Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи Марказий Осиёда Касаба уюшмалари фаолиятига доир ягона музейдир. Музей Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Рафиқов Қудратилла Мирсагатович ташаббуслари билан 2021 йил 10 ноябрда расман очилган. Унинг ташкил этилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “ЭҲТИРОМ” нишони соҳиби Ирисмуҳаммад Қосимович Абдукаримов ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Қисқа муддат ичида бу фидойи инсоннинг саъйи ҳаракатлари натижасида музейда 2000 га яқин экспонат тўпланди. Бугунги кунда Умарахунов Иркин Мирзахидович музей раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда
Шавкат МИРЗИЁЕВ Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тарихий манбаларга кўра, ишчи-ходимларнинг илк касаба уюшмалари XIХ асрнинг иккинчи ярмида тузилган. Аниқроғи, 1868 йили Англияда касаба уюшмалари конгресси, 1869 йилда Америкада “Меҳнат рицарлари” номли касаба уюшмаси ташкил этилган. Жаҳонда бундай тузилмалар шаклланишига, аввало, ишчи-хизматчилар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ниятида турли йиғин, тўгарак, ширкат ва уюшмаларга бирлашганликлари замин яратган. Масалан, 1860 йиллардаёқ Германияда ишчиларнинг социал-демократлар уюшмалари, христиан ишчилар уюшмалари, буржуа тараққий партияси намояндалари М.Гирш ва Ф.Дункер асос солган Гирш-Дункерчилар уюшмалари мавжуд бўлган. Россия империясида XIX аср охирига қадар қонуний мақомга эга ишчилар уюшмаларини очиш имконияти бўлмаган, фақат сафига кам сонли аъзоларни бирлаштирган “ўзаро ёрдам кассалари” тузилган, холос. Кейинчалик Урал ва Сибирда тоғ-кон заводи ишчилари ширкатлари вужудга келган. 1875-1876 йилларда Одессада народниклар (халқпарварлар) саъй-ҳаракатлари билан Жанубий Россия ишчилар уюшмаси, 1878-1880 йилларда Санкт-Петербургда Шимолий Россия ишчилар иттифоқи фаолият юритган. Ўша асрнинг 90-йилларда эса социал-демократик партия фаоллашуви самараси ўлароқ, Польша қироллиги, Шимоли-ғарбий ўлка, Санкт-Петербург ва Москвада ишчилар уюшмалари пайдо бўла бошлаган. Бироқ уларнинг барчаси норасмий ташкилотлар саналган. 1901-1903 йилларда эса, Россия империяси полиция департаментининг юқори лавозимли мулозими С.Зубатов ташаббуси ва чор ҳукумати рухсати билан Москва ва Санкт-Петербургда ходимларнинг илк қонуний уюшмаси – Механик ишчиларнинг ўзаро ёрдам жамияти ташкил топган. 1904 йили Санкт-Петербургда рус провослав черкови руҳонийси, сиёсий арбоб, нотиқ, касаба уюшмалари фаоли Георгий Гапон ташаббуси ва чор ҳукумати ижозати билан қонуний равишда Санкт-Петербург рус завод ишчилари йиғини очилди. Аммо у ишчилар подшоҳ Николай II га ўз шароитларини яхшилаш бўйича петиция топшириш учун намойиш уюштиришгани, эвазига оммавий қатл қилинганликлари туфайли 1905 йил 9 январда ёпилди. Бундан қатъи назар, рўй берган воқеалар ишчиларнинг ягона мақсад йўлида бирлашишига, ўз ҳақ-ҳуқуқлари завод, фабрика эгалари ва помешчиклар томонидан паймол этилишига қарши курашига тўсқинлик қила олмади. Салкам икки йил мобайнида бутун Россия бўйлаб ишчиларнинг юзга яқин жамоат ташқилотлари тузилди. Чунончи, 1905 йилнинг баҳор-ёз фаслларида Путилов, Обухов, Семяников номли заводларда, шунингдек, тикувчилар, косиблар, пойабзалчилар, новвойлар, соатсозлар, идора ишчи-хизматчиларининг илк касаба уюшмалари пайдо бўлди. 16 апрелда эса Санкт-Петербургда Полиграфия ишчилари иттифоқи ташкил этилгани қонунан расмийлаштирилди. Шунга қарамай, тез орада у маъмурий таъқибга учраб, ёпилиб кетди. Чор Россиясида касаба уюшмаларининг ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетиши ҳамда уларни тузиш ҳаракатининг кенг қулоч ёйиши ҳукмдор Николай II 1905 йил 17 октябрда имзолаган Йиғилишлар ва уюшмалар тузиш эркинлиги тўғрисидаги манифест билан боғлиқ эди. Чунки унинг 1-бандида “Аҳолига ҳақиқий шахсий дахлсизлик, виждон, сўз, йиғилишлар ва уюшмалар эркинлиги асосида фуқаролик эркинлиги асосларини тиклаш инъом этилсин” дейилган эди. Бу ёлланма ишчиларга ҳам янги имкониятлар эшигини очиб, касаба уюшмалари фаолияти учун қонуний асосларни тақдим этди. Ўша йил 19 ноябрда дурадгорлар, матбаачилар, тикувчилар, пойабзалчи-косиблар, тўқувчи-ўровчилар ва боғбонлар уюшмалари вакиллари Санкт-Петербург императорлик университетида дарс берадиган иқтисодчи ва тарихчи олим, касаба уюшмалари ҳаракати мафкурачиси ва илк касаба уюшмаси асосчиларидан бири Владимир Святловскийнинг Конногвардейский бульварида жойлашган уйдаги хонадонида йиғилиб, биринчи Санкт-Петербург ишчилар касаба уюшмаси Марказий бюросига пойдевор қўйдилар. Шу боис бу сана ҳозирга қадар Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти касаба уюшмалари куни сифатида нишонлаб келинади. 1910 йили Россияда ишчилар ҳаракати кучайди ва касаба уюшмалари тузиш учун курашлар авж олиб, 1917 йилгача жадал давом этди. Ўтган давр оралиғида касаба уюшмаси тузмаган ёки тузишга интилмаган бирорта ҳам корхона-ташкилот қолмади. Негаки, чор ҳукумати одамларни босим остида ишлатаётгани, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини мунтазам равишда топтаб келаётгани ишчиларнинг сабр косасини тўлдирган эди. Туркистонда ҳам касаба уюшмалари пайдо бўлишидан олдин ишчи-хизматчилар турли тўгарак, йиғин ва уюшмаларга бирлаша бошлагандилар. Таҳлиллар 1905-1907 йилларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида, ҳақиқатан ҳам, касаба уюшмалари фаолият юритганидан далолат беради. Олдингиларининг номида “касаба” сўзи мавжуд бўлмаса-да, улар табиати ва хусусиятига кўра, ишчи-хизматчилар томонидан ўз иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилгани, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масалалари билан шуғуллангани боис бошқа мамлакатлардаги ҳозирги касаба уюшмаларига тўла-тўкис мос келади. Совет тарихи энциклопедиясининг 14-томида битилишича, Туркистонда биринчи норасмий социал-демократлар тўгараклари 1903 йили Тошкентда, келаси йил Самарқандда пайдо бўлган. Умуман олганда, 1905 йил кузида Тошкентда ишчиларнинг 15 та тўгараги фаолият юритган. 1904 йили шу шаҳарда уюшма сифатида шаклланган Социал-демократлар уюшган гуруҳининг ишчи-хизматчилари кейинги уч йилликдаги иш ташлашлар ва намойишларда фаол қатнашганлар. Туркистон ўлкасида илк касаба уюшмаларининг дунёга келиши 1901 йили ҳар икки томондан ҳам бир вақтда бошланган Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темир йўл қурилиши билан боғлиқ, десак, янглишмаймиз. Тарих фанлари доктори, профессор Л.В.Гентшкенинг фикрича, 1905 йил кузида Бутунроссия темир йўл уюшмасининг Туркистон бўлими ташкил этилган. Орадан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас, у Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темир йўлларининг 8 минг нафар ишчи-ходимини ўз сафига қамраб олган. Аслида Туркистон ҳудудига темир йўллар анча олдин кириб келган. 1880 йили Каспийорти темир йўлини барпо этиш бошланиб, 1885 йилда у Ашхободга, 1886 йилда Чоржўйга, 1888 йил кўклами ниҳоясида Чоржўйдан Амударё кўприги орқали Самарқандга уланган. 1888-1900 йилларда Красноводск – Тошкент, Черняево – Андижон линиялари қурилган. Бироқ бу ишлар ҳарбий қисмлар аскарлари томонидан бажарилган. Бинобарин, шу даврга қадар амалга оширилган темир йўллар қурилишида ишчи-хизматчилар иштирок этишмаган ва уларнинг уюшмалари бўлмаган. Ўлкамиздаги илк касаба уюшмалари узоқ давом этган иш ташлашлар, ноқулай меҳнат шароитлари ҳамда ишчи-ходимларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари оёқости қилинишига боғлиқ норозиликлари оқибатида юзага келган. Айни чоғда, бу меҳнаткашлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари учун курашганини англатади. Хусусан, улар маошлари муддатида берилмаганидан, ҳақ тўланмайдиган ва иш вақтидан ташқари қўшимча ёки байрам кунларида меҳнатга жалб этилишларидан норози бўлишган. Ўз шартлари бажарилишини талаб қилган ҳолда, вақти-вақти билан заводда ва темир йўлларда ишни тўхтатиб қўйишган. Масалан, 1905 йил февралида Ўрта Осиё темир йўлларининг Тошкентдаги бош устахонасида йирик иш ташлаш уюштирилган. У Фарғона водийсида ҳам худди шундай кўтарилишлар содир бўлишига доялик қилган. Бу янглиғ қалтис ҳаракатлар ва уларнинг оқибат-натижалари ҳафталик газеталарда ёритиб борилган. Жумладан, “Туркестанские ведомости” хабарига қараганда, 1905 йил февралида Оренбург – Тошкент темир йўлининг тахминан 400, Ўрта Осиё темир йўли Тошкент бош устахоналарининг қарийб 800 ишчиси ўз ишларини тўхтатиб, раҳбарият олдига қуйидаги талабларни қўйишган:Ушбу бўлимда касаба уюшмалари ташкил этилишига қадар, уларнинг прототипи бўлган яширин касбий тўгараклар ҳақида ҳикоя қилувчи, Миллий архивда 100 йилдан ортиқ давр мобайнида “махфий” грифи билан сақланган тарихий ҳужжатларнинг нусхалари, касбий йўналишдаги илк уюшмаларнинг ташкил этилиши, дастлабки уюшмалараро касаба ташкилотлари, Туркистон Республикаси касаба уюшмаларининг I-,II қурултойлари, янги иқтисодий сиёсатга ўтиш давридаги касаба уюшмалари фаолияти, маданий-маърифий йўналишдаги ишлар, биринчи Халқ университетининг очилиши ҳамда Туркистон аёлларини янги ҳаёт қурилишига фаол жалб этишда касаба уюшмаларининг тутган ўрни ҳақидаги материаллар билан танишасиз. Бундан ташқари жадидлар ҳаракати вакили, маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг касаба уюшмаларидаги фаолияти, шу билан бир қаторда, 1924 йил 27 октябрда илк бор жаҳон харитасида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилгани тўғрисидаги маълумотга эга бўласиз
Уч қисмга бўлиб ўрганилади
1 қисм “1925-1941-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ” 2 қисм “1941-1950-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ВА УРУШ АСОРАТЛАРИДАН ТИКЛАНИШ ЙИЛЛАРИДА” 3 қисм “1951-1991-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФАОЛИЯТИ”Қуйидаги бўлимда Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида (1991-2016 йиллар) Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ ва ҳудудий ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини тузиш тўғрисидаги ДЕКЛАРАЦИЯ, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг XV Қурултойи (Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси II Қурултойи), 2000-2016 йилларда бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси III, IV, V, VI, VII Қурултойлари, 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонуни, 2004 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг энг олий мукофоти “ЭҲТИРОМ” кўкрак нишонининг таъсис этилиши, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув ҳужжатининг асл нусхаси каби экспонатларни кўришингиз мумкин.
Ушбу бўлимда юқоридаги бўлимлардан фарқли равишда экспозициялар Ўзбекистон касаба уюшмаларининг фаолият йўналишлари бўйича жойлаштирилган, бўлимда Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг ташкил этилиши, “Касаба уюшмалари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси структураси, тармоқ ва ҳудудий ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги экспозициялар билан бошланади.
Шунингдек, ушбу бўлимда 2020 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи, Ўзбекистон касаба уюшмалари куни таъсис этилганлигининг бир йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табриклари, 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этилиши тўғрисида маълумотлар ҳам ўрин олган. Музейнинг ҳар бир бўлими замонавий электрон ахборот узатувчи воситалар билан жиҳозланган бўлиб, уларга мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қарийб юз йилдан ортиқ тарихи тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган. Музейда Ўзбекистон касаба уюшмалари нашри бўлган “Ишонч” газетасининг илк сонидан то бугунги кунгача бўлган сонлариининг электрон варианти билан ҳам танишиш имконига эга бўласиз.