Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Конституция — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати

28.11.2017. Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнат жамоаларида Маънавият соатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, Бош Қомусимиз мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқларимиз, бугунги осойишта ҳаётимиз ва буюк истиқболимизнинг муҳим асоси эканлиги эътироф этилмоқда.

Шундай анжуманлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилди.

Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари  касаба уюшмаси Республика кенгаши билан ҳамкорликда “Конституция — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” мавзуида ўтказилган Маънавият соатида Федерация Кенгаши, касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Санатор-курортлар бошқармаси ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети профессори Дилором Бобожонова ва Юристлар малакасини ошириш марказининг кафедра мудири, профессор Бобоқул Тошев маърузаларида Асосий Қонунимиз – мамлакатимиз Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланганлиги, бу борада юртимизда олиб борилаётган тизимли ишлар эътироф этилди. Бош Қомусимиз қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам таянчи эканлиги ҳақида кенг тушунча берилди. Хусусан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш барча жабҳалардаги ислоҳотлар жараёнида яққол намоён бўлаётгани таъкидланди. Муҳими, бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотлар негизидан, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари устуворлиги ўрин эгаллаган. Шу боис мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бугун халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

— Маънавият соатида юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар, авваламбор, тинчлик-хотиржамлик, эмин-эркин меҳнат қилиш ва яшаш учун яратилган шарт-шароитлар шарофати эканлигини яна бир карра ҳис қилдик, — дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Гўзал Тохтаева. — Айниқса, профессор Бобоқул Тошевнинг қонунчиликда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар юртимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда мустаҳкам пойдевор бўлаётгани, бу борада Конституциямизнинг ўрни алоҳида эканлиги ҳақидаги ҳаётий фикр-мулоҳазалари барчада қизиқиш уйғотди.

— Маънавият соатида бахтимиз қомуси бўлган Конституциямиз мазмун-моҳияти жонли мисоллар асосида кенг очиб берилгани туфайли унда акс этган ҳуқуқ ва бурчларимиз ҳақидаги билимларимиз янада бойиди, — дейди ёшлар вакили Умиджон Ортиқов. — Асосий Қонунимиз инсон ҳаётининг, жамият равнақининг барча жараёнларини қамраб олгани, шу асосда қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилаётгани борасидаги маълумотларни биз  ёшларга етказишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта. Зеро, Конституциямиз яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, тил ва эътиқод, сайлаш, сайланиш, тиббий хизмат, турар-жой дахлсизлиги каби ҳуқуқларимизнинг асосий кафолатидир. Улардан баҳра олиб яшаётган, илм сирларини ўрганаётган ёшлардан бири эканлигимдан бахтиёрман.

Тадбир иштирокчиларнинг қонунчилик соҳасидаги билимларини ошириш баробарида ёшлар қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини  юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!