Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24

Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар

23.12.2016. Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида республика Давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 майдаги 132-сонли Қарорига биноан ташкил этилган мазкур Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, Марказий банк, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий  касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларининг муҳим компонентлари бўлган бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар муҳокама этилди.

Таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан худди шу турдаги Давра суҳбатлари республикамиздаги барча туман ва шаҳарларда, сўнгра ҳудудлар миқёсида ташкил этилган эди. Ушбу тадбирларда меҳнаткашлар томонидан ўртага ташланган ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид саволлардан аксариятининг жойида ҳал этилига эришилди. Шу билан бирга, республика миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар Республика Давра суҳбатига таклиф этилган тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш, қишлоқ жойларида пластик карточкалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида ҳудудлардан келган мурожаатларнинг ечимини топиш бўйича қизғин фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Фаол баҳс-мунозараларга бой ўтган тадбир давомида ҳудудлардаги касаба уюшма фаоллари томонидан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига оид масалалар  бўйича тўпланган саволларга вазирлик ва идоралар, Марказий банк мутасаддиларининг жавоблари олиниб, уларни тўлақонли ҳал этиш мақсадида ижтимоий шерикликни кучайтириш масаласига урғу берилди.

Тадбир давомида жорий йилда республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар рўй берганлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги тахрири қабул қилингани, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенцияси ратификация қилингани алоҳида эътироф этилди. Давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятларини қонун билан белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини оширишни, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашни кўзда тутувчи «Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш вазифаси қўйилгани муҳим воқеа бўлгани алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мамлакатимизда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ечиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёёев таъкидлаганидек, самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш – буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллар эканлиги эътироф этилди.

Мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари томонидан ҳам ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишларнинг кучайтирилгани айни муддао бўлди. Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш баробарида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги масалаларни самарали ҳал этиш учун яратилган мустаҳкам ҳуқуқий негиз ва таъсирчан амалиёт натижасида хусусий секторнинг тобора ривож топаётганини таъкидлаш зарур. Мазкур жараён меҳнат соҳасида фаолият юритувчи мамлакат касаба уюшмалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Хусусан, бугун касаба уюшмалари янги ташкил этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, жамоа шартномаларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликнинг ижтимоий-меҳнат муносабатларини янада ривожлантириш, турли соҳа ходимлари ижтимоий ҳимоясини самарали таъминлаш имкониятларини кенгайтираётгани халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Тадбирда бугунги кунда Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур тадбирлар билан бойитиш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди.

Давра суҳбати якунида меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар, пластик карточкалар воситасида тўловларни амалга ошириш масалаларига оид ўртага ташланган саволларга аниқ ва батафсил жавоблар берилиб, келгусида ушбу йўналишлардаги ишларни кучайтириш борасида келишиб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly
Click to listen highlighted text!