Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги халқаро ва миллий экспертлар нигоҳида

05.07.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилоти иштирокида Андижон вилоятида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги миллий тизимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг имконияти ва ролини ошириш” мавзусидаги семинар ўтказилди.

Тадбирда халқаро ва миллий иштирокчилар, жумладан, Федерация Кенгаши аппарати ва барча худудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг меҳнат муҳофазаси бўлими мудирлари ҳамда мутахассислари, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Бюроси меҳнат инспекцияси ва меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Валентин Мокану (Москва), Меҳнат муҳофазаси бўйича эксперт Корнелиу Константиноая (Румыния), халқаро эксперт Анастасия Дубова иштирок этдилар.

Икки кунлик семинар доирасида “Ўзбекистонда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги”, “Келажакдаги меҳнат соҳасининг марказида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги”, “Саломатлик ва меҳнат муҳофазаси бошқаруви тизимига МОТнинг қарашлари”, “Ташкилотда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид мулоқот”, “Европа иттифоқида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги”, “Ўзбекистонда меҳнат хуқуқи ислоҳоти”, “Меҳат муҳофазасига оид Европа иттифоқи директиваларини миллий даражага тадбиқ этиш”, “Иш ўрнида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш”, “Келажакдаги ишларни режалаштириш ва якуний қисм”дан иборат 9 та сессияда бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири – Республикамиз фуқароларини ишлаб чиқариш жараёни ва бошқа ҳолатларда мавжуд ёки вужудга келиши мумкин бўлган турли хавфли ва зарарли омиллар таъсиридан ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида таъминлаш ҳамда санитария ва гигиена талабларига мос меҳнат шароитларини яратиб беришдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан, меҳнат муносабатлари иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида ўзбек ва рус тилларида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами уч томда, “Меҳнатни муҳофаза қилиш”, “Касаба уюшмалари тизимида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги”, “Муносиб меҳнат инсон фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг асоси” номли уч турдаги қўлланма ишлаб чиқилиб, чоп этилди ҳамда касаба уюма аъзоларига етказилди.

Касаба уюшмалари меҳнат муҳофазасига оид турли тадбирлар, хусусан, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, энг яхши меҳнат шароитлари фотокўргазмаси, соғлом ва хавфсиз меҳнат тарғиботи кампанияси, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этишга оид кўрик-танловлар, “Меҳнатга оид хуқуқингизни биласизми” мавзусидаги зукколар ўйини, бахс-мунозаралар ўтказиш билан бирга, буклет, қўлланма ва видеороликлар тайёрлаб, намойиш этмоқдалар.

Касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратилишида ходимларнинг меҳнати, ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси масаласини устувор вазифалардан бири деб эътироф этиб, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар орқали жамоатчилик назоратини амалга оширмоқдалар. Вакиллар фаолиятини тегишли тармоқлар йўналишида худудлар кесимида мувофиқлаштириш, ўқитиб, билимларини синаш ва ҳар кунлик назоратни олиб бориш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, ташкилотларда меҳнат муҳофазасининг норма ва қоидаларига риоя этилиши, хавфсизлик маданиятини юқори даражага кўтариш, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёз ва кафолатлар белгилаш, махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминлаш, ходимларнинг билимини доимий ошириб бориш, касб касалликлари ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар доимий диққат марказидадир.

Семинарда МОТнинг 100 йиллик тажрибаси, шу даврда қабул қилинган халқаро нормалар, уларнинг принциплари, ходимлар хавфсизлигини таъминлашда касаба уюшмаларининг мақсадлари ҳақида В.Мокану батафсил сўзлаб берди. Меҳнат муҳофзаси соҳасидаги халқаро эксперт К.Константиноая Европадаги мавзуга оид хуқуқий ва институционал асос, шунингдек, касаба уюшмалари, меҳнат муҳофазаси бўйича уларнинг вакиллари фаолияти юзасидан Румыния тажрибаси билан ўртоқлашди.

Таъкидлаш жоизки, хавфсиз, ҳимояланган, муносиб меҳнат шароитларини яратиш мавжуд қонун ҳужжатларидан хабардорликни қатъиян талаб қилмоқда. Шу боис семинар иштирокчиларига Меҳнат муҳофазасининг қонуний ва институционал асослари батафсил баён этилди. Меҳнат кодекси, меҳнат муҳофазаси ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга киритилаётган ўзгартишлар, асосий мақсад ва келгусидаги вазифалар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, мутахассислар Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун тўғрисида тўхталиб, Қонун номи касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солиш соҳаси кенгайиши муносабати билан ўзгартирилаётгани, тизимлаштирилгани, шаклланган конун ижодкорлиги амалиётидан келиб чиқиб, қонун билан тартибга солишнинг аниқлаштирилган предметлари, касаба уюшмалари турли даражадаги ташкилотлари ва органларини аниқ фарқлашлар билан тўлдирилгани айтиб ўтилди. Касаба уюшма аъзоси – нафақат фуқаролар, балки олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эл фукаролари ҳам бўлиши мумкинлиги, улар ҳам касаба уюшмаларини ташкил этиш ва уларда иштирок этишга ҳақли эканлигини ҳисобга олган ҳолда, касаба уюшмалари ташкилий ва ҳуқуқий мақоми масалалари алоҳида бобларда акс эттирилгани туфайли, Қонун «касаба уюшмаси» тушунчаси билан тўлдирилганлиги таъкидланди.

Семинар қизғин бахс-мунозараларга бой бўлиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Энг фаол иштирокчиларга Халқаро меҳнат ташкилотининг сертификати топширилди.

Фото Уза

Click to listen highlighted text!