Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат ҳуқуқларини тарғиб этишга қаратилган «Талабалар кубоги-2018» танлови ўтказилмоқда

16.11.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда «Заковат» интеллектуал ўйини доирасида юртимиздаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида меҳнат ҳуқуқи мавзуига оид «Талабалар кубоги» турнири ўтказилмоқда.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад талаба ёшларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, мантиқий фикрлаш доирасини ҳамда дунёқарашини кенгайтириш, улар ўртасида меҳнат ҳуқуқига оид билимларни тарғиб қилиш ва бунда интерактив усуллардан фаол фойдаланиш, республикамизнинг турли ҳудудларидаги талаба ёшлар ўртасида дўстона мулоқот ва алоқаларни кучайтиришдан иборат.

Мазкур турнирнинг минтақавий саралаш босқичлари тўртта ҳудудда – Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Уларда республикамиздаги 80 та олий таълим муассасаси жамоалари иштирок этди. Хусусан, мазкур интеллектуал турнирнинг дастлабки босқичларида  юртимизнинг барча ҳудудларидан жами 640 нафар талаба ёшлар қамраб олинди ва минтақавий саралаш босқичларида қуйидаги 15 та олий таълим муассасаси жамоалари юқори натижа кўрсатиб, финал босқичига йўлланмани қўлга киритишга муваффақ бўлдилар:

  1. Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институти.
  2. Самарқанд ветеринария медицинаси институти.
  3. Самарқанд Давлат университети.
  4. Қорақалпоқ Давлат университети.
  5. Урганч Давлат университети.
  6. Нукус Давлат педагогика институти.
  7. Андижон Давлат университети.
  8. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали.
  9. Фарғона Давлат университети.
  10. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
  11. Тошкент Давлат юридик университети.
  12. Тошкент тиббиёт академияси.
  13. Тошкент молия институти.
  14. Тошкент Давлат техника университети.
  15. Тошкент педиатрия тиббиёт институти.

«Талабалар кубоги» турнирининг Республика босқичи жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилди. Унда минтақавий саралаш босқичларида ғолиб бўлган 15 та олий таълим муассасаси жамоалари иштирок этдилар.

Республика финал босқичида ғолиб бўлган Тошкент педиатрия тиббиёт институти жамоаси Италиянинг Турин шаҳрида ташкил этиладиган 1 ҳафталик ўқув семинарида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди ҳамда янги йил байрами арафасида бўлиб ўтадиган «Заковат» интеллектуал телекўрсатувининг махсус сонида қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!