Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Расмларда акс этган бахтли болалик

15.06.2023. – Мен оромгоҳда биринчи марта дам оляпман, Чиноз туманидан келганман, – дейди 11 ёшли Мафтуна Ёдгоралиева. – Бу ерга келган куним бегона мухитга, болаларга кўниколмадим. Кейин тезда дўстлашиб кетдик. Оромгоҳнинг гўзал табиати, меҳрибон тарбиячилар ва турли хил тўгараклар менга жуда ёқди.

Мусобақа шартига кўра, ҳозир “Бахтли болалик” мавзусида расм чизяпман. Мен бахтли болалик деганда ота-онаси билан бирга кулиб турган болаларни тасаввур қиламан…

Бўстонлиқ туманидаги “Ниҳол” оромгоҳида Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда 150 нафар дам олувчи болалар ўртасида «Беш ташаббус» доирасида турли мусобақалар ўтказилди.

Айниқса, болаларнинг “Бахтли болалик” мавзусидаги қоғозга, асфальтга расм чизиш орқали намоён этган тасаввурлари кузатувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

-Болалар билан ишлаш бошқача, -дейди оромгоҳ директори Иброҳим Нурметов. – Уларнинг ҳар бири беғубор. Биринчи келган куни мухитга сал киришолмай турган болалар иккинчи кунидан бир-бири билан дўстлашиб кетишади. Эътиборлиси, дам олиш муддати тугагач, кетишни истамаган, ҳатто кўз ёши қилиб, келаси йил ҳам албатта келишини айтиб кетган болаларни кўп кузатаман. Бу энг катта ютуғимиз десак, муболаға бўлмайди. Демак, болаларнинг кўнглини олишни уддалабмиз, бундан бизнинг ҳам кўнглимиз тоғдек кўтарилади…

Шунингдек, тадбирда шаҳмат, шашка, стол тенниси, “Моҳир қўллар” каби тўгаракларнинг фаол иштирокчилари ўртасида ўтказилган мусобақаларда болаларнинг истеъдоди, интеллектуал салоҳиятлари яна бир бор синовдан ўтказилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Лола Холмўминова бошчилигидаги масъуллар томонидан ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг, тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди.

Холида Эгамбердиева