Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Меҳр-мурувват ойлигида мамлакат касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда

05.12.2017. Мамлакатимизда яратилган кучли ижтимоий ҳимоя тизими асосида давлатимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан аниқ ва мақсадли чоралар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари фаол иштирок этмоқдалар.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кекса авлод вакиллари ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 2017-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлари” тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан 584 нафар ёлғиз кекса ва ногирон инсонларга 62,7 млн. сўмлик коммунал тўловлари қоплаб берилди. 4 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг уй-жойи таъмирланиб, 46 нафарига 26,6 млн. сўмлик реабилитация воситалари (коляска, ҳасса, эшитиш аппарати, тиш протези) олиб берилди. Шунингдек, байрамлар муносабати билан “Мурувват”, “Саховат” уйларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, у ерда яшовчилар холидан хабар олинди ва уларга жами 75,8 млн. сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди.

2017 йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар республикамизда ўтказилаётган Меҳр-мурувват ойлигида ҳам барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, жойларда оммавий-маданий ва хайрия тадбирлари, учрашувлар ташкил этилмоқда, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг уйларига бориб хабар олиниб, уларга манзилли ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Меҳр-мурувват ойлиги доирасида ногиронлар учун квоталанган иш ўринларининг ажратилганлиги ва уларни тўғри банд қилинганлиги устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар янада кучайтирилди. Шунингдек, республикамиз ҳудудларида яшовчи ногирон инсонларни зарур техник реабилитация воситалари, шу жумладан, ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар билан таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган жисмоний имконияти чекланган инсонларни моддий қўллаб-қувватлаш билан бирга улар ўртасида маънавий-маданий ва спорт тадбирлари, учрашувлар ўтказилиб, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчилар учун касаба уюшмаларининг ижтимоий акциялари ташкил этилмоқда.

Ана шундай акциялардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Фарғона вилоятида ўтказилди. Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Ёшлар бирлашмаси томонидан вилоятнинг Ўзбекистон туманидаги Қудаш қишлоғида жойлашган «Мурувват» ногирон аёллар интернат уйида ташкил этилган “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари – ёш касаба уюшма фаоллари эътиборида” акциясида асосий эътибор ушбу масканда истиқомат қилаётган инсонлар кўнглини кўтаришга қаратилди. Шу мақсадда ташкил этилган маданий тадбир дастури барчага бирдек манзур бўлди, десак муболаға бўлмайди. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги куй ва қўшиқлар барчани рақсга чорлади. Акция доирасида мазкур ижтимоий муассасада яшовчи 350 нафар инсонга  11 млн. сўмликдан зиёд совғалар топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги байрами ва “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан паралимпия спортчилари, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, тармоқ тизимидаги кичик бизнес субъектлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақалар ўтказилди.

Унда тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлардан таркиб топган 8 та жамоа ҳамда кўзи ожиз спортчилардан таркиб топган “Қалдирғоч” ва “Лочин” жамоалари иштирок этди.

Мусобақалар натижаларига кўра ғолиб бўлган жамоалар муносиб тақдирланиши билан бирга, “Меҳнат жамоасида спортнинг оммавийлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган жамоа” номинацияси таъсис этилиб, 5 та жамоа махсус диплом ва совғалар билан рағбатлантирилди. Шунингдек, паралимпия спортчиларининг “Лочин” ва “Қалдирғоч” жамоалари рамзий кубок билан тақдирланиб, ҳар бир ўйинчига эсдалик совғалари топширилди.

Республикадаги бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан жорий йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилган республика тадбирида эса 100 нафар жисмоний имконияти чекланган инсонга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси совғалари топширилди.

Меҳр-мурувват ойлиги доирасида касаба уюшмалари томонидан ўтказилаётган тадбирлар республикамиз ҳудудларида кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!