Меҳнат қилган устозлар – ҳамиша азиз!
07.11.2023. Мамлакатда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, эркин, фаровон ҳаёт қуришда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси аъзоларининг ҳиссаси беқиёс. Таълим тизимида самарали меҳнат қилаётган педагоглар мунтазам равишда касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан қўллаб қувватланиб келинмоқда.
Сирдарё вилоятидаги таълим муасасаларида фаолият юритаётган 28500 нафар устозларни 563 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари бирлаштирган ва ўз ҳизматларига олган.
11-ноябрь “Касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан таълим тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган фаҳрий устозлар, соҳа фидойилари, касаба уюшмаси фаоллари жам бўлдилар.
Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, Республика кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Бобоёровлар йиғилганларни табриклаб, касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятини янада сифатли ташкил қилиш, охирги йилларда эришилаётган ютуқлар ҳамда келгусида устозлар манфаати йўлида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга батафсил тўхталдилар.
– 15 йил таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Гулистон туман кенгаши раиси вазифасида ишладим. Ҳамон ўзимни шу сафда деб биламан,- дейди халқ таълими аълочиси, собиқ касаба уюшмаси фаоли Ёқубжон Мадаминов,- ҳамиша касаба уюшмасининг ғамхўрлигини сезиб турамиз. Сиҳатгоҳларда дам олаётганимиз, тарихий шаҳарларга саёҳатларимиз, байрамларда қаторда борлигимиз ана шу ғамхўрликнинг намунасидир.
– Бугунги тантанага таклиф қилишганида жуда ҳаяжонландим. Оқолтин туманидаги 6- умумтаълим мактабида 40 йил ишлаган бўлсам шундан 20 йили бошланғич касаба ташкилоти фаолияти билан боғлиқ. Меҳнат қилган элда азиз бўларкан,-дейди Лафасой Исмоилова.
Гулистон давлат университети талабалари Лобар Раҳмонова ва Ислом Сафтаровларнинг устозлар ҳамда касаба уюшмасига бағишлаб ўқиган шеърлари иштирокчиларни таъсирлантирди.
Тадбир сўнгида тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатиб келган касаба уюшмаси фахрийлари ва фаолларидан бир гуруҳи Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.