Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари ва ёшлар мулоқоти

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни.

04.11.2023. Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши мутасаддилари ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган мазкур тадбирда олий ўқув юртларида таълим олаётган талабалар, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

11 ноябрь —  Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами арафасида ташкил этилган мазкур тадбирда ёшларга мамлакатимизда демократик тамойиллар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, шунингдек фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил таҳлилий маълумотлар берилди.

Бундан ташқари мазкур йўналишлардаги ишлар билан бирга бугунги кунда касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган тизимли тадбирлар, бу орқали меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида жамоа келишувлари ва шартномаларига киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар хусусида ҳам сўз борди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари Кенгаши 314 745 нафар касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган бўлиб, шундан 30 ёшдан ошмаган ёшлар 114 894 нафарни ташкил этмоқда.  Улардан 40 183 нафари ёш меҳнаткашлар ва 50 454 нафари талаба ёшлардан иборат.

Тадбирда иштирок этган ёшлар бугунги кунда касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга талаба ёшларни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, уларнинг иқтидорларини юзага чиқаришга кўмаклашаётгани, контракт тўловларини қоплаб бераётганини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир доирасида таълим олиш билан бирга, жамоатчилик ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар томонлама намунали ва иқтидорли, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган ва жисмоний имконияти чекланган талабалар касаба уюшмалари томонидан таъсис этилган стипендия ва касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар билан рағбатлантирилди.

Бундан ташқари бир қатор ёш меҳнаткашларга кенгашнинг Фахрий ёрлиқлари топширилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари