторлари Наманган вилоят ҳокими ва вилоят халқ таълими бошқармасига Наманганда мактаб ўқувчиларининг қишқи таътил муддатини узайтириш тўғрисида расмий мурожаат киритди.
Шу каби жамоатчилик назорати бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилиб, касаба уюшмалари томонидан масъулларга тегишли тавсиялар берилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси