[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Sayt test rejimida ishlamoqda

Халқаро  меҳнат  меъёрлари Инсон ҳуқуқлари умумий декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт каби Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган бир қатор халқаро ҳужжатларнинг узвий қисмидир. 

Халқаро меҳнат меъёрларини белгилаб қўйишда Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенция ва тавсиялари алоҳида аҳамиятга эга.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг ихтисослаштирилган муассаcaси бўлиб, у ижтимоий адолат тамойилларини, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларни илгари суришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1919 йилда ташкил топган  ХМТ 1946 йилда БМТ тизимига кирган биринчи ихтисослаштирилган муассаса бўлди.
Бу ташкилот фаолияти Филадельфия декларациясида (1944 йил) эълон қилинган қуйидаги тамойилларга асосланади:

  • меҳнат товар эмас;
  • сўз эркинлиги ва бирлашиш эркинлиги доимий тараққиётнинг зарурий шартидир;
  • ҳар қандай жойдаги қашшоқлик умумий фаровонлик учун таҳдидлидир;
  • ирқи, эътиқоди ёки жинсидан қатъи назар, барча одамлар эркинлик ва инсон қадр-қимматини ҳурматлаш, иқтисодий барқарорлик ва тенг имкониятлар шароитида моддий фаровонлик ва маънавий ривожланиш ҳуқуқига эгадирлар.

ХМТ ноёб уч томонлама тузилмага эга. Бунда иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг бирлашмалари (“ижтимоий шериклар”) ҳукуматларнинг сиёсий йўналиши ва дастурларини шакллантиришда улар билан тенг овозга эгадирлар.
Ҳар йили Халқаро меҳнат конференцияси чақирилади. У меҳнатга ва ижтимоий масалаларга доир умумий муаммолар ҳамда халқаро меҳнат меъёрлари муҳокама қилинадиган халқаро анжуман ҳисобланади. Бу анжуманда ташкилотнинг умумий сиёсати белгиланади. Ҳар бир аъзо-давлат Конференцияга тўрт нафар делегат юбориш ҳуқуқига эга. Бу делегатларнинг икки нафари ҳукумат вакиллари бўлса, қолган иккисининг бири меҳнаткашларнинг, иккинчиси иш берувчиларнинг вакиллари бўлади. Конференция сессиялари оралиғида ХМТ фаолиятини Маъмурий кенгаш бошқаради. Маъмурий кенгаш ҳукуматларнинг 28 вакили, меҳнаткашларнинг 14 вакили ва иш берувчиларнинг 14 вакилидан иборатдир.
Меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқларнинг минимал стандартлари белгилаб қўйилувчи Конвенциялар ва Тавсиялар шаклида қабул қилинадиган халқаро меҳнат меъёрларини ишлаб чиқиш ХМТнинг энг муҳим ва ўзига хос функцияларидан бири ҳисобланади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоси бўлган давлат ҳукумати ХМТ Конвенциялари ва Тавсияларини уларни ратификациялаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ўз мамлакатининг ваколатли миллий органига (кўпинча Парламентга) тақдим этилишини ташкил қилади.
ХМТга аъзо давлат у ёки бу Конвенцияни ратификациялаганда ундаги қоидаларни миллий қонун ҳужжатларида ва амалиётда қўллаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
ХМТ Тавсиялари унчалик мажбурий тусда бўлмасдан, сиёсат, қонунчилик ва амалий фаолият соҳасида қўлланма вазифасини бажаради.
ХМТ ўзи фаолият юритаётган деярли 90 йиллик давр мобайнида илғор жамият ютуқлари саналмиш саккиз соатлик иш куни, оналикни муҳофаза қилиш, ижтимоий суғурта тизими, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги ва бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилиниши ҳамда амалиётга татбиқ этилишига бевосита ҳисса қўшди.
Бунда касаба уюшмалари билан иш берувчилар ўртасида ҳукуматлар вакилларининг иштирокидаги ижтимоий мулоқот ижтимоий-меҳнат соҳасидаги миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишнинг нафақат адолатли, балки энг самарали воситаси ҳам эканлиги ҳақидаги тезис ташкилотнинг бутун меъёрий ижодкорлик фаолиятида асосий йўналиш бўлиб келмоқда.
1998 йилда Халқаро меҳнат конференцияси меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар тўғрисида Декларацияни қабул қилди. Унда таъкидланишича, ХМТга аъзо давлатлар (улар тегишли Конвенцияларни ратификациялагани ёки йўқлигидан қатъи назар) фақат ХМТга аъзо бўлганликларининг ўзи сабабли ҳам меҳнат соҳасидаги фундаментал принциплар ва ҳуқуқларга “риоя этишлари, уларни қўллашлари ҳамда ҳаётга сидқидилдан татбиқ қилишлари” шарт. Бу асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар қуйидагилардан иборат:

  • меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг ташкилотга бирлашиш ҳамда жамоа музокараларини юритиш ҳуқуқи;
  • мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш;
  • болалар меҳнатини таъсирчан тақиқлаш;
  • меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишларни бартараф этиш.

Женевадаги Халқаро меҳнат бюроси (ХМБ) ХМТнинг доимий котибияти, қароргоҳи, тадқиқот ва нашриёт маркази ҳисобланади. Маъмурий-бошқарув функциялари маҳаллийлаштирилган бўлиб, улар минтақавий ҳамда маҳаллий бўлимлар ва бюролар томонидан амалга оширилади. Унга Маъмурий кенгаш томонидан тайинланадиган Бош директор раҳбарлик қилади.
1999 йилнинг март ойидан бошлаб Хуан Сомавия ХМТнинг Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда. У лавозимни эгаллаётганда ХМТнинг XXI асрдаги тўртта стратегик мақсадини эълон қилди. Булар:

  • меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар  ва ҳуқуқларни кенг тарқатиш;
  • бандлик;
  • ижтимоий муҳофаза;
  • ижтимоий мулоқот.

Ҳозирги вақтда жаҳоннинг 182 мамлакати ХМТ аъзоларидир.
1992 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси ХМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди. Ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон ХМТнинг 13 Конвенциясини (шу жумладан 8та асоссолувчи Конвенцияларнинг 7 тасини) ратификация қилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг
меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими

Ўзбекистон Республикаси  томонидан  ратификация  қилинган  Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари рўйхати

1). Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 1930 йилги 29-Конвенция*. (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
2). Қирқ соатлик иш ҳафтаси тўғрисидаги 1935 йилги 47-Конвенция. (1995 йил 6 майда ратификация қилинган).
3). Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисидаги 1936 йилги 52-Конвенция. (1995 йил 6 майда ратификация қилинган).
4). Жамоа музокараларини олиб бориш ва бирлашиш ҳуқуқи тўғрисидаги 1949 йилги 98-Конвенция. (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
5). Тенг ҳақ тўлаш  тўғрисидаги 1951 йилги 100-Конвенция*. (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
6). Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилги (қайта кўриб чиқилган) 103-Конвенция. (1995 йил 6 майда ратификация қилинган).
7). Мажбурий меҳнатни тугатиш  тўғрисидаги 1957 йилги 105-Конвенция*. (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
8). Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисидаги 1958 йилги 111-Конвенция*.  (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
9). Иш билан таъминлаш соҳасидаги сиёсат тўғрисидаги 1964 йилги 122-Конвенция. (1995 йил 6 майда ратификация қилинган).
10). Меҳнаткашларнинг вакиллари тўғрисидаги 1971 йилги 135-Конвенция. (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
11). Энг кичик ёш тўғрисидаги 1973 йилги 138-Конвенция*. (2008 йил 4 апрелда  ратификация қилинган).
12). Жамоа музокараларини олиб бориш тўғрисидаги 1981 йилги 154-Конвенция. (1997 йил 30 августда ратификация қилинган).
13). Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 1999 йилги 182-Конвенция*. (2008 йил 8 апрелда  ратификация қилинган).

Изоҳ. Юлдузча билан асоссолувчи конвенциялар белгилаб қўйилган.