Касаба уюшмаси аралашуви билан ноқонуний жазо бекор қилинди
17.01.2022. Дилфуза Саидова бир нафар фарзанднинг онаси. Ўн беш йилдан бери «Бухоро халқаро аэропорти» МЧЖда ишлаб, ёлғиз ўзи рўзғор тебратиб келади.
Аммо туҳмат сабаб Дилфузанинг номига қора чапланди. Яхшиямки, ёлғонларнинг миси чиққач, жавобгарликдан озод қилинди. Аммо бу ишлар натижасида корхона маъмурияти томонидан унга интизомий жазо чораси қўлланилди ва лавозимини пасайтириш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Аввалига ўзининг «мажбурий-ихтиёрий» аризасига кўра, жамиятнинг қишлоқ хўжалиги бўлимига хизматчи бўлиб ўтди. Бир ойдан сўнг ўз ишига қайтишига ваъда берилди. Аммо бунинг ўрнига интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, хайфсан эълон қилинди.
«Интизомий жазодан бехабар эдим, билганимда, бошқа ишга ўтишга умуман рози бўлмасдим, ахир улар мени мана шу тушунмовчилик ортидан келиб чиққан вазиятни деб икки марта қайта жазолашлари мумкинми?! Бунинг устига менга қўйилган айблов юзасидан суд томонидан жавобгарлик қўлланилмади», дейди у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти кенгашига қилган мурожаатида.
Иш судга оширилди. Вилоят кенгаши масъули судда ходиманинг вакили сифатида иштирок этди. Суд муҳокамаси жараёнида ҳақиқатан ҳам Д.Саидовага нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораси ғайриқонуний бўлиб чиқди. Бунинг устига иккинчи маротаба қўллаш учун киритилган тақдимномада келтирилган ножўя ҳаракатлар асосланмаганлиги аниқланди. Даъво қаноатлантирилиб, жазо чоралари бекор қилинди. Уни ўз лавозимига қайта тиклаш бўйича қарор чиқарилди. Мажбурий бекор юрган кунлари учун иш берувчидан 6 242 310 сўм, маънавий зарар учун 3 миллион сўм зарар пули ундириб берилди.
Дилдора Иброҳимова