Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танлови бўлиб ўтди

13.07.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” номинацияси бўйича Республика  босқичи ўтказилди.

Унда Кимё ва фармацевтика саноати тармоғи тизимидаги корхона ва ташкилотларда ўтказилган дастлабки босқичларда ғолибликни қўлга киритган        10 нафар ёш кимёгар ўз ихтиролари ва ишланмалари билан иштирок этди.

Мазкур танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, ўзи танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ҳамда технологияларини ҳаётга татбиқ этиш орқали янги иш ўринларини яратишдан  иборатдир.

Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, мазкур лойиҳаларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигини оширишдаги аҳамияти, ёш мутахассислар инновацион ишланмаларининг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблиги ҳамда уларнинг республикамиз илм-фани, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими танлов орқали ёш мутахассислар ўзаро тажриба ва инновацион фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.

– “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танлови биз ёш тадқиқотчиларга янги имкониятлар эшигини очди, – дейди “Навоийазот” АЖнинг ишлаб чиқаришни муоффиқлаштириш ва маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Хотам Ёриев. –Хусусан, янги-янги ғояларимизни амалга оширишга, ёш тадқиқотчи дўстларимиз билан ўзаро тажриба алмашишга шароит яратди. Ўйлайманки, бизнинг тадқиқотларимиз келгусида юртимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилади.

Қизғин тақдимот ва мунозараларга бой ўтган кўрик-танлов якунига кўра ҳакамлар ҳайъати томонидан 1-ўринга “Навоийазот” АЖнинг ишлаб чиқаришни муоффиқлаштириш ва маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Хотам Ёриев, 2-ўринга “Фарғонаазот” АЖнинг Илмий ривожлантириш бошқармаси ташаббус гуруҳи етакчи мутахассиси Отабек Мадаминов, иккита 3-ўринга эса  “Максам-Чирчиқ” АЖнинг Катализтор цехи бошлиғи Арсен Алиев ҳамда “Деҳқонобод калий заводи” МЧЖнинг Янги инновацион ғоялар ва технологиялар хизмати инновация бўйича муҳандиси Муродулла Пўлатов сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, барча иштирокчиларга рағбатлантирувчи мукофотлар тақдим этилди.

Click to listen highlighted text!