Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касабақўм кунимга яради

04.04.2018. Ўтган йилда «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида штат бирликлари қисқартирилишга тушган ходимлардан 129 нафари касаба уюшма аралашуви ва тавсиясига биноан меҳнат фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Уларнинг айримлари пенсия ёшига етганлар ўрнига қабул қилинган бўлса, бошқалари сиртқи курсларда ўқитилиб, мутахассислиги ўзгартирилди.

Жумладан, Саодат Солиева жамиятнинг Ховос тумани корхонасида назоратчи бўлиб ишлаган. Касабақўм раиси Шавкат Мирзабеков унга яқин бўлган ҳудуддаги Ширин шаҳар бўлимига назоратчи сифатида ишга жойлашишига кўмаклашди.
– Уч нафар фарзандим бор, – дейди Янгиер корхонаси назоратчиси бўлиб ишлаган яна бир ходим Азиза Маҳамадқулова. – Ишхонамни яхши кўраман. Шундай катта жамоа аъзоси эканимдан ҳамиша фахрланганман. Қисқаришга тушганимда ҳамкасбларим қатори касаба уюшмасига мурожаат қилдим. Жонкуяр инсонларнинг маслаҳати билан уч ойлик курсда ўқиб, бухгалтер ёрдамчиси бўлиб ишга тикландим.
Юзага келган мураккаб вазиятда бошланғич касаба уюшмаси раисининг ходимларни қанчалик яхши билиши қўл келди. Масалан, собиқ назоратчи Шаҳло Холиқуловани комп­ьютер саводхонлиги яхшилигидан хабардор бўлгани учун оператор лавозимига тавсия қилди. Тузилган комиссия иштирокида унинг билими синовдан ўтказилиб, масалага ечим топилди. Касабақўм етакчиси таклифи билан ишга тикланганлар орасида назоратчи Санобар Тавбаева, 2-гуруҳ ногирони Дилфуза Шарипова, бухгалтер ёрдамчиси Ойшаҳар Алимова ҳам бор.
Электромонтёр Икром Матвалиев корхонада қоровул бўлиб ишлайди. Фарзандининг қўл суякларида туғма ногиронлик бор. Фарзандига кечиктириб бўлмас операция тавсия қилинди. Шундай пайтда касаба уюшмаси моддий ёрдам қўлини чўзди. Операция ўз вақтида ўтказилди. Шу тариқа равшанлик топган кўнгилларда ишга муҳаббат, соғайишга интилиш ошди.
Жамоа шартномасининг ўтган йил давомидаги ижроси муҳокамасида касаба уюшмаси чиндан-да меҳнат аҳлининг ҳамкори ва таянчи эканлиги ўз тасдиғини топди.

Click to listen highlighted text!