Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар комбинат ишчи-ходимлари ҳаётида қандай акс этади?

23.01.2023. Ушбу саволга «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ходимлари касаба уюшмаси фаоллари иштирокида ўтган ўқув-семинарда жавоб берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг юридик бўлими мудири Ҳамидулла Примқулов, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаев, комбинат масъуллари, барча цехлар касаба уюшма қўмитаси раислари, касаба уюшма фаоллари ва ишчи-ходимлар қатнашган тадбирда жорий йилнинг 30 апрелидан кучга кирадиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ҳақида маълумот берилиб, ўзгаришларга алоҳида тўхталинди.

Хусусан, Меҳнат кодексига масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида бир қанча моддалар киритилган. Ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси чиқариб ташланган. Ҳолбуки, амалдаги кодексда ходим пенсия ёшига етса, иш берувчи у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эди. Бугина эмас, айрим тоифадаги ходимлар учун синов муддати 3 ойдан 6 ойга узайтирилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳат, бу ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга бағишланган нормалар киритилганлигидир. Шунинг дек, касаба уюшмаси 10 кун муддат ичида иш берувчи тақдимномасига ёзма равишда жавоб бермаса, иш берувчи касаба уюшмаси розилигисиз ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўляпти.

Ўқув-семинарда Меҳнат кодексига киритилган бу каби кўплаб ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномаларини ҳам янгилаш лозимлиги айтиб ўтилди.

– Комбинат жамоа шартномаси муддати тугаш арафасида. Биз шу йилнинг 30 апрелидан янги жамоа шартномасини қабул қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Ишчи-ходимлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англаб етишлари учун ташкил этилган ушбу тадбир бу йўлда дастуриламал бўлиши аниқ, – дейди ОКМК ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров.

Тадбирда мавзуга оид саволларга атрофлича жавоб берилди.

Феруза Бозорова

«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ходимлари касаба уюшмаси ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси

Click to listen highlighted text!