[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Sayt test rejimida ishlamoqda

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

06.12.2013. Жорий йил 6 декабрь куни Тошкент Ирригация ва мелиорация институтида “Катта ҳаётга – касаба уюшмаси билан” акцияси ўтказилди. ЎзАкция Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилди. Унда олим ва ўқитувчилар, касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларнинг Ёшлар кенгашлари аъзолари ҳамда фаоллари, олий таълим ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган талаба ва ўқувчилар, бошланғич касаба уюшма қўмиталари вакиллари иштирок этдилар.

Акцияда мустақилликнинг дастлабки кунларидан Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган фаровон демократик давлат ва жамиятни барпо этишга йўналтирилган туб ислоҳотларнинг ўзига хос хусусияти унинг аниқ ижтимоий йўналтирилганлигида экани алоҳида таъкидланди. Аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, кўплаб билимлар ва касб-ҳунарларни эгаллаган, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам.

Тадбирда мамлакатимизда юритилаётган кучли ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга эканлиги, унинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларида, ушбу соҳага тегишли 22 қонунда ўз ифодасини топганлиги қайд этилди. Мамалакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қабул қилинган дастлабки қонун ҳужжатларидан бири  “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун эканлигида ҳам катта рамзий маъно бор. Президентимизнинг қатор Фармон ва Қарорлари ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий истиқлол ғояси, ўз Ватани ва халқига меҳр-муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялашга, ёшларни жисмонан, маънан ва руҳан баркамол этиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган. Шунингдек, бу борада кўплаб Давлат дастурлари ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Акция доирасида ёшларга касаба уюшмалари фаолиятининг конституциявий кафолатлари тўғрисида кенг тушунтиришлар берилди. Шунингдек, Республика касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклик асосида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида олиб бораётган ишлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари талаба ва ўқувчилари бандлигини таъминлаш, улар меҳнатини муҳофазалаш йўналишларида тизимли иш олиб борилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг муқим иш ўринларига эга бўлишлари, яратилаётган янги иш ўринлари ишончлилиги борасида олиб борилаётган жамоатчилик назорати тўғрисида фикр алмашилди. Касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш ишлари натижасида бугун ушбу жамоат ташкилоти ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан бирга ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ёш олимларнинг инновацион ишланмаларини ҳаётга татбиқ этилишида кўмаклашиш, соғломлаштириш ишларини ҳам амалга ошираётгани қайд этилди.

Бугунги кунда жамоа шартномалари орқали ёш оилаларга маиший техника жиҳозлари ҳарид қилишлари ва уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар берилмоқда. Олий ўқув юртларида шартнома асосида таълим олаётган талабаларнинг тўлов контракт пуллари қопланмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида касаба уюшмалари тизимида жорий этилган “Ишонч телефонлари” ва Ҳуқуқий маслаҳатхоналар орқали бепул амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Касаба уюшмалари томонидан махсус дастур асосида касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар Акция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.  Хусусан, мазкур дастур асосида 2012-2013 ўқув йилларида касб-ҳунар коллежларининг 21 минг нафарга яқин битирувчиси амалиёт ўташ даврида касаба уюшма маблағи ҳисобидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Коллежни битириб ишга жойлашган ёшларнинг 2 минг 414 нафарига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида – жами 427 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан 501 минг 148 нафар битирувчининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва учтомонлама шартномалар билан қамраб олинишида кўмаклашилди.

Улар меҳнати муҳофазасини кучайтириш мақсадида ёш мутахассислар ва ишга янги қабул қилинган олийгоҳ ҳамда коллежлар битирувчилари корхона ва ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан махсус йўриқномадан ўтказилмоқда. Шунингдек, ёш ходимлар ва талабалар маънавиятини юксалтириш, уларнинг касбий тайёргарликдан ўтишларини таъминлаш, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ишлари орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масалаларига ҳам ҳудудий ва тармоқ келишувларидан кенг ўрин берилган. Уларнинг ижроси бўйича касаба уюшма аъзоларига мунтазам ҳисобот бериш тизими жорий этилган.

Тадбирда мазкур йўналишлардаги ишлар билан бирга жамоа шартномалари ва келишувларига киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар,  иқтидорли талаба ва ўқувчилар учун таъсис этилган касаба уюшма стипендиялари хусусида ҳам сўз борди. Касаба уюшма стипендиялари талаба ва ўқувчилар учун қўшимча ижтимоий тўлов бўлиб, ушбу устама стипендилар иқтидорли, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган ва жисмоний имконияти чекланган ўқувчи ва талабаларга бериб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда 6 та тармоқ ва 11 та ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари томонидан 200 нафардан зиёд кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга касаба уюшма стипендиялари топширилди. 2011-2013 йиллар давомида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан 200 нафар ёшлар рағбатлантирилди. Обод турмуш йилида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан 22 нафар йигит-қизга устама  стипендия топширилди.

Иштирокчилар томонидан бугунги кунда ёшларда халқимизга мутлақо ёт бўлган турли оқимлар ва таъсирларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Шу мақсадда ёшларимизнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда кучли ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Акция иштирокчилари мамлакатимизда кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига катта масъулият юклаши ва ёшларимиздан юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этишини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир доирасида ёшлар институт бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолияти билан чуқур танишдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати