Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Қалбларга умид бағишлаб

11.01.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўгрисида”ги Қарори эҳтиёжманд инсонларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш имконини бермоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунга қадар республика бўйича 22 минг 155 та оила кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 851 нафар бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун 2 миллиард 191 миллион сўмдан зиёд, 1307 та оилага уй-жойини таъмирлаш учун эса 8 миллиард 577 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Дарҳақиқат, бугун мамлакат миқёсида ижтимоий ҳимояталаб, кўнгли ярим инсонларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар  баҳраманд бўлмоқдалар. Энг муҳими кўрсатилаётган амалий ёрдамлар энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилмоқда.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Олмазор туманида ўтказилди. Тадбирда туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, замонавий кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангтотгич ва кичик печлар билан таъминланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳудудларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар бугунгача Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг барча туман ва шаҳарларида бўлгани каби Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Миробод, Яккасарой, Юнусобод, Сирғали каби туманларида ҳам ўтказилди. Пойтахтимиз туманларида ўтказилган мазкур тадбирлар доирасида 900 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояталаб, ногирон оила аъзосини парваришлаётган, боқувчисини йўқотган оилалар замонавий маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри миқёсида 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаш, 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмокда.

— Мазкур хайрли ишларнинг аввалида эҳтиёжманд оилаларни кундалик турмушда зарур маиший-техника жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлашда кўмакка муҳтож инсонларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди, —  деди Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши бўлим мудири Равшан Махамадалиев. —  Ҳозирда эса кам таъминланган оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, турар-жойларини таъмирлаш, оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Олмазор туманида ташкил этилган тадбир доирасида тумандаги “Аллон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардан бири – 1-гуруҳ ногирони Машкура Ваҳобова холидан хабар олиниб, унга замонавий кир ювиш машинаси ҳадя этилди.

– Мамлакатимизда Президентимиз томонидан оддий одамларга кўрастилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бизнинг хонадонга ҳам етиб келди, – деди ҳаяжонини яшира олмай Машҳура Ваҳобова. – Бундан кўнглимиз тоғдек юксалди. Ўзим ва ўғлим ногиронлигимиз туфайли кўнглимиз ўксик эди. Ҳозир эса ўзимда алланечук куч пайдо бўлиб, фаол ҳаётга кириб келгандек бўлдим. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтамиз, қўлларимиз эса доимо дуода – юртимиздаги тинчлик-осойишталик абадий бўлсин, бундай хайрли ишларни амалга ошираётган Давлатимиз раҳбари омон бўлсинлар.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда амалга оширилаётган мазкур тизимли тадбирлар аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, энг муҳими оддий одамларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!