Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24

Мақсадимиз бир, йўлимиз ҳам

25.07.2017. Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан Темурийлар тарихи Давлат музейида «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остидаги Форум якунларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Унда Шайхонтоҳур туманидаги барча тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, йирик корхона, ташкилот ва муассасалар иш берувчилари иштирок этишди.

Семинарда асосий эътибор 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда касаба уюшмаларининг вазифаларига қаратилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Шайхонтоҳур тумани кенгаши раиси Дилнора Ўлмасова ҳамда бошқаларнинг мавзуга оид чиқишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда сўзга чиққан касаба уюшма ­фаоллари Ҳаракатлар стратегияси жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир фуқароси учун ўзига хос чорлов, ундов бўлганини таъкидлаб, барча касаба уюшма аъзоларини юрт тараққиёти йўлида бирлашишга чақиришди.

Тадбир якунида иштирокчилар мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

***

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент шаҳридаги масъул ташкилотчиси ташаббуси билан Мирзо Улуғбек туманида ҳамда  Агросаноат мажмуи ходимлари Республика кенгашининг масъул ташкилотчиси етакчилигида Яккасарой туманларида ҳам Форумга оид тадбирлар бўлиб ўтди.

Унда «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­си»ни амалга оширишда Кўмаклашиш ­дастури»ни бажариш юзасидан касаба уюшма ташкилотлари олдида турган вазифаларни бошланғич касаба уюшма ташкилотларига, ҳар бир касаба уюшма аъзосига етказиш асосий мақсад қилиб олинди.

Форумда билдирилган фикр-мулоҳазалар, белгиланган устувор вазифаларни фаолиятга кенг жорий этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга эътибор қаратилди.

 ***

103-мактаб-интернатда ҳам Форум якунларига бағишлаб Яшнобод ва Бектемир туманларидаги касаба уюшма ташкилотларининг амалий семинари ўтказилди.

Семинарда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмалари Тошкент шаҳар бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳаётжон Шарипов Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳамда юртимиз тараққиётида тутган муҳим ўрнини барча касаба уюшма ташкилотлари, ҳар бир аъзога етказиш, уларни мазкур дас­турий ҳужжат амалга оширилишига сафарбар этиш ҳамда иштирокини таъминлаш, ватанимизнинг порлоқ истиқболи йўлидаги улуғвор мақсадларни амалга оширишда ташаббускор бўлишга чорлади.

— Муштарак мақсадларимиз йўлида қабул қилинган Дастур ва Мурожаатни ҳар бир бошланғич ташкилотга ва касаба уюшма аъзоларига етказсак, меҳнат жамоаларида соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, халқимизда бугунги кунга шукроналик ҳиссини янада кучайтириш ва касаба уюшма аъзоларини ягона ғоя атрофида жипслаштиришга эришамиз, — деди Бектемир туман ҳокимлиги маънавият-тарғибот маркази раҳбари Нилуфар Эргашева. — Ўз сафида 6,5 млн. нафардан ортиқ аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари вакилларининг Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаши ушбу муҳим ҳужжатни амалга оширишда муҳим омил ҳисобланади.

 

***

Сирдарё вилоятида ҳам Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан Форум якунларига бағишланган амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Гулистон ва Янгиер шаҳарлари, Сирдарё, Гулистон, Боёвут ҳамда Сардоба туманларидаги тармоқ касаба уюшма кенгашларида Форумга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Гулистон шаҳридаги Бек бирлашмаси маъмурияти ва касаба уюшма ташкилоти ҳамкорликда «Бек текс» МЧЖ ходимлари ўртасида уюштирилган тадбирда Форумда белгилаб олинган вазифалар қўллаб-қувватланди.

— Корхонамизда асосан хотин-қизлар меҳнат қилади. Самарали иш олиб бориш учун маъмурият томонидан барча шароит яратиб қўйилган, — дейди «Бек текс» МЧЖ касаба уюшма ташкилоти етакчиси ­М.Абамуслимова. — «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остидаги Форум иштирокчиларининг Мурожаати корхона ишчи-ходимлари томонидан кенг муҳокама этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

***

Барча амалий семинарлар сўнгида «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остидаги Форум иштирокчиларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларига мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!