Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари – ёш касаба уюшма фаоллари эътиборида” акцияси ўтказилмоқда

01.12.2017. Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида инсон манфаатларини таъминлаш, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламига манзилли ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, амалий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва жисмоний имконияти чекланган инсонларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш тизими яратилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 1-августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 июлдаги «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйларида яшайдиган ногиронлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.  

Мазкур ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Хусусан, ижтимоий ҳимояталаб ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий иқтисодий-манфаатларини ҳимоялаш билан бирга уларнинг жамият ҳаётига интеграциялашувига кўмаклашилиб, жисмоний имконияти чекланган инсонларга ижтимоий кўмак тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, кўп йил меҳнат қилган пенсионерлар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли соғломлаштирилмоқда. Кекса авлод вакилларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари ташкил этилиб, турли байрамлар арафасида ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. 

Касаба уюшма ташкилотлари томонидан пенсионер ва ногиронларнинг коммунал-маиший хизматлар тўловларини қоплаб бериш, уй-жойларини таъмирлаш ва дори-дармонлар ҳаридида кўмаклашиш ишлари ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Тармоқ касаба уюшмалари томонидан тизимда кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг холидан  хабар олиниб, санъат саройиларига ва театрларга чипталар билан таъминланмоқда.  

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида мамлакат миқёсида ўтказилаётган “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари – ёш касаба уюшма фаоллари эътиборида” акцияси ҳам ушбу масканларда яшовчи инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадига қаратилган. 

Мазкур акция доирасида касаба уюшмалари тизимидаги Ёшлар бирлашмаси фаоллари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Саховат” ҳамда “Мурувват” уйлари ҳудудини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш билан бирга, ушбу масканларда истиқомат қилаётган отахону онахонлар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, ёлғиз кексаларга маданий-маърифий тадбирлар дастурини намойиш этмоқдалар. Шунингдек, ҳудудлардаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган инсонларга касаба уюшмалари совғалари  топширилмоқда. 

Худди шундай тадбирлардан бири Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Ёшлар бирлашмаси томонидан ўтказилди. Вилоятнинг Ўзбекистон туманидаги Қудаш қишлоғида жойлашган «Мурувват» ногирон аёллар интернат уйида ташкил этилган тадбирда асосий эътибор ушбу масканда истиқомат қилаётган инсонлар кўнглини кўтаришга қаратилди. Шу мақсадда ташкил этилган маданий тадбир дастури барчага бирдек манзур бўлди, десак муболаға бўлмайди. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги куй ва қўшиқлар барчани рақса чорлади.  

Акция доирасида мазкур ижтимоий муассасада яшовчи 350 нафар инсонга 11 млн. сўмликдан зиёд совғалар топширилди.  

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!