Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар муҳокама этилди

05.12.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун имзоланган Бош келишув доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда меҳнат соҳасига оид долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама этилди.

Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилоти бирлашмаси, тармоқ касаба уюшмаларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, маҳаллий ҳокимлик, тегишли идора ва ташкилотлар, иш берувчилар вакиллари  иштирок этдилар.

Давра суҳбатида бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий-меҳнат муносабатларининг муҳим компонентлари бўлган бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ходимлар меҳнати муҳофазаси борасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасидаги вазифалар муҳокама этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, худди шу турдаги Давра суҳбатлари вилоят ҳудудидаги барча туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этилиб, меҳнаткашлар томонидан ўртага ташланган ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасига оид масалаларнинг аксар қисми жойларда ўз ечимини топишига эришилганди. Вилоят миқёсида ташкил этилган Давра суҳбатида эса уларнинг қолган қисми – вилоят даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар вилоят ҳокимлиги, тегишли бошқарма ва идоралар мутасаддилари иштирокида муҳокама этилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, йиғилганлар бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш борасидаги вазифалар, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш масалалари бўйича фикр алмашдилар.

Иштирокчилар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш баробарида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги масалаларни самарали ҳал этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий негиз ва таъсирчан амалиёт яратилгани таъкидланди. Меҳнат соҳасида фаолият юритувчи касаба уюшмалари фаолиятида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда вилоят миқёсида амал қилаётган ҳудудий келишув вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва маҳаллий ҳокимлик ўртасидаги самарали ижтимоий мулоқотни таъминлаётгани эътироф этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳудудий келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувларининг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур меъёр ва тадбирлар билан бойитиш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мазкур локал ҳужжатларда ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатиш ва тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилган. Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган. Иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида тузилаётган жамоа шартномалари орқали ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, коллеж битирувчилари учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, меҳнат ҳавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини янада яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, тегишли тартибда имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганлиги, бугунги кунда мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани, мазкур жараёнларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, улар фаолиятида аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш устуворлик касб этаётгани таъкидланди.

Таъкидлаш зарурки, вилоят ҳудудларидаги давра суҳбатларида ижтимоий-меҳнат масалаларига тааллуқли бўлган 50 дан ортиқ масалалар кўтарилиб, уларнинг ярмидан кўпи туман миқёсида ўз ечимини топди. Вилоят миқёсида ўтказилган давра суҳбатига қўйилган масалалар вилоят ҳокимлигининг тегишли бўлимлари, бошқармалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш бўйича тадбир ва вазифалар белгилаб олинди.

Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди идоралар вакиллари томонидан батафсил жавоб олдилар.

Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, мутасадди ташкилотларга юборилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!